ҚУРЬОННИ ҚАНДОҚ ЎҚИЙМИЗ
272
10-01-2020, 18:01
871
Ўқиш режими
+
-
ҚУРЬОННИ ҚАНДОҚ ЎҚИЙМИЗ
Одатда, бирор китобни қўлга олганда, унинг исмини ўқиш билан ичида нима ҳақда гап кетиши аниқ бўлади. Бирор маьлум нарса ҳақида маьлумот билмоқчи бўлган шахс ўша нарса ҳақидаги боб ёки бўлимни очиб ўқийди-да, саволига жавоб топади.
Қурьонда эса боб ёки бўлимлар йўқ. Ҳа, у ўзига хос илоҳий китоб, шунинг учун ҳам у ўзига алоҳида эьтибор, алоҳида ёндошиш талаб қилади. Шунинг учун ҳам уни юмшоқ ўринда ястаниб ўтириб, ҳавасга варақлаб, кўз югуртириб чиқиб, сўнг токчага териб қўяман, деганлар хато қиладилар. Қурьон бир ўқиб чиқадиган, тасалли учун, вақт ўтказиш учун керак бўладиган нарса эмас.
Қурьони Карим бандаларни икки дунё саодатига эриштириш учун туширилган илоҳий дастур. У ҳидоят китоби бўлиб, кимё, физика, тиб, тарих, жуғрофия ва бошқа соҳалардаги оятлар ҳам инсон ақлига хитоб, уларда шу нарсалардан ибрат олиб Аллоҳнинг қудратига ишонсин, ҳидоят йўлини топсин, деган ғоя бор. Шу билан бирга, Қурьондек муқаддас китобда мазкур нарсаларнинг зикр қилиниши доимо мусулмонларни ўша нарсаларга қизиқишини орттирган, уларни ўрганишга чорлаган, шуниннг учун ҳам улар Қурьонга, унинг таьлимотларига яқин бўлганларида, амал қилганларида дунё халқлари ичида пешқадам бўлганлар. Ибн Сино, Форобий, Улуғбек, Беруний, ал-Хоразмий, Навоий ва бошқа улкан алломалар етишиб чиққан.
Қурьони Каримни тушуниш учун катта тайёргарлик керак. Аввал айтганимиздек, унинг оятлари йигирма уч йил давомида ҳаётга аралашиб тушган. Демак, ўша ҳаётнинг нозик тарафларигача билиш керак, оятларнинг тушиш сабаблари, бўлиб ўтган воқеалардан хабардор бўлиш керак. Уни бир-икки ўқиш билан ниҳоясига етиб бўлмайди, бошқа қайта-қайта ўқиш жараёнида ҳар сафар янгидан-янги маьнолар чиқаверади. 1400 йил аввал бепоён саҳронинг содда ҳаётидан бошқа нарсани билмаган, тили, ҳаёт тарзи табиий ҳолатга яқин бўлган арабни ҳайратга қўйиб, қалбига йўл топган бу илоҳий китоб, ҳозирги кунда техник тараққиёт, илмий юксалиш, маданий ўсиш чўққисига чиққан, ҳамма нарсани мураккаб электрон ҳисоблаш ускуналари бажараётган жамиятнинг серташвиш аьзоси қалбига ҳам йўл топмоқда. Чунки Қурьонни очиқ фикр билан ўқиб, уқиб, мулоҳаза этишдан ташқари уларнинг фахри бўлган электрон ҳисоблаш машиналари ҳам «Қурьон-илоҳий китоб», деб бир овоздан айтмоқда. Бу машиналар Қурьони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва жумлалари ҳам саноқли эканини ва бу улкан мўьжизалигини таькидламоқда. Мисрлик олим Абдураззоқ Навфал «Қурьондаги ададий мўьжизалар» номли китобни ёзиб, электрон машиналарнинг сўзини тасдиқлади.
Тажриба учун тўрт киши–араб мусулмон, араб номусулмон, арабмас мусулмон ва арабмас номусулмонларни олиб, уларга Қурьон тиловатини эшиттириб, махсус электрон асбобларда руҳий таьсирланишларини синашса, бир хил чиқибди. Мўьжизани қаранг, Қурьонни тушунадигану тушунмайдиган, унга эьтиқод қиладигану эьтиқод қилмайдиганлар барчаси бараварига таьсирланса! Худо хоҳласа, яна янги илмий кашфиётлар бўлса, Қурьоннинг мўьжизалари янада кўпаяверади. Демак, Қурьонга жиддий ёндашмоқ, уни ўқиб-уқмоқ керак.
Қурьони Карим ўқиб-уқмоқ китоби бўлибгина қолмай, уқиб амал қилмоқ китоби ҳамдир. Агар ўқиган одамнинг уққани ҳақ бўлса, амалга ўтмоғи муқаррар. Чунки Қурьон биринчи бор тушганда, унинг биринчи оятлари «Ўқи» дейиш билан бирга, Муҳаммад алайҳиссаломни «Тур» деб турғазиб, дунёга иймон нури таратишга чорлаган. Унга иймон келтирган оз сонли илк мусулмонлар ҳам барча қийинчиликларга қарамай, роҳатни унутиб бошқалар ҳам улар баҳраманд бўлган неьматдан–Ислом, Иймон неьматидан баҳраманд бўлсинлар, деб ҳаракатга тушганлар. Ўзлари бўлса, ўқиб-ёдлаб ўрганган ҳар бир оятга амал қилмай туриб иккинчисига ўтмаганлар. Оқибатда ер юзида икки оёғида юрадиган кўплаб тирик «Қурьон»лар юзага келган. Улар бутун дунёга Ислом, Иймон нурини таратганлар, одамларни динлар зулмидан Ислом адолатига, ўзи каби бандаларга бандалик қилишдан бандаларнинг Роббисига бандалик қилишга, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига олиб чиқишган.
Шу жумладан бизнинг она Мовароуннаҳр халқи ҳам. Исломни ва Қурьонни худди намликка чанқоқ ер барака ёмғирини ютиб олгандай кутиб олди. Бу ёмғир таьсирида серҳосил ўсимликлар ўсиб чиқди. Тез орада бутун дунёга номи кетган улкан алломалар етишди. Диний ва дунёвий илмларнинг барча соҳаларида пешқадам устозлар олам бўйлаб донг таратдилар. Бошқа ерлардан кўра бизнинг еримиздан шунчалик кўп алломаларнинг чиқиши, бу диёр аҳолиси Исломга нақадар мос эканининг далили бўлса, бошқа даврларда эмас, фақат Ислом даврида бунча аллломаларнинг чиқиши Исломнинг бу диёр аҳолисига мос эканининг далилидир.
Ҳа, барча қатори бизнинг халқимиз ҳам қачон Қурьонга яқин бўлса, уни яхши тушуниб амал қилса, бахти-саодати мукаммал бўлаверган. Аксинча бўлса, бахтсизлик, мусибатлар бошига ёғилаверган.
Қурьони Карим бизгача етиб келган ҳолида Аллоҳ таолодан нозил бўлганлиги, унинг мўьжизакор каломи экани ҳақдир. Кимки бирор оятни инкор этса, мусулмонлик доирасидан чиқади.
Қурьоннинг матни ҳақидаги қатьий гап шу бўлса, энди унинг маьноларини тушуниш тўғрисидаги гап бошқача. Инсоннинг уринишига, ақл-заковати ва билимига қараб Қурьон маьноларини тушуниш ҳам турлича бўлади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз:
«Инсоннинг Каломуллоҳни тушуниш учун қўлидан келганича қилган ҳаракати тафсирдир», деганлар. Турли йўналишдаги сон-саноқсиз тафсирлар ичида бизнинг диёримиз уламолари қилган тафсирлар муҳим ўрин тутади.
Имом Фахриддин Розийнинг китобларини Ислом олами ҳурмат билан «Тафсири Кабир»–«Катта тафсир» деб атаса, Имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсирини уламолар «Кашшоф» бўлмаганда Қурьони Каримнинг маьнолари кашф бўлмай қоларди, дейдилар.
Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқандийнинг «Таьвийлоту аҳли Сунна» тафсирлари ва бошқа китоблари учун Ислом олами бу зотни «Аҳли сунна ва жамоа» мазҳаби ақийдасининг ислоҳчиси» деб номлаганлар.
Имом Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут танзил» тафсирлари ҳозргача Ислом ўқув юртларида ўқув қўлланмаси бўлиб келмоқда.
Афсуски, бизнинг юртимизда охирги тафсир қачон ёзилганини айта олмаймиз, яьни Қурьондан узоқлашганимизга анча бўлди, демоқчиман.
Қурьони Каримнинг таржимасига келсак, уни ҳеч бир тилга мукаммал таржима қилиб бўлмайди. Чунки арабча матн мўьжизакор, бу араб тилига хос, унинг имкониятларидан келиб чиққан, шунинг учун ҳам Аллоҳ Ўзининг охирги китобига ушбу тилни ихтиёр қилган. Бу хусусиятлар ўзга тилларда йўқ. Лекин Қурьон маьноларини таржима қилишга уламоларимиз рухсат берганлар, буни зарурий нарса, деб таькидлаганлар.
Қурьони Карим маьноси дунё халқларининг тилларига таржима қилинган. Шу жумладан, қатағондан, айниқса диний уламоларимиз ортидан уюштирилган «ов»дан қочиб, дини, иймонини сақлаш учун Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган Олтинхон тўра домла (Маҳмуд Тарозий) томонларидан ўша вақтдаги ўзбек тилига таржима қилинган. Ҳиндистонда чоп этилган ва баьзи нусхалари бизга ҳам етиб келган. Бошқа уринишлар ҳам бўлгану, лекин оммага етиб бормаган.
Ҳозирги кунда Қурьони Каримга тафсир ёзган алломалар юртида уларнинг набиралари тафсир ёзиш у ёқда турсин, Қурьонни ўқишни ҳам билмайдилар. Озгина тоифа илоҳий дастурни ўқишни билади, саноқли кишилар арабча тафсирлар ёрдамида маьносини тушунади.
Аллоҳга шукурлар бўлсинки, ҳозирда Қурьонга қайтиш бошланди, уни ўқишни ўрганаётганлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Табиийки, маьносини билишни истовчилар ҳам кўпайиб бормоқда.
Тафсири ҲилолШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф