«Талоқ» сўзи луғатда «моддий ва маънавий тугунни ечиш» маъносини англатади.
Шаръий истилоҳда эса, махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишга талоқ деб айтилади.
Махсус лафздан мурод талоқ ёки унинг маъносини англатувчи лафздир.
Никоҳни кетказиш эса, никоҳ ақдини ечиб, орадаги маънавий боғланишни йўқотиш деганидир. Бу уч талоқ ила юзага келиб, ундан сўнг талоқ қилинган аёл ўзини талоқ қилган кишига ҳалол бўлмай қолади.
Ҳалоллигини нуқсонга учратиш, дегани эса, бир талоқ қўйса, уч талоқ ҳақидан битта камайиб, хотиннинг унга ҳалоллиги нуқсонга учраган бўлади.
Қолаверса, талоқнинг сони уч талоқ билан чегаралаб қўйилган. Уч талоқдан кейин хотин бошқа эрга тегиши лозим бўлиб қолади.
Ислом дини талоқ ҳақини эркак кишига берган. Чунки эркак киши оила раҳбари ҳисобланади. Оиланинг обрўси унинг обрўси билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун оилани бузишдан олдин эркак киши кўп ўйлайди. Болалар ҳам отанинг номида бўладилар, бу масала ҳам эркакни иложи борича оилани сақлаб қолишга ундайди. Оила қуриш учун барча ҳаракатларни ва сарф-харажатларни ҳам эркак қилади. Хотинга маҳр беради, уй-жой ҳозирлайди, тўй қилади ва ҳоказо. Агар у хотин қўйиб яна янгидан уйланадиган бўлса, бу савдолар ҳам янгидан бошланади.
Энг муҳими, мусулмон эр иложи борича талоқ қилмаслик руҳида тарбия топган бўлади. Умуман, Ислом жамиятида талоққа энг нохуш нарса сифатида қаралади. Талоқ қилишдан Аллоҳнинг арши ларзага келади, деган тушунчага эга мусулмон эр ўзининг бу ҳуқуқини энг охирги чора сифатидагина қўллайди. Зеро талоқ ҳадиси шарифда таъкидланганидек, Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол нарса ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ менинг умматимдан ўзига ўзи, ичида гапирганини, модомики талаффуз қилиб айтмаса ёки амалга оширмаса, кечиб юборди», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, биров ичида хотинимни талоқ қилдим, деса, талоқ тушмайди. Аммо овоз чиқариб айтса, талоқ бўлади. Бир киши ўз хотинига сен талоқсан, деса, талоқ тушади. Ундан нимага, нима ниятда бу гапни айтдинг, деб сўраб ўтирилмайди.
Шунингдек, гапира олмайдиган одам ишора билан талоқ қилса ҳам талоғи тушади.
Хат ёзиш йўли билан талоқ қилса ҳам тушади.
Бировни хабарчи қилиб юбориб, ўша орқали талоқ хабарини етказса ҳам талоқ тушади.
Агар бир одамнинг эси ўз ихтиёри ила қилган тасарруфи туфайли кетган бўлса, мисол учун, маст қилувчи ичимликлар ичгани, наша, қора дорига ўхшаш нарсалар истеъмол қилгани учун эсини йўқотган бўлса, талоғи тушади.
Шунинг учун бу нарсада жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳнинг, талоқнинг ва ражъатнинг», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Ораларида никоҳ тўғри бўладиган кишилар ҳазиллашиб, ақди никоҳ қилсалар никоҳ собит бўлади. Худди шунингдек, ҳазиллашиб қилинган талоқ ҳам тушади. Хотинини бир ёки икки ражъий талоқ қилиб юрган одам идда ичида сени ўзимга қайтариб олдим, деса, ражъат-қайтиш ҳам собит бўлади.
Чунки бу ҳолларда ўзи билиб туриб, қасд қилиб айтган бўлади. Ислом ҳаётга, хусусан, оилавий ҳаётга жиддият билан қарайди. Эр-хотин орасидаги никоҳ алоқасини муқаддас алоқа сифатида кўради. Муқаддас нарсаларни ҳазил-ҳузулга айлантириш эса умуман мумкин эмас. Ҳазил қиладиган бўлса, келиб-келиб, энг муқаддас алоқалардан бири билан ҳазиллашадими? Бир аёлнинг бегона бир эркакка ҳалол бўлиши осон нарса эканми?
Аллоҳ таоло Бақара сурасида талоқ ҳукмини баён қилувчи оятлардан бирида «Аллоҳнинг оятларини ҳазил қилиб олманг» деган. Бундан никоҳ, талоқ масаласи Аллоҳнинг ояти эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ислом Аллоҳнинг оятларининг ҳазил, ўйин-кулги ҳолига тушиб қолишини ҳеч хоҳламайди.
Мусулмон киши ҳаётга жиддий қарасин. Ўзининг оиласини ўзи ўйинчоқ қилиб қўймасин. Ўз хотини билан бўлган, икки бир-бирига ҳаром шахсни ҳалол қилган никоҳ алоқасини ўйинчоқ қилган одам ҳар қандай жазога лойиқ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон эркак киши ўз хотинини талоқ қилса, агар уч талоқ қилса ҳам, уни қайтариб олишга ҳақли эди. Сўнг бу Аллоҳ таолонинг:
«Талоқ икки мартадир. Сўнг маъруф ила ушлашлик ёки яхшилик ила қўйиб юборишлик...» деган ояти ила насх қилинди».
Сунан эгалари ривоят қилдилар.
Жоҳилият даврида талоқнинг адади чегараланган эмас эди. Эркак киши хотинини хоҳлаганича қўйиб юборар ва хоҳлаганича ярашиб олар эди.
Имом Термизий қилган ривоятда, агар юз марта талоқ қилса ҳам, дейилган. Аввал айтиб ўтилганидек, бу ишда хотин кишиларга нисбатан зулм бор эди. Никоҳ ва оилавий робита ўйинчоққа ўхшаб, қадри қолмаган эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ушбу ривоятда бошланиш қисми келтирилган оятни нозил қилиб, эркак кишига фақат уч талоқнинг ҳаққини берди.
Бир талоқ қилганидан кейин қайта ярашса, бўлади. Иккинчи талоқни қилганидан кейин ҳам ярашса, бўлади. Учинчи талоқдан кейин эса, ярашиш мумкин эмас. Ояти кариманинг давомида у (аёл) (уч талоқ)дан сўнг, то бошқа эрга тегмагунча унга ҳалол бўлмайди, дейилган.
Яъни, уч талоқ қилинган аёл бошқа эрга тегиб, ўша иккинчи эр билан тўлақонли оилавий ҳаёт кечириб, иккинчи эрдан ўлим ёки талоқ туфайли ажраб иддаси чиққандан сўнггина биринчи эрга ҳалол бўлади. У эр мазкур аёлни қайтадан худди янги уйланаётган одам нима қилиши лозим бўлса, ўшани қилиб ўзига никоҳлаб олса бўлади. Ўзини билган эркак учун хотинини талоқ қилиш муносиб иш эмас. Аммо ҳаётда учраб турадиган турли ҳолатларни ҳисобга олиб, бир ва иккинчи талоқдан кейин қайта ярашиш имкони берилган. Икки марта қайта ярашиб, ўзига насиҳат олмаган ва яна хотинини талоқ қилишга журъат этиб, никоҳни ўйинга айлантирмоқчи бўлган эрга учинчи марта талоқ қилганидан кейин ярашиш ҳуқуқи берилмайди.
Талоқ масаласида талоқ қилиш учун ишлатиладиган лафзларга алоҳида эътибор берилади.
Талоқ қилиш учун ишлатиладиган лафзлар иккига бўлинади.
1. Очиқ-ойдин лафзлар.
Бундоқ лафзлардан кўзланган мурод очиқ-ойдин бўлиб, урф-одатда талоқ қилиш учун ишлатиб юрилган лафзлардир. «Талоқ», «фироқ» ва «сароҳ» сўзлари арабчада очиқ-ойдин талоққа ишлатиладиган сўзлардир. Барча араб эмас халқларда ҳам шу сўзларнинг маъносидаги сўзлар ишлатилишига одатланилган бўлиши мумкин. Талоқ сўзи умумий ва ҳамма халқлар биладиган сўз. «Қўйиб юбордим», «ажралдим» каби сўзлар ҳам шу маънони англатиши мумкин.
Талоқ тушиши учун қуйидагилар шартдир:
1. Луғатда ва урф-одатда талоқ маъносини билдирадиган лафзни айтиш, ёзиш ёки ишора билан англатиш.
2. Талоқ қилувчи маънони тушунган бўлиши.
Бировга талоқ сийғаси бошқа тилда ўргатилса, у маънони билмай туриб ишлатса, талоқ тушмайди.
3. Талоқни хотинига нисбат бериши.
Аёлнинг исмини айтиш, ўзига хитоб қилиш, васфини айтиш, унга ишора қилиш кабидир. «Хотинимни талоқ қилдим», «Фалончи талоқдир», «манавини талоқ қилдим», «сен талоқсан», «у талоқдир» кабилар. Шунингдек, «фалон ишни фалон муддатда қилмасам талоқ мажбуриятида қоламан», деса ҳам талоқ тушади.
4. Талоқнинг лафзи ва ададида шак бўлмаслиги.
Сўзни бузиб талаффуз қилса ҳам талоқ тушади. Мисол учун, «талоқ» дейишнинг ўрнига «талоғ» ёки «талак» деса ҳам. Очиқ-ойдин талоқ сўзи хотинга нисбат бериб айтилиши билан талоқ тушади. Ният, мақсадни сўраб ўтирилмайди.
2. Киноя лафзли талоқ.
Бунда талоқни ҳам, бошқа маънони ҳам англатиладиган лафзни хотинига нисбат бериб ишлатилади. «Ота-онангникига кетавер, жўна! Йўқол!» «Чиқ-кет! Сен бўшсан, ҳурсан, ишинг ўзинг билан» каби лафзлар шулар жумласидандир.
Агар бу киноя лафзлари розилик ҳолатида, талоқ тўғрисида гап-сўз бўлмай туриб айтилган бўлса, талоқ тушмайди. Аммо эр мен бу гапни талоқ нияти билан айтдим деса, талоқ тушади.
Агар розилик ҳолати бўлиб, эр-хотин орасида талоқ масаласи ўзаро баҳс қилиниб турганда эр «иддангни сана», «сен ажрадинг», «сен бўшсан» каби лафзларни айтса, талоқ тушади. Бошқа кинояли лафзларни айтса, ниятига боғлиқ бўлади.
Ғазаб, уриш-жанжал ҳолати бўлса, «иддангни санайвер», дейиш билан талоқ тушади. Бошқа лафзларда ниятга боғлиқ бўлади.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда эса:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларидан ва ходимларидан бирортасини урмаганлар», дейилган.
Ушбу маъноларни ҳар бир мусулмон аёл ва эркак яхши тушуниб олмоғи ва ҳаётга татбиқ қилмоғи керак. Аёллар эрларига итоатсизлик қилиб, уларга қарши бош кўтармасинлар, ўз чегараларида туриб, эрларини фавқулодда чора кўришга мажбур қилмасинлар. Эрлар эса, хотинларига яхши муомалада бўлсинлар, мабодо аёллардан баъзи бир хатолар ўтса сабр қилиб, кечиримли бўлсинлар. Ана ўшанда мусулмонларнинг яхшиларидан бўладилар.
А. Шоназаров тайёрлади.
“Хожа Бухорий” номли ислом билим юрти ўқитувчиси