Тўйларни исрофгарчиликсиз ўтказайлик
276
10-01-2020, 18:40
499
Ўқиш режими
+
-
Тўйларни исрофгарчиликсиз ўтказайлик
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир.
Қуръони каримда: “Еб-ичинглар ва исроф қилманглар” (Аъроф сураси, 31-оят).
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”.Улуғларимизнинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлади.
“Сендан мен кам-ми?” шиори остида бошланиб кетган маросим-маъракалар шунчалик авжига чиқиб кетди-ки, янги-янги урф-одатларни пайдо бўлганини ҳеч ким сезмай ҳам қолди.
Қуръони каримда: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди (Исро сураси, 27-оят).
Ҳар-бир ишда меъёр ва мўътадиллик бўлиши зарур. Ана шунда исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Бу икки нарса кишининг ҳавойи-нафсига қўйилган қопқондир. Халқимизда: “Нимани қилсанг хор, шунга бўласан зор”, деган мақол бежизга айтилмаган. Чунки ҳар-бир нарсани қадрига етмаган киши, керак бўлган пайтда уни тополмайди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Муқаддас динимиз ҳам айни шундай авж олаётган исрофгарчилик ва бидъатларга доимо қаршидир. Лекин минг афсуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин. Тўйлар ва маросимлардаги исрофгарчиликларни қаранг. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Бунинг оқибатида оилаларнинг иқтисодий аҳволини оғирлаштираётганлигини, меҳнат миграцияси кучайишига сабаб бўлаётганлигини, охир-оқибатда оилаларда келишмовчиликлар юзага келаётганлигини, натижада ажримлар кўпаяётганини сабабчиси бўлмоқда.
Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса, ёҳуд бева бечоралар кўп болали оилалар, етим-есирларга эҳсон қилинса, маҳалладаги бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини қилиб берилса, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган талабаларга кўмак бериб юборилса, уйланиш учун маблағ топа олмай юрганларнинг мушкулини осон қилинса, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юборилса айни савобли иш қилинган бўлади!
Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин.
Келинг, Тўйларни исрофгарчиликсиз ўтказишга ўтказайлик!
Муродуллохон НУРИДДИНОВ,
Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом-хатиби