МЕРОС ИЛМИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Мерос илми Ислом динида мавжуд бўлган илмлардандир. Мерос илмига Аллоҳ таолонинг Ўзи асос солгандир. Бу илмнинг фазли жуда ҳам улуғдир. Баьзи юрт ва заминларда, жумладан араб тилида сўзлашувчи мусулмонлар ватанида хам бир вақтлар мерос илми деярли юқолиб кетди. Биров бу илмга мурожаат қилмай қўйди. Оз сонли кишилар бир оз билиб, бир ўзи амал қиладиган ҳолга тушиб қолинди.
Ҳолбуки, бу илм ҳалол-ҳаромга ва бировнинг хаққини тўғри ажратишга боғлиқ аҳамиятли илм эди. Жон бор жойда ўлим хам бор. Ҳар куни, ҳар соатда кимдир вафот этади. Демак, ҳар куни хар соатда мерос қолиб туради, у меросни шариат кўрсатмаси бўйича тўғри тақсимлаш зарурати юзага чиқиб туради. Бу ишни адо этиш учун эса, мусулмонлар мерос илмини билмоқлари лозим. Агар улар бу илмни билмасалар, ҳар куни, ҳар соатда улардан кимнингдир ҳаққи поймол этилиб, кимдир ҳаром молни еяётган, яна кимдир гуноҳи азим қилаётган бўлади. Шунинг учун бу илмни мусулмонлар ўрганмоқлари лозим. Кўпчилик, хеч бўлмаса, ўзи учун керакли даражада маьлумотга эга бўлиши, вафот этган кишидан қолган меросни шариат ҳукми асосида тақсимланиши лозимлигини англаб етмоғи керак.
Энг камида диний илмларга уринган кишилар бу илмни тўлиқ ўзлаштирмоқлари керак. Токи, улар ичида бу хақда доимий равишда тушунтириш ишларини олиб бориш лозим. Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Аҳмад ва Имом Ҳокимлар Абдуллоҳ ибн Масьуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Бас, мен қабз қилинувчиман. Илм ҳам қабз қилинур. Хаттоки, икки киши фароизда ихтилоф қилиб қолса, уларнинг орасида ажрим қиладиган одам топилмас» дедилар. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бошқа илмларга бунчалик равишда тарғиб қилмаганлар. Чунки бу илм жуда ҳам нозик илм. У кишиларга қолган меросни бўлишга оиддир. Бировга ўз меҳнатисиз, яқин кишисининг мол-мулки тақсимланиш орқали ўтишига боғлиқ илм. Бу жараён эса, доимо меросхўрлар ўртасида уруш, жанжал, келишовчиликларга сабаб бўлиб келган. Шунинг учун ҳам мерос тақсимлаш ишига ҳар ким ҳам ўзини уравериши, жанжалга бошини суқишни ҳохламайди. Тинчгина юргани яхшироқ. Яна шунга ўхшаш бошқа эьтиборлар хам кўп. Эҳтимол ушбу мулохазалар туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фароиз илмини ўрганишга алохида тарғиб қилган бўлсалар керак. Мана шу сабабдан ҳам мерос илмини бежизга фароиз илми деб номлашмаган. «Фароиз» сўзи «фарз» сўзининг жамидир. «Фарз» сўзи луғатда «ўлчов», «кесиш» ва «баён қилиш» маьноларини билдиради. Шариатдаги фарз амаллар хам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва баён қилинган амаллар бўлгани туфайли «фарз» деб аталган. Мероснинг «фарз» деб айтилиши эса, унда меросни ўлчаш шариат томондан кесилган иш, баён қилиниб, ҳар бир меросхўрнинг ҳақи аниқ кўрсатилгани учундир. Яна меросдан тегадиган маьлум насибага ҳам «фарз» дейилади. «Мерос» деганда ўлган одамнинг ортидан ундан қолган нарсани, бирор кишининг қолиши тушунилади.
Фиқхий тушунча бўйича, маййитнинг ортидан шарьий ворисга қолган мол ва хуқуқларга «мерос» дейилади. Мерос илмининг асосий далил ва хужжатлари Қурьони карим, суннат ва ижмоьдан олинган. Қурьони каримда мерос хақида Нисо сурасида 3 та, Анфол сурасида 1 та оят келган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида бу мавзу бўйича бир неча ҳадиси шарифлар мавжуд. Ижмоьга келсак, саҳобаи киромлар мерос ҳақида ижмоь қилганлар. Мерос илмининг самараси ва фойдаси шуки, уни ўрганган одам меросни ҳақдорларига тақсим қилиш малакасига эга бўлади.
Ислом шариатида мерос низоми энг адолатли, энг яхши ва энг мукаммал низом сифатида намоён бўлади. Ислом инсонга мулк хақ-хуқуқини берган. Ана ўша хақ хуқуқнинг энг нозик ва муҳим қисми меросга боғлиқ. Чунки унда бир кишининг моли унинг вафотидан кейин яқин қариндошларига мулк бўлиб ўтиши масаласи ҳал қилинади. Бу нарса фақат мол мулкка тегишли бўлмай, илм, шону шараф ва бошқа маьноларни ҳам ўз ичига олади. Шарьий истилоҳда эса, мерос мулкиятнинг вафот этган кишидан унинг тирик меросхўрларига ўтишини билдиради. Шарьий истилоҳда ўлган кишининг ортидан қолган мерос – тарика яьни, тарк қилинган нарса дейилади. Бизнинг диёрларда вафот этган инсоннинг мулкини тақсимлашда баьзи ҳолатларда адолатсизликка йўл қўйилади. Бу нарса эса оқибатда ота-она, ака-ука, фарзандлар, яқин қариндошлар орасида жанжалларни келтириб чиқармоқда. Жанжаллар оқибати эса келажакда қариндошлик алоқаларини бутунлай узилишга олиб келмоқда. Хўп, аслида бу мулклар қандай тасарруф қилинмоғи керак. Ўлган кишидан қолган тарикага бир неча хақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартибда адо этилади:
Ушбу ҳолат асосида марҳумнинг тариқаси тақсимлаб берилади. Инсон кўпинча инсонлигига бориб, ҳолатга қараб, турли нарсалардан таьсирланиб, турлича ҳукм чиқариши мумкин. Айниқса, унинг беморлик чоғида ёки ўлаётган вақтида яқин кишиларга кўпроқ яхшилик қилгиси келади. Баьзан оталик меҳри устун келиб, болаларини кўпроқ ўйлаб, уларни бошқалардан устун қўяди. Жумладан, мерос ҳам фақат уларга бўлса эди деб болаларини бу масалада ота-онасидан устун қўйиб юбориши мумкин. Баьзи бирлари эса одоб-ахлоқ, урф-одат ҳиссидан келиб чиқиб, ота-онасини устун қўйиб юбориши мумкин. Шунинг учун ҳам мерос тақсимлашни Аллоҳ таоло Ўзи йўлга қўйди. Бу ишни ҳеч кимга, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам тўлалигича қўйиб бермади. Қурьони каримда Аллоҳ таоло «Бу (фарз) Аллоҳ жорий қилган фарздир» деб марҳамат қилади. Унга инсоннинг ҳеч алоқаси йўқдир. Ҳеч ким меросни ўзича бўла олмайди. Меросдан кимга қанча улуш тегишини белгилаш Аллоҳнинг иши. Шунинг учун ҳам мерос қолдирувчиларнинг турли андишаларга боришларига ҳожат йўқ. Мерос илми уламолари мерос тақсимлашда улушларни аниқлаш учун уларнинг сонини чиқаришга асл қилиб фарз соҳибларига ажратилган улушлар сонини олганлар. Аллоҳ таоло Қурьони каримда фарз соҳибларига белгилаган улушлар: ярим, тўртдан бир, саккиздан бир, учдан икки, учдан бир ва олтидан бирдан иборат. Бу сонлардан фақат яримнинг адаши йўқ, холос. Яримнинг махражи-чиқар жойи икки қилиб олинган. Ана ўшанда фарзларнинг ўлчови икки, уч, тўрт, олти ва саккиз бўлади. Ушбу беш ададга олтининг икки баробари ўн икки ва унинг икки баробари йигирма тўртлар қўшилиб, махражлар еттита бўлади. Мерос бўлишда улушларни аниқлашда манна шу сонларни ишлатилади. Исломда фароиз, яьни мерос масаласи жуда нозик ва мураккаб илмки, унинг барча қирраларини, нозик жиҳатларини келтиришликнинг имкони қисқа мақолада ўта мушкулдир. Бу илмда меросга хақдорлар, меросда ҳажб, авл, рад, муқосама, муносаха, завил-арҳам, асаба каби кенг маьно ва қамровли масала ва қоидалар борки бу масалаларни қисқа таьрифлш учун илмимиз кифо қилмайди. Аммо албатта инсон бу дунёдан вафот этар экан бу масалага мунтазам мурожаат қилинади. Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. У умматимдан энг аввал унитиладиган нарсадир» деб марҳамат қилганлар. Ҳақиқатда бугун халқимиз орасидан айнан ушбу илмда пешво зотларнинг хонадонида бу илмлар асрлар мобайнида амалда бўлиб турган бўлсада, оддий халқимиз орасида бу масалалар унитилиб бормоқда.
Бу илмда пешво кишиларнинг адади камаймоқда. Бу нарсалар эса охир оқибат инсонларнинг бир бировларини хаққини ейишларига, яқин алоқали инсонларнинг ўрталарини мулк сабабидан узилишига олиб келмоқда. Вафот этган инсонларнинг мол мулклари адолатли тақсим қилинмасдан катта гуноҳларга сабаб бўлинмода. Вафот этган яқин инсонимизнинг бандалардан бўлган қарзлари меросидан адо қилинмасдан қиёматга қадар қарз бўлиб қолмоқда. Қачонки бу нарсаларга эьтибор бермас эканмиз, барчамиз ушбу хатолар қаршисида доим жавобгармиз.
Алишер Жумаев
Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби