“ҚИТМИР” НИМА?
2718
16-09-2020, 16:55
2 033
Ўқиш режими
+
-
“Қитмир” нима?
Ўзбек тилимиз жуда бой тил. Унда ишлатилаётган ҳар бир сўзнинг ўз этимологияси ва шу билан бирга ранг-баранг ишлатилиш хусусияти мавжуд. Халқимиз орасидаги муомилаларда ишлатиладиган баъзи бир сўзлар баъзан бизга нотанишдек туюлади. Ана шундай сўзлардан бири “ қитмир” деган сўздир.
Хўш, “Қитмир” сўзи нима маънони англатади?
“ Ўзбек тилининг изоҳли луғати ”да: “ Қитмир (арабча) –пўст, қобиқ; арзимаган , аҳамиятсиз гап, нарса, воқеа; ( Қуръонда итнинг номи). Асабга, ғашга тегадиган қилиқ, ҳатти-ҳаракатлар қилувчи, қилдан қийиқ ахтариб, ковлаштириш билан шуғулланиб юрувчи[1]” -деб изоҳланади. “ Қитмир” сўзи халқимизда ҳам қайсарлик қилиш, ўз билганидан қолмайдиган, муғомбирлик, айёрлик қилиш маъносида ҳам ишлатилади. Ёзувчи Асқад Мухторнинг “ Туғилиш” асарида: “ Бўриев Самандаровнинг қитмирлик қилиб, ресурслар ҳақида маълумот бермасликка уринганини пайқади ” дейилади.
Аслида, “ Қитмир ” сўзи аслида арабча сўз бўлиб, у хурмо мевасини данагидан ажратиб турувчи пардани англатади. Бу ҳақда “ Арабча-ўзбекча луғат “ да: “ Қитмир- 1) хурмо мевасини данагидан ажратиб турувчи парда; 2) арзимаган нарса; 3) Қуръонда Қитмир итнинг номи [2]” дейилади.
“ Қуръони Карим” да: “ Уларни уйғоқ деб уйлайсиз, ҳолбуки, уйқудадирлар. Уларни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турамиз. Итлари эса остонада олд оёқларини чўзиб ётибди. Агар уларни кўрганингизда ортга қараб қочар ва улардан қўрқувга тўлган бўлар эдингиз” дейилади. ( Асҳобу Каҳф” сураси 18- оят) . Бу оят ҳақида “Тафсири ирфон”да: “ Пайғамбарим, ғорда ётган йигитларни кўрган одам уларни кўзи очиқ, уйғоқ деб ўйлайди. Аллоҳ таоло уларни чапга ва ўнгга ағдариб туради. Бу бир томондан зах ўтиб, жисмларига зарар етишидан сақлайди. Аллоҳ бусиз ҳам уларни безарар сақлаши мумкин, аммо ҳамма нарса Ўзи ирода қилган ва жорий этиб қўйган қонун-қоидалар асосида бўлишини хоҳлайди. Шунингдек, узлуксиз бир неча йил ухлаб ётган йигитларнинг гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдарилиб туришлари уларни уйғоққа ўхшатади. Уларнинг ётиш манзаралари итлари билан янада тўлиқ бўлади. Ит худди уларни қўриқлаб ётганга ўхшаб олд оёқларини олдинга узатганча ғор оғзида ётибди” дейилади. Мана шу “Асҳабу Каҳф” ити ҳақида Туркий мумтоз адабиётининг таниқли намоёндаси Носириддин Рабғузий ўзининг “ Қисаси Рабғузий ” асарида: “ Асҳобу Каҳф” бўлган йигитлар чўпонга йўлиқиши ҳақида гапиради. Ва у: “ Йўлда улар (Асҳобу Каҳф) га бир чўпон учради. Улардан “Қаерга борурсизлар?” деб сўради. Улар шаҳардан кетишлари сабабини айтдилар. Чўпон: “Бир оз сабр қилинглар, қўйларни эгаларига топширай, сизлар билан кетаман” деди. Улар кутиб турдилар. Чўпон қўйларни эгаларига топшириб қайтиб келди. Ака-укалар билан бирга йўлга тушди. Чўпоннинг бир ити бор эди. У ит ҳам уларга эргашди. Улар чўпонга: “ Итингни қайтар, мабодо яширинсак овоз чиқариб ошкор қилади” дедилар. Чўпон итни роса қайтармоқчи бўлди аммо ит қайтмади. Чўпон итнинг оёғига урди, шунда ҳам ит оқсоқланиб эргашиб келаверди “ деб ёзади. Бу асардаги парчадан ит чўпонга қарашли эканлиги маълум бўлади. Чўпонлик касби учун қадимдан ит муҳим аҳамиятга эга. Чўпонлар учун ит катта дастёрдир. Улар боқадиган молларни ит орқали қўриқлашади. Чўпоннинг итсиз ўз вазифасини бажариши оғирроқ кечади. Шу сабабли чўпонлар ўз вазифаларига кўра зотдор, яхши натижа берадиган итларни асраганлар.
Маълумки, итнинг феълида бир қанча хислатлар бор. Бу хислатлар орасида унинг вафодорлик ва фидойилиги энг юқори ўриннни эгаллайди. Ит эгаси итини ёшлигидан парвариш қилади. Ит эгаси итига ғамхўрлик қилиб, унга овқат, сув ва бошпана беради. Ит ўз эгасининг қилаётган яхшиликларини ҳеч қачон унутмайди. Ит ўз эгасига ҳамиша вафодорлик қилади. Унинг бу вафодорлиги ўз эгасининг қилган яхшиликларига жавоби ҳисобланади. “ Қуръони Карим” нинг юқоридаги оятида айтилган ит ҳам ўз эгасидан ажралмади. Ана шу вафодорлиги сабабли таёқдан оёқлари жароҳатланса ҳам орқага қайтмади. Итнинг ўз эгасига вафодорлиги ва бу йўлда фидойилиги сабабли унинг қитмир деб номланишига сабаб бўлганлиги ажаб эмас.
Халқимиз ўз нутқида ишлатилаётган сўзларни маъносини билиб, уни ўз ўрнида ишлатади. Халқимизнинг бу хислати унинг қадимдан билимли, зукко халқ эканлигига далолат қилади.
Р. Акбаров,
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Т. Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти. 2008. 5- жилд. 312-бет. [2] Арабча-ўзбекча луғат “ Ан-наЪим ул-кабир “. Наманган. “ Наманган” нашриёти. 2014. 564-бет.