1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

КИБРНИНГ АСЛ ҲАҚИҚАТИ

28-08-2020, 01:37 503 Ўқиш режими + -


КИБРНИНГ АСЛ ҲАҚИҚАТИ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Иллатлар ичида шунақанги бир иллат борки, у шайтоний разил хулқ ва хислатлар ичида энг қабоҳати бўлиб, у  кимга тегса ўз соҳибини  мағрурлантирадиган, ўзганинг фазли ва ўрнини билиш келганда кўзни кўр қилиб қўядиган, ўз соҳибини ҳақдан тўсиб,  ҳалокат жарига етаклайдиган – кибр ҳаводир. Бу иллатни шайтон нафси касалларга   зийнатлаб қўяди.

Хўш кибрнинг асл ҳақиқати нима? 

Бу саволнинг жавобини  ҳадисдан топамиз. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:   “Қалбида заррача кибри бор одам жаннатга кирмайди”, деб. Шунда бир киши: “Кимдир кийими чиройли бўлишини ва пойафзали чиройли бўлишини ёқтиради” деди.  Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради. Кибр-бу ҳақни инкор қилиш ва одамларни ўзидан паст санашдир” дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Қалбдаги кибр - инсонга ҳақиқат рўбарў бўлганда уни   қабул қилишдан киши ўзини тортиш, ҳақиқатга паст назар билан қарашни тушунилади. Киши дунё зийнатига берилмай деб юпун, жанда кийинса-ю лекин, унга кимдир ҳақни айтганда уни қабул қилишдан бош тортса,  бу ҳам айни кибрнинг ўзидир.

Қоридаги ҳадисдан кўринадики, мусулмон киши чиройли кийинишни, чиройли маркаб минишни, уйини чиройли қилиб қуришни ёқтиради ва  бундай ишлар исрофга йўл қўйилмай қилинса киши дини учун ҳеч қандай зарари йўқ. Аммо, бунга ўхшаш ишларни  одамлардан ўзини устун қўйиш мақсадида қиладиган бўлса  бу энди кибр бўлади. 

Кибрларнинг хатарлиси бу Аллоҳнинг шариатига кибр қилишдир.   Бировнинг хато ёки гуноҳини  оят ва ҳадислар асосида исботлаб  ундан қайтарилганда йўқ жойлардан киши узр ахтариб қолса бу кибрнинг хатарлисидир.

Бир ҳадиси шарифда қуйидагича келтирилади: “Кунларидан бирида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир кишини чап қўли билан таомланадиганини кўриб: “Ўнг қўлинг билан егин” дедилар.  Ҳалиги киши: “Ундай қилолмайман” деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ўшандай қилолмагин ҳам” дедилар. (Ҳалиги киши ўнг қўли билан таомланишга қодир эди.  Лекин шариат амрига бўй сўнишга) кибри йўл қўймади. Бирданига ўнг қўли шол бўлиб қолди” (Имом Муслим ривояти)

Биз мўмин мусулмонлар  ҳоксорликни ўзимизга лозим тутиб, кибрнинг ҳар қандай кўринишидан ўзимизни узоқ тутишимиз лозим.

Рустам Қиличев

ЎМИ Қашқадарё вилоят

вакиллиг ходими