ТАҚВИМНИНГ МУСУЛМОН ҲАЁТИДАГИ АҲАМИЯТИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Тақвим сўзи араб тилида замоннинг йил, ой ва кунларини ҳисобга олишни англатади.
Ислом оламида асосан ҳижрий қамарий тақвмидан фойдаланиб келинади. Ҳижрий қамарий тақвим – Ернинг табиий йўлдоши Ойнинг бир ойлик аниқ ҳаракати – 29 кун 12 соат 44 дақиқа 2 сония муддатга асосланади. Ойнинг ғарбда ўроқ шаклида кўриниши ҳижрий қамарий йилнинг ой боши ҳисобланади. Ойнинг яна шу ҳолатга қайтиб келишигача ўтган бир ойни ташкил қилади. 29.5 куннинг 12 соати ҳар икки ойда бир кун қилиб қўшиб борилади. Шунинг учун ҳижрий қамарий тақвимида тоқ ойлар 30кун, жуфт ойлар 29 кун қилиб белгиланган. 12 соатнинг қўшимчалари(44 дақиқа 2 сония) тўрт йилда йиғилиб бир кун бўлади ва у кабиса йилининг ўн иккинчи ойи охирига 29 кунни 30 кун қилиб қўшиб қўйилади. Ҳижрий қамарий тақвимида оддий йил 354 кун, кабиса йили 355 кун бўлади. Ҳижрий қамарий тақвими хазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида жорий қилинган бўлиб, унда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган йиллари асос қилиб олинган.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси томонидан ҳар йил бошида мўмин мусулмонларимиз учун йиллик тақвим нашр этилиб борилади.
Шу ўринда бир савол туғилади. Нашр этиладиган тақвимнинг мусулмон ҳаётида қандай аҳамияти бор? Жавоб тариқасида тақвимнинг иккита энг муҳим аҳамиятини келтириб ўтамиз:
Биринчиси: Мусулмон ҳаётида қиёмат кунида ундан ҳисоб китобда биринчи сўраладиган намоз энг муҳим ўрин эгаллайди. Намоз эса шариат белгилаган вақтда адо этилиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, намоз мўминларга ўз вақтида фарз қилинди”(Нисо сураси, 103-оят) деб марҳамат қилган. Намоз вақтларининг кириши ва чиқиши табиат ўзгаришларига(масалан, тонг отиши, қуёш чиқиши, қуёш тиккадан заволга кетиши, қуёш асл соядан ташқари икки бўй баробарига келиши, қуёш ботиши кабиларга боғланган бўлсада, ҳамма намозхон ҳам намоз вақтини бу ўзгаришларга асослаб аниқ ва тиниқ белгилашга илмий қуввати етавермайди. Нашр этиладиган тақвим эса бу хусусда намозхон учун беминнат маёқ вазифасини ўтайди.
Иккинчиси: Ҳижрий йил 12 ойдан иборат бўлиб, шулардан кўпчилик ойларнинг фазилати ва ўша ойларда қилинадиган фарз, суннат ва мустаҳаб амаллар мавжуд. Мусулмон киши ойлар фазилати ва ундаги фазилатли амаллар ажру-савобидан мосуво бўлмаслиги учун ўша ойларнинг кириш санасини ёки ўша ойларнинг муаййан белгиланган фазилатли кунларини кириш санасини билиши керак. Тақвим эса бу хусусда беминнат маёқ вазифасини ўтайди.
Бир неча кун олдин Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси тасарруфидаги “Шамсуддунхон Бобохонов” номидаги нашриёт-матбаа уйи томонидан махсус ҳимоя белгиси билан янги 2020-2021 йиллар учун мўлжалланган йиллик тақвим нашрдан чиқарилди. Катта изланишлар ва жиддий эътибор билан уламоларимиз томонидан пухта ва пишиқ ишланган бу тақвим мўмин- мусулмонларимизга манзур келади, деган умиддамиз.
Рустам Қиличев
ЎМИ Қашқадарё вилоят
вакиллиги ходими