ҚАНОАТЛИ БЎЛАЙЛИК
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ҳозирги кунда коронавирус пандемия хасталиги таҳдиди бўлиб турган даврда барчамизнинг қаноатли бўлишимиз жуда муҳим ҳисобланади.
Хўш қаноат нима?
“ Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қаноат сўзи:“Қаноат- арабча сўз бўлиб, у мамнунлик, борига шукр қилиш, қаноатлик, камсуқумлик” деб изоҳ берилади.
Уламолар қаноатни истилоҳда қуйидаги таърифлайдилар: Аллоҳ таоло берганига, азалда тақдирида ёзганига банда рози бўлиш, ҳаромдан сақланиб ҳалолга рози бўлиш, инсон борига кифояланиб йўқ нарсага таъма қилмаслик, қалб розилик билан тўлиб ғазаб ва шкиоятдан узоқ бўлишликка қаноат дейилади.
Аслида нарсаси кўп бой эмас, балки қаноати бор одам бойдир. Агар нафси бой бўлса, у таъмадан тийилади ва азиз бўлади. Очкўзлик инсонни разил ишга ундайди. Очкўзлик энг ёмон одатдир. Инсон очкўз бўлса, у оч бўридек нарсага ташланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дедилар:“Кишининг мол-дунёга бўлган ҳирси икки оч бўрининг қўйга ҳужум қилишидан ёмонроқдир”, дейилади. (Термизий ривояти)
Инсон доимо ўзидан пастга қараса, бечора ва ожиз бўлиб қолиши мумкинлигини ўйласа, борига қаноат қилади. Инсон учун, Аллоҳ таолонинг берган куни ва едирган ризқи катта давлатдир. Инсонннинг бахт-саодати қаноатли бўлишда ва яратган зотнинг берганига рози бўлишликдир. Луқмони Ҳаким фарзандларига: “ Эй фарзанд, қаноат бойликдир. Очкўзликдан сақлан. Зеро, очкўзлик камбағалликдир” деб насиҳат қилган эканлар.
Инсон ўз тақдирига рози бўлиб, еб-ичиш каби ишларда тежамкорлик билан ўртача иш кўриш қаноат саналади. Қаноатнинг акси исрофгарчиликдир. Ҳар бир ишда муаййан меъёрдан ошиш исрофдир. Қаноатни нотўғри тушунмаслик керак. Қаноат мутлақо озлик билан чекланиб танбалликда яшаш дегани эмас, балки ҳирс билан ҳаракатланишдан сақланиб, берилган ризққа рози бўлиб, кўнгил ҳузур ҳаловати билан яшаш демакдир. Ўғрилик ва жиноятлар қаноатсизлик оқибатида келиб чиқади.
Қаноат шундай хазинаки, у ҳеч вақт камаймайди. Бу хазинага эга бўлган киши умрини шавқ ва роҳатда кечиради. Бу билан қаноатсизликдан пайдо бўладирган ҳасад деган инсоннинг энг зўр душманидан қутилади. Хазина эгасига ўхшаб шараф ва ҳузур-ҳаловатда яшайди.
Бугунги кунда биз мўъмин-мусулмонлар берилган неъматларга шукр қилиб, бу синовли даврларда Аллоҳ таоло барчамизга мустаҳкам сабр-қаноат ато қилсин!
Р. Акбаров.