“Асҳобул-Каҳф”-ажойиб қисса
“Асҳобул-Каҳф” Қуръони каримдаги суранинг номидир. У Қуръони каримдаги ўн саккизинчи сурадир. “АсҳобулКаҳф” сураси Маккада нозил бўлган сураларнинг биридир. У 110 оятдан иборатдир. Ушбу сурада Аллоҳ таолога бўлган иймон-эътиқодни янада мустаҳкамлаш учун ибрат бўладиган қиссаларнинг учтаси ҳикоя қилинади. Мана шу ибратли қиссалардан бири “АсҳобулКаҳф” қиссасидир.
“Асҳобул-Каҳф” арабча икки сўз бирикмаси(изофа)дан ҳосил бўлган атамадир. “Каҳф” сўзи ўзбек тилида (катта) ғор” деган маънони англатади. “Асҳоб” сўзи эса “соҳиб” сўзининг кўплиги бўлиб, у ўзбек тилида “соҳиб”, “эга” деган сўзларнинг маъносига тўғри келади. “Асҳобул-Каҳф” атамаси ўзбек тилида “Ғор эгалари” деган маънони англатади.
Хўш, “Ғор эгалари” қиссасида нима вокеалар содир бўлади?
Табарий Муҳаммад Ибн Исҳоқдан ривоят килишларича, «Асҳобул-Каҳф” воқеаси Рум мамлакатида содир бўлган. Исо алайҳиссаломдан сўнг Инжил аҳлининг ишлари аралаш - қуралаш бўлиб, хатолари кўпайиб кетди. Подшоҳ Дақиюнус тўгри йўлдан озиб, ҳаддан ошди. У халқ ўртасида бутларга сиғинишни , санамларга қурбонликлар қилишни авж олдирди. Шундай бўлса-да, халқ орасида Исо алайҳиссаломнинг динлари Исломда мустаҳкам туриб, ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, Унинг тавҳидини сақлайдиган мўминлар бор эдилар. Дақиюнус мамлакатда кимки бутларга сажда қилмаса, Исо алайҳиссалом динларида давом этса, уни ўлдирарди. У Рум мамлакатининг қайси шаҳарига келмасин, ўша ердагиларнинг ҳаммасини ибодатхонага тўплаб, санамларга сиғинтирар, бутларга қурбонликлар қилдирар эди. Дақиюнус ўз одати бўйича бир шаҳарга келади. У шаҳар аҳолиси ичидаги мўминлар бундан безовта бўлиб ўзларини четга ола бошладилар. Улар подшоҳнинг зулмидан пана жойларга яширинишга харакат килдилар. Баъзилари яшириндилар, баъзилар қочдилар. Дақиюнус шаҳарга келганидан сўнг Исо алайҳиссаломга иймон келтирганларни излаб топишни, уларни ҳаммаларини топиб, бир ерга тўплашни буюрди. Ўша қишлоқнинг кофирларидан миршаблар тайинлаб иймонли кишиларни уйларидан ва бекинган ерларидан топиб, ўзининг олдига олиб келишни талаб килди. Келтирилган мусулмонларни ботил худолар учун қурбонлик қилинадиган майдонда турғазиб қўйиб, уларга икки йўлдан бирини танлашни айтди . Ё ўлдирилиш ёки бутларга ибодат қилиб, қурбонлик килишни буюрди. Майдонга келтирилганлардан баъзилари ҳаётдан кўзлари қиймас, ўлдирилишдан қўрқар эдилар. Улар шу сабабли ҳақ динларидан қайтдилар. Баъзилар Аллохдан бошкага ибодат қилишдан бош тортар ва қатл қилинар эдилар . Буни кўрган иймон аҳлидан мустаҳкам иродали кишилар ихтиёрий равишда келиб , ўзларини азоб ва ўлимга топширадиганлари ҳам бўлар эди . Улар ўлдирилиб, таналари бўлакларга бўлиб ташланди.
Мана шундай пайтда иймонли йигитлар золим подшоҳ зулмидан ғорга кириб яшириндилар. Уларни Аллоҳ таоло уч юз йил ухлатиб қўяди. Иймонларини саломат сақлаб уйғонган йигитлар қайта уйғондилар ва ғолиб бўлдилар. Бу ҳақиқатни шаҳар аҳоли ҳам билди.
Хулоса қилиб шуни айтамизки, “Асҳобул-Каҳф” қиссасида иймонли кишиларга имтиҳон бўлишини, иймон эгалари Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканликлари, Аллоҳ таолонинг қайта тирилтириши ҳақ эканлиги ва иймон эгалари бугунми, эртами, албатта, нажот топишлари каби мавзулар баён қилинади. Аллоҳ таоло барчамизни иймонларимизни саломат, амалларимизни солиҳ қилсин!
О.Турсунов
Саид Ахмадхон ота жомие масжиди
имом-хатиби