ҚУРЪОНИ КАРИМДА ОХИРАТ ТАЛҚИНИ
(8 -қисм)
Аллоҳ таоло «Иншиқоқ» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Аммо кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса.
Тезда, осонгина ҳисоб қилинур.
Ва аҳли ҳузурига хурсанд ҳолда қайтиб борур.
Ва аммо кимнинг китоби орқа тарафдан берилса...
У тезда ўзига ҳалокатни чақирур.
Ва у қизиб турган дўзахга кирур», (7-12 оятлар).
Бу ишлар қиёмат куни бўлади. Маҳшарда ҳамма тўпланганда одамларга номаи амаллари берилади. Кимки бу дунёда мўмин мусулмон бўлиб тоат-ибодат, тақводорлик билан ўтган бўлса, уларнинг номаи аъмоли ўнг тарафдан берилади. Шунинг ўзи яхшилик аломати. Уларнинг ҳисоб-китоби осонгина-кўрсатиб ўтиш йўли билан бўлиб, улар жаннатдаги аҳллар ҳузурига хурсанд бўлиб қайтадилар.
Ушбу оятларда васф қилинган китоби ўнг тарафидан берилган банданинг осонгина ҳисоб-китоб қилиниши унинг номаи аъмолини ўзига шундоқ кўрсатиб қўйиш билангина бўлади. Чунки ҳисоб-китоб олдиндан маълум бўлади. Қиёмат куни қайта ҳисоб-китоб қилишнинг ўзи ҳам азоб бўлади.
Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ҳисоб қилинса, азоб қилинади», дедилар.
Шунда Ойша розияллоҳу анҳо:
«Аллоҳ азза ва жалла, «Бас, тезда, «осонгина ҳисоб қилинур», деган эмасми?» дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана ўша, кўрсатишдир. Лекин кимнинг ҳисоби тортишилса, азобланади», дедилар.
Осонгина ҳисоб қилиш эса қуйидаги ҳадиси шарифда айтилгандай бўлади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки елкасини унинг устига қўяди ва унга, бундоқ, бундоқ қилганмисан, деб гуноҳларини санайди. Сўнгра унга ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан, дейди».
Келаси оятларда эса қарши тараф, китоби ўнг қўлдан берилмаганлар ҳоли баён қилинади.
«Ва аммо кимнинг китоби орқа тарафдан берилса...»
Бошқа оятда «чап тарафдан берилади», дейилган, демак умумлашганда ёмонларнинг номаи амаллари қиёмат куни орқаларидан ва чап тарафларидан берилар экан. Бу эса бадбахтлик, дўзахийлик аломати эканини қуйидаги оятлар баён этади.
«У тезда ўзига ҳалокатни чақирур».
Яъни, номаи аъмоли чап ва орқа тарафдан олгандан сўнг, тезроқ ҳалок бўлсам, ўлсаму бўлажак азоб-уқубатлардан қутулсам, деб орзу қилади.
«У, Эй, ҳалокат, тезроқ кел, менга! Эй, ўлим, тезроқ кел, менга!», деб дод солади. Аммо унинг бу орзуси амалга ошмайди.
«Ва у қизиб турган дўзахга кирур».
Кирганда ҳам ўлиб эмас, тириклайин киради. У ўша қизиб турган дўзахда роса жизғанак бўлиб куяди. Куяверади, куяверади. Абадий равишда куяверади. Ҳеч ўлмайди, тинмай дўзах азобини тотаверади.
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
битирув малакавий иши дан олинди