1442 йил 04 Рабиъул аввал | 2020 йил 20 октябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:38
Sunrise
06:51
Dhuhr
12:22
Asr
16:10
Maghrib
17:51
Isha
19:05


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАСМИЙ МУНОСАБАТ: “ШАРЛИ ЭБДО”ДАГИ КАРИКАТУРА БЎЙИЧА

4-09-2020, 18:00 50 Ўқиш режими + -
Расмий муносабат: “Шарли Эбдо”даги карикатура бўйича


Шу йил 2 сентябрь куни Париж шаҳрида 2015 йилнинг 7 январида “Шарли Эбдо” журнали таҳририятига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда айбланаётган 14 киши устидан суд иши бошланди. Шу муносабат билан мазкур журнал таҳририяти Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга оид карикатурани қайтадан босиб чиқарди.
Ушбу карикатура чоп этилиши мусулмон оламида турли эътироз ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Мисрдаги Ал-Азҳар университети ушбу карикатурани чоп этгани учун “Шарли Эбдо” таҳририятини қоралаб баёнот билан чиқди. Баёнотда бундай карикатураларни атайин қайтадан чоп этиш мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётларини қўзғаш, фитна чиқариш ва мусулмонларнинг диний қадриятлари, тимсолларига нисбатан тажовуз экани айтилади ҳамда бу ҳолат мусулмонлар томонидан қаттиқ қораланиши билдирилади.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу хатти-ҳаракатни қоралаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантиришга қаратилган ҳолатни халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна, ўз навбатида, одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.
Шуни таъкидлаш зарурки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин, бу иши билан муборак динимизга ёки У зотнинг сийратларига заррача ҳам зиён етказа олмайди. Ислом тарихидан кўриш мумкинки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ҳатто суи­қасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомни бағрикенглик ила кечириб юборганлар. Суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, уни афв қилганлар. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка бую­ринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.
Шундай экан, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Набий алайҳиссаломга хос ҳалимлик, босиқлик ва зукколик билан муносабат билдириш керак. Шунда ёмон ниятли кимсалар томонидан халқлар, миллатлар, динлар ўртасига низо уруғини сочиш мақсадида уюштирилаётган ҳар хил кўринишдаги фитналар, турли найрангларга Пайғамбаримиз алайҳиссаломга  хос  ва мос йўл тутган бўламиз.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Манба: Муслим.уз