1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ

30-08-2020, 19:15 1 276 Ўқиш режими + -

 


ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ

 

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ота-она ризолигини топишдаги енг муҳим қадам бу уларга ихлос билан яхшилик қилишликдир. Чунки, ихлос билан беминнат қилинган яхшиликгина ажру савобга ноил бўлади. Аллоҳ таоло ота-она ҳақида нозил қилган ояти карималарида уларга яхшилик қилиш, яхши сўз айтиш ва яхши муомалада бўлишга  буюради. 

Беҳад меҳрибон Аллоҳимиз ота-оналаримизга яхшилик қилишга буюрар экан бу бежизга эмас албатта. Ҳар  бир ота-онанинг бундай ҳурмат ва эътиборга ҳаққи бор. Ёшлик пайтларини тушунса бўлади, лекин ёшлари ўтиб қарилик етганида, соч-соқоллари оқариб, бадан ва суяклари ҳам нозиклашиб қолган пайтларида худди шундай нозик ва ҳассос муомалага муҳтож бўлиб қолишларини, бу кенг дунёда ҳеч нарсага эмас, балки бир парчагина меҳрга зор бўлишларини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу меҳрни, энг аввало, ўзининг жигарпорасидан кўтаётган бўлса-чи?

Асмо розияллоҳу анҳо шундай ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Аллоҳга иймон келтирмаган онам ёнимга келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Онам мени соғингани ва севгани учун ёнимга келмоқда. Унга яхшилик қилиб, чиройли муомала қилсам бўладими?” деб сўрадим. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, онангга яхшилик  қилгин ва чиройли муомалада бўлгин”, дедилар.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)

Ота-онага хизмат ва яхшилик қилишда хато-камчиликка ҳам йўл қўймаслик керак. Ҳазрати Ибни Аббос розияллоҳу анҳу бу борада шундай деган: “Шикаста ва заиф хизматкор қаттиққўл, баъдфел хўжайини олдида ўзини қандай тутадиган бўлса, сен ҳам ота-онаннга хизмат қилишда худди шундай ҳолатда бўлгин.” 

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ:

“Отанинг ҳузурида худди сотувчи ва олувчининг ўртасидаги хизматчига ўхшаб турмаган одам отасининг ҳаққини адо қила олмайди”, дейди. 

Ислом олимларидан бўлган Ибн Шурайҳ раҳматуллоҳи алайҳ талабаларига масжидда таълим бериб турганларида оналари келиб: “Ўрнингдан тур! Товуқларга дон бер!” десалар, дарҳол оналарига итоат қилиб, дарсни тарк этиб ҳузурларига борар эканлар. “Онажон узр, мен дарс беряпман, бироздан кейин бажараман, ҳозир вақтим йўқроқ эди, кейинроқ қиламан...” деган важларни қилмаганлар. 

Аслида ота-онага хизмат ва яхшилик қилишда фарзанд ўзини қандай тутиши кераклигини, мана шу азизларнинг ҳаётларини ўрганиб, билиб олишимиз лозим. Ўтмишдаги олиму фузалоларимиз, азизларимизнинг ҳолу ҳаёти ҳар биримиз учун етарлича дарс бўлиши даркор.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинади:

– “Кишининг ўз ота-онасини ҳақорат қилиш буюк гуноҳдир” дедилар. Буни эшитган саҳобалар:

– Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам ўзининг ота-онасини қандай қилиб ҳақорат қилиши мумкин? – деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

– Кимдир бошқа бировнинг ота-онасини ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади. У одам эса бунинг ота-онасини ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий)                      

Ривоят. Ҳишом бин Урва розияллоҳу анҳу отасидан шундай нақлни ривоят қилади:

“Ота-онасини лаънатлаган, кўзлари кўр бўлган кишининг йўлини  кесиб, уни йўлидан чалғитган, ҳайвонни Аллоҳнинг номидан бошқа ном билан сўйган, ўзининг томорқаси ва қўшнисининг ери орасидаги ҳудудни хоинларча бузган киши лаънатлангандир”.

Юқоридаги ҳадис ва ривоятда диққат қилиниши лозим бўлган муҳим бир жиҳат бор. Бас шундай экан ҳар бир фарзанд ўзини юриш-туриши, гап-сўзларини назоратга олиши, бошқа бировларнинг дилини оғритиб қўмайсликка ҳам қаттиқ аҳамият бериши даркор.

Худди шунингдек, унинг хайрли амаллари туфайли олган яхши дуо ва мақтовлари ҳам савобидан ҳеч нарса камаймаган ҳолда ота-онасига етказиб турилиши манбаларда ёзилган. Демак, нафақат ўзининг, балки бошқа бировнинг ота-онаси ҳақида ҳам ёмон гап-сўзларни гапирмаслик, уларнинг ҳам ҳурматини жойига қўйиш, керак бўлса ҳар қандай ёрдамини аямаслик  мўминнинг фазилатидан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам гарчи иборада шарқона таълим-тарбия деб юритилса-да, аслида исломий таълим-тарбияда ёш фарзандларнинг юриш-туришидан тортиб, еб-ичишигача бўлган ҳар бир хатти-ҳаракатларида маълум қоидалар, тартиботларга мутлақо риоя қилиш зарурлиги таъкидлаб келинган. Қолаверса, шарқ ва ғарб фалсафаси деган тушунча ва ибораларнинг бир-бирини қабул қила олмайдиган нозик нуқтларидан бири ҳам айнан шу масалада ўз ифодасини топади. Бу жуда ҳам кенг мавзу бўлиб, шу ерда бироз масалани тушунтириб ўтишга ҳаракат қиламиз.         

Шарқ таълим-тарбия усулида ота-она фарзанд учун энг азиз ва мўътабар зотлар сифатида ўргатилади. Уларнинг манффатини ўзиникидан устун деб билиш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, ҳар доим хизматларига шай туриш, ўзи учун раво кўрадиган нарсасини аввало уларга раво кўриш, ўзини қандай покиза тутса уларни шундай пок ва тоза ҳолда асраш, умрларининг охиригича ва бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин то ўзининг умри охиригача ҳам уларнинг ҳаққига дуои хайрда бўлиш каби тушунча ва ғоялар энг олий инсоний қадрият, юксак фазилат намунаси ҳисобланади.         

Худди мана шу ғоялар асосида шаклланган таълим-тарбия услублари ўзининг барча жиҳатлари билан ғарб ва бошқа дин вакиллариникидан тубдан фарқ қилади. Масалан, бугунги ғарб таълимоти тушунчасида ҳам ота-она фарзанд учун азиз инсонлар деб ўргатилса-да, уларга бўлган муносабат маълум қонун-қоидалар, вақтлар оралиғида ўзгача кўринишда талқин этиб борилади. Жумладан, болани ёшлигидан бошлаб то катта бўлиб мактаб ёшига етгунича ота-онаси тарбиялаб боришга мажбур. Агар бунга ота-онанинг имкони бўлмаса ҳамма жамиятларда бўлгани каби бу ишни давлат ўз зиммасига олади. Мактаб ёшидан бошлаб у ёғига эса боланинг бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлари пайдо бўлиб, унинг “ҳур ва эркинлигини”, “таълим-тарбиясини” таъминлаб беради. Ривожланган жамиятларнинг айнан мана шу тартиб-қоидалари вақт ўтиши билан ўзини оқламаганини кўрсатмоқда.         

Болалар ҳуқуқини таъминлаб берувчи қонун бугун дунёдаги қарийиб барча давлатларда қабул қилинган. Гарчи улардаги меъёрлар бир-бирига жуда ҳам ўхшаш бўлса-да, нормаларнинг амлиётга жорий этилишида бир-биридан фарқ қилади. Бугунги ғарб оламида балоғат ёши атрофидаги бола учун қотиллик содир этиш, куч ишлатиш орқали заиф томоннинг қаршилиги бўлган ҳолда зино қилиш, жамоат тартибини бузиш, турли алкоголь ичимликларни белгилаган меъёрдан зиёд истеъмол қилиш оқибатида жамоат тартибига зиён етказилса, бу ҳолатлар ҳад меъёрлари қўпол равишда бузилгани боис жиноят аломати деб қайд этилади. Лекин турли кайф берувчи, дорихоналарда расмий рухсат берилган нарсларни чекиш, спирт даржаси паст бўлган алкоголь ичимликлар истеъмол қилиш, кечги клубларда алламаҳалгача юриш, турли расмий ишратхоналарда ўз эҳтиёжини қондиришга ўхшаш одатларни тегишли назоратчилар кўзига ташланмасдан меъёрида бажариб юриш, оддий ҳаёт мезони деб қаралади 

Айтайлик балоғат ёшига етган қизининг эркак дўсти билан диванда қучоқлашиб ўтириши ишдан ярим кечаси қайтиб келган ота ёки онада ҳеч қандай салбий фикрларни уйғотмайди. Тўғрироғи бундай фикрни уйғотмаслиги керак. Аксинча бу ривожланган ғарбона маданиятнинг бир қисми бўлиб, инкор этилиши жуда ҳам қийин бўлган жамият нормаларидан бири ҳисобланади. 

Ёки бўлмасам компьютерида турли ахлоқ меъёрларига зид фильм ва тасвирларни кўргани учун боласини жазога тортмоқчи бўлган ота-онаси устидан боланинг полицияга шикоят қилиб, уларни жазога торттириши ҳам ана шу тараққий топган жамиятнинг ахлоқ нормаси ҳисобланади. Бу билан боланинг маълум ҳуқуқлари таъминланади, шу ҳуқуқи билан ўзини “мен эркин ва ҳимоядаман” деб ҳис этади. Лекин ота-она ва бола ўртасидаги илоҳий ҳикматга асосланган самимий ва меҳрли муносабатлар нима бўлади? 

Оммавий маданиятни ёппасига рад этиб бўлмайди. Унинг ҳам қабул қилиниши зарур бўлган томонлари мавжуд. Ғарбнинг ҳам бошқа ривожланган жамиятларнинг ҳам инсон ҳаёти фаровонлиги, жамият тараққиёти учун хизмат қилувчи ҳар қандай тартиб-қоидасидан фойдалиниш, уларни яшаш муҳитига қараб мослаштириш (имплиментация қилиш) бу фақат фойда келтиради. Уларни қабул қилмаслик ёки инкор этишлик бу тараққиётни буғиш ва унинг ривожига тўсиқ бўлишдан бошқа нарса бўлмай қолади. Масалан, ғарбдаги аниқ фанлар соҳасидаги тараққиёт билан осиёнинг тиббиёт соҳасида қўлга киритаётган ютуқларини, ривожланган давлатлар ахборот-коммуникация соҳасида эришилаётган сўнгги марраларни қабул қилмасликнинг иложи йўқ. Буларсиз жамиятнинг айнан шу соҳаларини ривожлантириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳар йили амалдаги қонунларга қўшимчалар қиритилади, зарур бўлса янги қонун-қоидалар қабул қилинади. Бу ҳар доим ҳам шундай бўлиб келган. 

 Ҳикоя. Машҳур “Ҳидоя” асари соҳиби Шайх-ул-Ислом Бурҳониддин Марғилоний ҳазратлари ҳикоя қиладилар:

Бухоронинг буюк имомларидан бири, дарс мажлисида ўтирганларида, дарс орасида баъзан туриб ўтирар экан. Шу ҳақда ундан сўрашибди. Ул зот: “Устозимнинг ўғли болалар билан кўчада уйнаб юрибди. Аҳёнда масжид эшигига келиб кетар эди. Уни ҳар кўрганимда устозимнинг таъзими учун унга ўрнимдан турар эдим”, дебдилар”.

Мана тарбия, мана устозга бўлган ҳурмат. Устоз ота каби, улуғ зот дейди халқимиз. Бу тарбия, бу одоб қаердан олинган, асоси қаерда буларни?   

“Шарқона” таълим-тарбиянинг бошланғич нуқтаси ҳам охири ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўрсатиб ўтилган амр ва насиҳатларга асосланади. Одоб-ахлоқ меъёрларимиз пойдеворининг мустаҳкамлиги ва таълим-тарбиямиз устунлиги ҳам айнан шундандир.

 


Бобур  домла Раҳмонов,

Қарши шаҳар “Кўк гумбаз” жомеъ

 масжиди имом-ноиби