САБР - ХОТИРЖАМЛИК МАНБАИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Сабр - тоқатли бўлиш, ҳаёт ва унинг азалий низомига мувофиқ келувчи хислатдир.Инсон учун бу дунё турли хил синовдан ўтиш осон эмас, у ҳаёт қийинчиликлари ва машаққатларига сабр- тоқат қилиши лозимки, бу билан у Аллоҳ таолога қурбат- яқинлик ҳосил қилади.
Ер юзида ризқ- насибасини териб юрган банда борки,бундай синовга дуч бўлиши муқаррар. Баъзан у гуноҳ ва хатоликка йўл қўйиб, кейин ўзини ислоҳ килиш йўлини тутади. Ундаги ҳар бир саъй-ҳаракат, муваффақият,муаммою-ташвишларнинг катта -кичиклиги сабр-бардош ва тоқатига қараб амалга ошади. Шунинг учун Ислом ҳаёт синовларига учраганларни ҳурмат қилиш, уларнинг ғам-андуҳларини енгиллатиш, хотиржам бўлишлари учун тасалли ва таскин бериш йўлини тутишга буюради.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаламнинг қуйидаги ҳадислари ҳолатни тушунишга ёрдам беради. "Качонки,Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларни синайди. Ким рози бўлса, розилик кўради,ким норози бўлса, норозилик топади"(Термизий ривояти).
Ислом дини бало аҳли ва ташвиш соҳибларини босиқ ва вазмин бўлишликларини тарғиб қилади. Ислом дини уларга чекаётган дардлари, дуч келаётган қийнчиликларини зикр қилар экан,бу имтиҳонга тааллуқли эканлигини таькидлайди.Бу имтиҳондан дод -фарёд,норозилик билан эмас, тан беришлик ва тоқат -чидам билан ўтиш лозимлигини уқтириш учун мазкур азоб-уқубатларни билдиради.
Аллоҳ таоло ҳаммамизга сабр ва хотиржам ҳаёт бахш этсин.
Н. АБДИЕВА
Муборак туман бош отинойиси