1442 йил 01 Сафар | 2020 йил 18 сентябрь, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:06
Sunrise
06:21
Dhuhr
12:31
Asr
16:53
Maghrib
18:40
Isha
19:55


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ОХИРАТ ТАЛҚИНИ (6 -қисм)

12-09-2020, 10:31 17 Ўқиш режими + -
 

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ОХИРАТ ТАЛҚИНИ
(6 -қисм)

Ўша вақт ( қиёмат)да:
«Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас».
Бу ҳолат ҳам ўша зилзиланинг ғоятда даҳшатли эканига далолат қилади. Қаттиқ қўрққан одамлар ҳеч нарса ичмасдан туриб ҳам, эс-ҳушларини йўқотиб, худди маст одамларга ўхшаб қолишади. Чунки:
«Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».
Аллоҳ таоло «Абаса» сурасида қуйидагиларни айтади:  «Вақтики кар қилувчи овоз келса. У кунда киши ўз ака-укасидан.  Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан  қочади. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор», (33-37-оятлар).
Биз, кар қилувчи овоз, деб таржима қилган маъно, Қуръони Карим таъбири ила бир оғиз лафз ила «Ас-Соохха» дейилади. «Ас–Соохха» – қиёматнинг номларидан бири бўлиб, қулоқларни кар қилувчи овоз маъносини билдиради. Қиёмат  қаттиқ қичқириқ овоздан кейин қоим бўлишидан шу ном билан ҳам аталган. Ушбу ояти каримада қиёмат куни даҳшатини васф қилиш учун айнан ушбу сифатини келтирилмоқда.
Кейинги оятларда қулоқларни кар қилувчи қаттиқ қичқириқ ила қиёмат қоим бўлганидан сўнг нималар бўлиши зикр қилинади.
«У кунда киши ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан   қочади».
Яъни, қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто ҳеч кимнинг ака укаси, ота–онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.
Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, она-отаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир, мусибат етганда ёрдам беришлик бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ташлаб қочади.
Чунки: «У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор».
Ҳа, қиёмат куни даҳшати шунчалик кучлики, ҳар бир одам ким бўлишидан қатъий назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю, эру-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади.
 

Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
 
Қамаров Маҳмуднинг 
 
битирув малакавий иши дан олинди