АМАЛЛАРИМИЗ “ХЎЖА КЎРСИНГА” ГА БЎЛМАСИН
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ислом ихлос динидир. У ихлоснинг зидди бўлган хўжа кўрсинга қилинадиган амалдан сақланишга чақиради. Чунки, хўжа кўрсинга қилинадиган ишлар риё бўлиб, риё билан қилинган амал қиёмат куни ўз соҳибига манфаат бермайди.
«Риё» сўзи кўриш маъносини англатади. Шариатда эса Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш «риё» дейилади. Риё- банданинг зоҳиран Аллоҳ таолонинг ризосини топишни, ботинан эса бошқа бир мақсадни кўзлаб қилган амалидир.
Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллолоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида хўжа кўрсинга иш қилишдан инсон қайтарилган.
Жумладан: Риёкор ўз амалига ҳеч қачон савоб олмагани ҳолда, бу амали учун азобланиши муқаррарлиги тўғрисида шундай дейилади: «Чунки улар молларини хўжакўрсинга сарфлашади ва Аллоҳга ҳам, қиёмат кунига ҳам ишонишмайди. Кимнинг дўсти шайтон бўлса, у қандайин ёмон дўстдир.» (Нисо сураси, 38-оят).
Бу оятда айтилишича, Аллоҳ таоло бандаларидан баъзиларига кўпроқ, бошқасига озроқ мол-дунё ато этиб, ҳар икки гуруҳни ҳам имтиҳон қилади. Аллоҳ берган неъматларни ҳақ йўлда, Аллоҳ буюрган ўринларга сарфлаганлар, молларидан эҳсон қилганлар, муҳтожлар ҳолидан хабардор бўлганлар ана шу имтиҳондан яхши ўтган бўлишади. Аммо бу борада бахиллик қиладиган, Аллоҳ берган неъматларни босиб-кўпайтиришга интиладиганлар эса Парвардигор синовидан ўта олишмайди, Аллоҳ бундайларни яхши кўрмайди. Айниқса, мазкур амалларни хўжакўрсинга қилишдан заррача фойда йўқ. Риё қилиш, ўзини катта олиш, берганини миннат қилиш, бирор нарса бергудай бўлса, бошқаларга овоза қилиш каби иллатлар мусулмонларга хос бўлмаган ишлардандир. Ушбу ояти каримада Аллоҳ риёкорларни шайтоннинг дўсти демоқда. Мўмин мусулмон киши учун шайтон билан дўст деган номни олишдан оғирроқ нарса бўлмайди.
Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Банда қачон риё билан (хўжакўрсинга) амал қилса, Аллоҳ таоло айтади: «Бандам мени масхара қилаётганини кўринглар!» дейди. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам риё, кибр, манманлик каби иллатларни кичик ширкка ўхшатганлар. Шайтон кибри ва манманлиги туфайли лаънатга учраб, қувғин қилинган. Эҳсонини, амалини бошқалар кўриши учун учун, риёкорлик билан қилувчилар ҳам шайтон йўлидан юрган ҳисобланишади. Чунки, улар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонишмагани учун шайтоний васвасага учишади. Шайтон эса мўминларнинг очиқ-ойдин душманидир, у фақат ёмонликка чорлайди. Унинг сўзига кирганлар эса жаннат лаззатларидан маҳрум бўлишади.
Риё ҳар бир амалда ҳам бўлиши мумкин. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Набий саллолоҳу алайҳи ва саллам : «Албатта , қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам –бир шаҳид бўлган одамдир. У олиб келиниб ,(Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сени деб жанг қилдим,охири шаҳид бўлдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг,сен «шижоатли »дейилиши учун жанг қилдинг, шундай дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, юзтубан судратиб бориб,дўзахга ташлатади.Яна бир одамки,илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган. Бас,у олиб келиниб,(Аллоҳ унга)берган неъматларинини танитади.У танийди.Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сени деб илм ўргандим ,илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим»дейди.
«Ёлғон айтдинг!Сен илмни «у олим » дейилиши учун ўргандинг.Қуръонни «у қори» дейилиши учун ўқидинг.Шундай дейилди ҳам»,дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади.Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб ,турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди.Бас,у олиб келиниб ,(Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади.У танийди .
Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сен яхши кўрадиган йўлларининг бирортасини ҳам қўймай ,йўлингда инфоқ қилдим », дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен «сахий » дейилиши учун қилдинг ,шундай дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади.», дедилар.
Бу ҳадиси шарифнинг ҳикматига ҳозирги ҳаётимизда ниҳоятда муҳтожмиз. Деярли барча қилаётган ишларимизда ихлос етишмайди, жуда кўп амалларимизда риё аралашган. Бошқа нарсаларни қўйиб, ушбу ҳадисда зикр қилинган уч соҳани олиб кўрайлик. Минг афсуслар бўлсинким, шаҳидлик-мужоҳидлик номига доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмас. Мужоҳидлик даъвосидаги уларнинг қилаётган тасарруфларини баъзилар «Буларнинг жиҳодлари Аллоҳ йўлида эмас, ҳукмга эришиш йўлида бўлган экан», деб баҳоламоқдалар. Баъзи кишилар эса, умуман, шаҳидлик нимаю, жиҳод нималигини билмай, унинг яқинига ҳам бормай туриб, адашган оқимлар таъсирига тушиб қолиб ўзларини шаҳид ёки мужоҳид деб эълон қилмоқдалар.
Илм ўрганиш, ўргатиш масаласини олиб кўрайлик. Бу борада Аллоҳнинг йўлида иш олиб борётганлар йўқ, дея олмаймиз. Лекин риёкорлик қилаётганлар ҳам етарлича. Илмни, Аллоҳ учун эмас, шаҳодат учун, илмий унвон учун, одамлар ичида шон шуҳрат топиш учун ўқиятганлар ҳам бор.
Кўзланган натижа ҳосил бўлмаётгани ҳам шундан бўлса керак. Қуръон ўқиш масаласида ҳам худи шу гапларни айтиш мумкин. Баъзи кишилар Қуръон ўқишни худи одамларнинг баҳоси, мақтови учунгина жорий бўлган нарса деб тушунишади.
Бугунги ҳаётимизда энг кўп учрайдиган риёкорлик молу пул сарфлашда, десак муболаға бўлмас. Ҳатто хайр-эҳсон қилишда ҳам риёкорлик авж олган. Шариатимиз кўрсатганидек, молу пулидан ихлос билан садақа қиладиганлар жуда кам. Очиқдан-очиқ одамлар кўрсин, одамлар эшитсин, одамлар билсин, дейишга ўтиб кетилди.
Агар ҳақиқий саодатга эришмоқчи бўлсак, ҳар бир нарсада динимиз кўрсатмасига биноан иш тутишимиз, жумлладан ҳар қандай риёни ташлаб, одамлар ундай десин, одамлар бундай десин, деган ният билан эмас, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб амал қилишга ўтишимиз лозим. Ана шундагини амалларимизда риё қилмаган ҳамда иншааллоҳ, қиёмат кунида нажот топган бандалардан бўламиз!
Хўжақул домла Ниёзов
Миришкор тумани
Помуқ масжиди имом хатиби