Қатода ибн Нўъмон Авс қабиласининг Бану Зуфр уруғидан. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга иккинчи Ақобада байъат берган етмиш ансорйдан бири. Ўшанда барчалари Набий алайҳис саломга ёрдам бериш, у зотни ўз аҳлларни асрагандек ҳимоя қилишга онт ичишди. Шундай бўлди ҳам. Барчалари ваъдаларига содиқ қолишди. Уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин.
Қатода ибн Нўъмон
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Имом Воқидий, Мусо ибн Ақба, Абу Машъар ибн Балхий ривоятлари Қатоданинг иккинчи ақобада қатнашганини тасдиқлайди. Фақат ибн Исҳоқнинг ривояти бундан мустасно. Қатода ибн Нуъмон Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг она бир укасидир. Оналар Аниса банти Қайс Нажжория Хазражия.
Қатода ибн Нуъмон Исломни илк қабул қилган ҳамда Мадинада Қуръони каримнинг Марям сурасини тўлиқ ёд олган биринчи ансорийдир. Саҳоба Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам билан Уҳудда елкама-елка туриб курашди. Мушриклар тазйиқларини кучайтириб, Набий алайҳисалломни ўлдириш пайига тушишди. Жанг жиддий тус олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оддиларида оз сонли саҳобалар қолди. Қатода ўша озчиликнинг бири эди.
Набий алайҳисаллом Қатодаги камон бердилар. У Пайғамбаримиз алайҳисаллом олдиларида туриб мушрикларни уққа тута бошлади. Бир пайт уқлар тугади. Қараса, Набий алайҳисалломни ҳимоя қилиш учун ҳеч нима қолмабди. Нима қилишини билмай, охири у зот алайҳисалломни ҳимоя қилиш учун кўксини қалқон қилди. Шу вақт дайди ўқ тегиб, унинг кўзи оқиб тушди. Саҳобалар кўзини узиб ташлашга ишора қилишди. Лекин у бундай қилмади. Кафтида кўзини кўтарганча Набий алайҳисалломнинг ҳузурларига келди. Пайғамбар алайҳисаллом Қатодани кўриб йиғлаб юбордилар. Сўнг Раббиларига: “Ё Аллоҳ унинг кўзини ўткир қилгин” дея дуо қилдилар. Аллоҳ таоло Набийсининг илтижосини ижобат қилди.
Ҳайсам ибн Адий отасидан қилган ривоятда бундай дейилади: “Уҳуд куни Қатода ибн Нўъмоннинг кўзи оқиб тушди. Уни қулида кўтарганча Набий алайҳисаллом ҳузурларига келди. У зот алайҳис салом “Агар сабр қилсанг, сенга жаннат насиб этади. Лекин истасанг, уни жойига қўйиб, Аллоҳ таоло дуо қиламан. Аввалгидан яхшироқ куради”, дедилар. Қатода: “ Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, жаннат олий мукофот, бебаҳо инъом. Лекин аёлларни ёқтираман. Кейин мени ғилай деб, хоҳлашмайди. Сиз яхшиси кўзимни ўрнига қайтариб, Аллоҳ таолодан жаннатни ҳам сўраб берсангиз”, деди. Шундан сўнг Пайғамбар алайҳисаллом: “Шундай қиламан эй Қатода”, деб розилиб билдирдилар.
Қишнинг қаҳратон кечаларидае бири. Бундай пайтларда масжидда намозхонлар озайиб қоларди. Мана шу куни Қатода Набий алайҳис саломни ҳар кунгидан кўпроқ кўргиси келди. Кейин ўзига ўзи: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, бирга намоз ўқирдим. Бир йўла ўзларини ҳам кўриб, кўнглим хотиржам тортарди”, деб хуфтон намозига ошиқди.
Масжид эшиги очилганда, чақмоқ чақиб, ёруғида Қатода кўринди. Шунда Набий алайҳисаллом: “Қатода сенмисан, шу ҳавода келдингми? Намоздан сунг ёнимга кел”, дедилар. Қатода келганида у зот алайҳисаллом унга хурмо шоҳини бердилар ва “Уни ўзинг билан олиб юрсанг, ( ўн қадам олдингдан, ўн қадам орқангдан) ёритади”, дедилар. Сунг: “Уйингга кирганингда бурчакда қора нарсани кўрасан. Бирон сўз айтишдан олдин уни мана шу шохча билан ур. Ўша шайтон бўлади”, дедилар. Қатода айтади: “Набий алайҳис салом айтганларидек қора нарсани кўрдим. Шохча билан ургандим, уйимдан чиқиб кетди”.
Қатоданинг Рифоа ибн Зайд исмли амакиси бўларди. Шунингдек, қабиласи Бану Убайриқлар: Бишр, Бушайр ва Мубашширлар бор эди. Улардан Бушайр мунофиқ шеър айтиб саҳобаларни мазаҳ қиларди. Кейин айрим арабларга тарқатиб юборарди. Улар фалончи бундай, бундай деди, деб айтиб юришарди. Кейин шеърлари саҳобаларга етиб келганда, араблар: “ Биз ҳеч нима демадик, буни анави ибн Убайриқ айтди”, дердилар.
Бир куни Бушайр ибн Убайриқ Рифоанинг идишини тешиб, ундаги егуликни, шунингдек, совут ва қиличини ҳам ўғирлаб олди. Тонгда Рифоа ибн Зайд нарсаларни тополмагач, жияни Қатодани хабардор қилди. Сунг иккаласи ўғрини излашди. Охири топишди: ўғри ибн Убайриқ экан. Рифоа жиянига: “Наъбий алайҳисалломга айтсанг, қандай буларкин?” деб маслаҳат солди. Қатода: “Ё Расулуллоҳ, оила аъзоларимиздан бизга жафо етди. Амаким Рифоа ибн Зайднинг егулик ва қуролларни ҳам олишди. Бизга қуролимизни беришсин, егуликни қайтаришмаса ҳам майли” деди. Набий алайҳисаллом “Хўп, буюраман”, дедилар.
Бани Убайриқлик мунофиқлар ва уларга ёрдам қилувчилар осонликча қўлга тушишни исташмади. Усайр ибн Амрни Пайғамбар алайҳисаллом билан гаплашиб келиш учун юборишди. Одамлар тўпланиб: “Ё Расулуллоҳ, Қатода ибн Нуъмон ва унинг амакиси Ислом аҳлига туҳмат қилмоқда. Ҳеч бир далил ҳужжатсиз уларни ўғирликда айблашмоқда”, дейишди. Набий алайҳисаллом ҳам оддий инсон, фақат Раббилари биладиган нарсанигина биладилар.
Қатода ибн Нуъмон келганида Набий алайҳисаллом унга одамларни ҳужжат ва далилсиз айблаб бўлмаслигини тутунтиридилар. Катода Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ранжиб қолишларидан қаттиқ қўрқди. Кейин ўзига ўзи: “Қанийди, Набий алайҳисалломга бу ҳақда гапирмаган бўлсам”, дея қаттиқ пушаймон бўлди.
Шу орада амакиси келиб, Қатодадан: “Нима бўлди?” деб суради. Жияни Набий алайҳисалломнинг гапларини унга етказди. Шунда Рифоа: “Энди Аллоҳнинг Набийси Ёқуб алайҳисаллом каби: “Бас, (менинг бурчим) чиройли сабрдир. Сизлар тафсифлаётган нарсага (сабр қилишга) Аллоҳ (менга) мададкордир деб айтамиз, холос”, деди.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 105-106-оятларини нозил қилди: “Албатта, Биз сизга ушбу китоб (Қуръон)ни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун барҳақ нозил этдик. Хиёнатчиларга эса, ҳимоячи бўлманг! Яна, Аллоҳдан кечирим сўранг. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳматлидир”.
Набий алаҳисаллом Қатодани чақириб ушбу оятларни ўқиб бердилар. Қуролларни эса амакиси Рифоага Қайтариб бериши учун унга топширдилар. Қатода жуда ҳурсанд эди. У қурол аслаҳани қайтариб олгани учун эмас, балки Аллоҳ таолонинг Ўзи уни қўллаб-қувватлаганидан суюнганди. Қатода кекса амакиси Рифоага қуролларини олиб келиб берганида: “Эй жияним, булар Аллоҳ йўлига”, деди.
* * *
Макка фатҳи куни Қатода ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу Бану Зуфр қабиласининг байроғин кўтарди. Умар ибн Хаттоб Шомга юборган элчиларининг олд сафида Қатода ҳам бор эди.
Қатода розияллоҳу анҳу ҳижратнинг йигирма учинчи йили 65 ёшида Мадинаи Мунавварада вафот этди. Жанозасини Умар ибн Хаттоб розиаллоҳу анҳу ўқиди. Нўмон ибн Қатодадан Абдуллоҳ Умми Амр, Амр, Ҳафса исмли зурриётлар қолди.
Исмоил НУРИИМОН
Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азим” асари ва бошқа манбалар асосида ёзилди.
“Ҳидоят” журналидан олинди
Абдулқуддус Аҳматов нашрга тайёрлади.