Меҳнат юздаги доғни кетказади
278
11-01-2020, 14:10
519
Ўқиш режими
+
-
Меҳнат юздаги доғни кетказади
Ўзбек халқида, “ Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” , деган мақол бор. Бу мақолни хақимиз бежиз айтмаган. Чунки инсон ўзи учун зарурий бўлган барча эҳтиёжларга меҳнат қилиш орқали эришиши лозим.
Маълумки, ҳар бир инсон ўз ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой,озиқ-овқат ва бошқа рўзғор анжомлари, кийим ва либосларга ҳар доим эҳтиёж сезади. Инсоннинг на шу нарсаларга эришиш йўли битта, у ҳам бўлса ҳалол меҳнат қилишдир.
Ислом тарихидан маълумки, барча пайғамбарлар бирор касб билан меҳнат қилиб кун кечирганлар. Масалан, Одам ато буғдой сепиб деҳқончилик қилганлар. Нуҳ пайғамбар дуродгорлик, Довуд пайғамбар эса темирчилик қилганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам ўз умматларига меҳнат билан умр кечиришни тавсия қилганлар. Бу ҳақда имом Термизий қуйидагича ривоят қилади: “ Кунлардан бир куни пайғамбаримиз (с.а.в) ҳузурларига бир тиланчи йигит келди. Пайғамбар ундан: “ Уйингда бирор нарсанг борми?”, деб сўрадилар. У: “Ҳа бор, баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган бисот ва сув ичадиган бир идишимиз бор:,- деди. Пайғамбаримиз унга: -“Бор, у икковини олиб кел!” -деб буйруқ бердилар.У киши айтилган нарсани олиб келди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)у олиб келган нарсаларни қўлларига олдилар ва айтдилар: “Буларни ким сотиб олади?”. Саҳобалардан бири: “ Мен уларни бир дирҳамга сотиб оламан”, деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна: “Ким бунинг устига зиёда қилади”, дедилар. Бошқа саҳоба: “Мен уларни икки дирҳамга сотиб оламан”, деди. Пайғамбаримиз (с.а.в) у икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб тиланчилик қилган йигитга бердилар, ва унга: “ Бир дирҳамга таом сотиб олиб аҳли аёлингга бер, қолган бир дирҳамга эса болта сотиб олда, менга олиб кел”, деб буюрдилар.У йигит болта сотиб олиб келди. Пайғамбаримиз (с.а.в) болтага соп ясадилар ва болтани тиланчи йигитга бериб: “ Энди бориб болта билан ўтин тайёрла, уни сот, ўн беш кун сени тиланчилик қилиб юрганингни кўрмайин”, дедилар. У йигит ўн беш кун ўтин йиғди, уни сотди ва пайғамбаримиз (с.а.в) ҳузурларига келди. Шунда пайғамбаримиз ( с.а.в): “ Бу маблағларни бир қисмига таом харид қил, бир қисмига кийим –кечак харид қил”,дедилар. Ва унга: “ Бундай меҳнат қилиб яшашинг сенга ярашади аммо тиланчилик қилишинг қиёмат кунида юзингда доғ бўлади” дедилар. ( Имом Термизий ривояти).
Баъзан айрим инсонларни меҳнат қилишдан қочиб, тиланчилик йўлига ўтиб кетганларини кўрасиз. Ҳозирги пайтда берилган кенг имкониятдан фойдаланиб ҳалол меҳнат қилиш ўрнига бу дунёда юзларни сарғайтирадиган, охиратда эса юзларига доғ бўладиган ишни қилмоқдалар. Аслида, ҳар қандай ҳолатда ҳам дангасалик, меҳнатсиз турмуш қилиш қораланади.
Инсон дунёда меҳнат билан шараф топади. Инсон меҳнат туфайли Аллоҳ таолонинг фазли карамига эришади. Бу эса уни учун нажот, бахтдир. Инсоннинг қўли меҳнатда бўлиб кун кечирар экан, меҳнатини роҳатини кўради. У дунё ва охиратда юзи ёруғ бўладиганлар кишилар қаторида бўлади. Ана шундай бахтни Аллоҳ таоло барчамизга млойиқ кўрсин!
Руҳиддин Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими