“Абул-Муин Насафий” зиёратгоҳи
Қашқадарё вилоят марказидан 17 км жанубий-ғарбда Қовчин қишлоғи жойлашган. Ана шу қишлоқда “ Абул-Муин Насафий” зиёратгоҳи бор. Мамлакатимиз Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига қилган ташрифларида бу жойни кенгайтириб катта зиёратгоҳга айлантириш ва у ерда катта кутубхона ташкил қилиш ҳақида кўрсатма бердилар.
Қовчин қишлоғи Қарши туманидаги қадимий қишлоқлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда қишлоқда 4730 киши истиқомат қилади. Қишлоқ кексаларининг гувоҳлик беришларича, қадимда қишлоқ ҳудудида Қум, Қайрабод, Ёмчи, Ибсан, Жумабозор деб аталган қишлоқлар бўлган. Шўролар даврида бу қишлоқлар барчаси бош режа асосида битта “ Қовчин” қишлоғига бирлаштирилган. Қишлоқнинг “ Қовчин” деб аталишига сабаб у ерда яшаётган аҳолининг кўпчилиги қовчин уруғига мансуб кишилар бўлганлигидир. Марҳум топономик олим Д.Абдураҳмонов ўзининг “Қовчин сўзининг тарихи ҳақида” деб номланган мақоласида: “ Ҳақиқатан ҳам қовчин сўзининг уруғ номи эканлиги аниқ. Бу уруғ, бошқа ерлар билан бирга, Қашқадарё водийсида ҳам кўчиб юрган. Ҳозир ҳам бу уруққа мансуб халқлар, юқорида айтилганидек шу территорияларда, жумладан, Бешкент райони территориясида ҳам яшаб келмоқда. ... “ Қовчин ” “ Эпчил ва кучли ( одам ) ” деган маънони беради” дейди. Қовчин уруғига мансуб кишилари эпчил ва кучли бўлганликлари туфайли Соҳибқирон Амир Темур ва Бобур қўшинларининг асосий жангчилари бўлишган. Бу ҳақда Ш. А. Яздийнинг “ Зафарнома” ва З. М. Бобур “ Бобурнома” асарларида тилга олинади.
Зиёратгоҳ машҳур калом илмининг алломаси Абул-Муин Насафий ( 1027-1114) номи билан аталади. Абул-Муин Насафийнинг тўлиқ исмлари Абул-Муъмин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад Макҳул Насафийдир. Абул-Муъмин Насафий ҳақида тарих фанлари доктори, профессор У. Уватов раҳбарлигида нашр қилинган “ Ўзбекистон-буюк алломалар юрти ” номли китобда: “ У( Абул-Муъмин Насафий) нинг Насафий нисбаси билан аталиши хусусида эса барча тарихнавислар якдиллик билан бир хил ёзганлар. Шу билан бирга, баъзи манбаларда Насафийнинг бир қанча муддат Самарқандда яшаганлиги ва сўнгра узоқ йиллар Бухорода муқим истиқомат қилганлиги ҳақида ҳам хабарлар келтирилган. Абул-Муин Насафий таваллуд топган сана ҳақида ёзган тарихнавислардан бири, араб олими Хайриддин аз-Зириклий ўзининг “ Ал-Аълом” ва Умар Ризо Каҳҳола “ Муъжам ал-муаллифийн” номли асарида унинг 1027 йилда Насаф ( ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилганлигини зикр этганлар. Унинг вафоти ҳақида эса аксар манбаларда 1114 сана берилади. Шунга кўра, аллома Абул-Муъмин Насафий узоқ умр кўриб, 87 ёшида вафот этган. Унинг қабри Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида жойлашган” дейилади.
Абул-Муин Насафий “ Табсират-ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Аби Мансур ал-Мотурий ”, “ Қасийдал-қавоид фи илм ал-ақоид”, “ Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод”, “ Баҳр ал-калом” , “Ийзоҳ ал-манҳажжати фи кавн ал-ақли ҳужжатан”, “Маноҳиж ал-аиммати фил-фуруъ” каби китобларни ва “ Шарҳ ал-Жомиъ ал-кабир ли-ш-Шайбоний фи фуруъ ал-Ҳанафиййа” номли шарҳни ёзганлар.
Абул-Муин Насафий “ Табсират-ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Аби Мансур ал-Мотурий ” асари орқали шуҳрат қозонган. Бу асар имом Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунё бўйлаб ёйилишида катта аҳамиятга эга бўлди. Абул-Муъмин Насафий бу асарида ўша даврдаги бузғунчи тоифаларга кескин раддиялар билдирган. Абул-Муин Насафий “ Қасийдал-қавоид фи илм ал-ақоид” асарида ҳам ботиний тоифасига мансуб кишиларнинг хато қарашларига раддиялар беради. Шу жиҳатдан Абул-Муин Насафийнинг бу асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
“Абул-Муин Насафий” зиёратгоҳида хитой ипак қоғозида битилган қўлёзма “ Қуръони-Карим” мавжуд. Бу “ Қуръони-Карим”нинг бўйи 60 см, эни 41 смни ташкил қилади. Бу “ Қуръони-Карим” га ўз даврида уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метр 60 см бўлган лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 йил (милодий йил бўйича 1851 йил) ёзиб қолдирилган. Форс тилида бўлган 12 қатор шеър лавҳда ўйиб битилган. Шеърнинг ўзбекча маъноси қуйидагича:“ Эй бандани яхши кўрувчи ва банданинг дўсти,
Унутишдан қочиб, сенга умид қўлини чўзаман.
Бу жаҳонда мағздан пўстгача сен ўзингсан.
Бундан бошқасини сендан сўрашга ҳохиш-истагим йўқ.
Сенинг кўмагинг менга раҳнамо бўлсин.
Менинг жойим ҳар доим сенда бўлсин. Эй узр истаб келганларнинг узрини қабул қилувчи,
Сенинг мағфиратинг кўп гуноҳкорлар учун шафоатдир.
Жоним танамдан чиққан лаҳзада
Сенинг номинг зикри билан менинг жоним чиқсин.
Бу йўлни кўрсатувчи мендан пинҳондир”.
Зиёратгоҳ атрофида катта қабристон бор. Зиёратгоҳ билан қабристонни қўшиб ҳисоблаганда, улар эгаллаган ер 50 гектардан кўпроқни ташкил қилади. Бу қабристонда 100 дан ортиқ ҳар хил мармар тошларга битилган ёдгорликлар бор. Ёдгорликларига қараганда, Ибсан қишлоғидан чиққан олимлар ҳам шу ерда дафн қилинган. Юртимиздаги VIII-XII асрда яшаган олимлар ҳақида маълумот берган А.Самъоний ( 1113-1167) ўзининг “Ал-Ансоб ” (Насабнома) асарида: “ Ибсан-Насафдан бир фарсах узоқликдаги қишлоқ. Абу Яъқуб Юсуф ибн Абу Бакр ал-Ибсаний шу қишлоқдан. Бу киши шайх, қори, чиройли сийратли ва кўп ибодат қилувчилардан эдилар. Абу Бакр Муҳаммад ал-Баладийдан таълим олганлар. Насафда бўлганимда Ал-Азрақийнинг “ Ахбору Макка” китобини шу кишидан ўқиганман. Ҳижрий 478 ( милодий 1086) йилнинг сафар ойида туғилиб, ҳижрий 552 ( милодий 1158) йилнинг Сафар ойида вафот этганлар. Акаларининг ўғли Абул Муаййин Маймун ибн Аҳмад ал-Ибсаний ҳам шу қишлоқдан. Абу Бакр ал-Баладий ривоят қилган имом ал-Бужайрийнинг “ Ал-жоми ас-саҳиҳ” китобининг ўн бир жузини шу кишидан таълим олганман. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ғоним ал-Ибсаний ҳам шу қишлоқдан бўлиб, Муҳаммад ибн Масъуд ал Кешийдан таълим олганлар. Ҳижрий 425 ( милодий 1035) йил Жумадул-охир ойининг 19-сида, шанба куни кечаси вафот этганлар ” дейилади.
Ватанимиз Мустақил бўлганидан кейин юртимиздаги зиёратгоҳ ва қадамжойларга бўлган муносабат ўзгариб, уларни кўркам ва обод жойларга айлантирилди. Келгусида янада обод бўладиган зиёратгоҳлардан бири“ Абул-Муин Насафий” зиёратгоҳидир. Бу зиёратгоҳнинг янада обод қилиниши аждодларга бўлган юксак эҳтиромни билдирса, бу ерда ташкил қилинадиган кутубхона эса улар қолдирган бой маънавий меросни ихлос билан ўқиб –ўрганиш учун халқимизга қилинадиган катта бир туфҳа бўлади.
Р. Акбаров.
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллигининг “ Ахборот-медиа” маркази мутахасcиси
Манба: “ Қашқадарё” газетаси. 2017. 18 апрель № 46. (1527)
Фойданилган манба ва адабиётлар:
- Абдураҳмонов. Д. “ Қовчин сўзининг тарихи ҳақида”. Адабиётшунослик ва тилшунослик масалалари. 5-китоб. Т. 1963.
- Ас-Самъоний. А. Насабнома ( Ал-Ансоб). Бухоро. 2003.
- Ўзбекистон-буюк алломалар юрти. Т. Маънавият. 2010. 176-бет.