ИСЛОҲОТЛАР- ЮТУҚЛАРИМИЗ АСОСИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримиз (с.а.в) га салавотларимиз бўлсин!
Жонажон Ўзбекистон Республикамиз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлашга ҳам саноқли кунлар қолди. Мустақиллик йилларида хусусан, кейинги уч –тўрт йилда мамлакатимиздаги барча жабҳаларда ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Шу жумладан диний соҳада ҳам катта ютуқлар қўлга киритилди. Бу ютуқлар асосан Президентимизнинг ташаббуслари билан бўлаётган ислоҳотлардир.
Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг “ Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “ Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” фармон ва қарорларини чиқиши диний соҳада янги ислоҳотлар қилишга асос бўлди.
Тошкент шаҳрида Ислом цивилизация маркази, Самарқандда “Калом ва ҳадис” мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадраси ва Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби, Фарғонада “Ислом фиқҳи” мактаби, Сурхандарёда “ Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот” маркази ва янги мадраса ва масжидлар, вилоятимизда эса “ Абу Муъин ан-Насафий” номидаги “Ақида илми” мактаби очилди.
2020 йил 11 август куни Давлатимиз раҳбарининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази”ни ташкил қилишдан мақсад Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби Ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялашдир. “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини тузилиши ҳам диний соҳада яна бир янгилик ва катта муваффаиқиёт бўлди десак, адашмаган бўламиз.
Ҳозир коронавирус пандемия хасталиги бутун дунё халқлари соғлигига хавф солиб турган пайтда диний соҳада хизмат қилаётган ходимларни ҳар томонлама қўллаб қуввватлаш учун ёрдам маблағи берилди. Бу ёрдам маблағлар Қурбон ҳайити арафасида республакамиздаги барча диний ходимларга бориб етиб, уларни чексиз қувонтирди.
Юртимизда биз фуқароларга қилинаётган бундай ғамхўрликлар, амалга ошаётган ислоҳотлар шунчаки эмас, балки шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг соғлиги, келажаги, шу юртнинг тараққиёти, фаравонлиги учун қилинаётган ишлардир.
Шу сабабли албатта, биз кўрсатилаётган барча ғамхўрликлар, барча соҳада қилинаётган ислоҳотлар учун Давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирган ҳолда уларнинг ҳақларига дуолар қиламиз. Қўлимиздан келганча юртимизнинг тинчлиги, осойишталиги ва фаравонлиги йўлида хизмат қиламиз.
Яқинлашиб келаётган байрам барчамизга муборак бўлсин! Юртимизни Аллоҳ таоло Ўз паноҳида асрасин!
Р. АКБАРОВ,
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими