ЎЗИМИЗНИ ҲАМ, ЎЗГАЛАРНИ ҲАМ СОҒЛИГИНИ АСРАЙЛИК
Ҳозирги кунда дунёда коронавирус пандемия хасталиги бутун инсоният соғлигига хавф солиши давом этиб турибди. Мана шундай кунларда аҳли–оиламиз, қавму-қариндошларимиз, атрофимиздаги кишиларнинг соғлигига янада эътиборли бўлишимиз лозим. Тақдим этилаётган расмий хабарларга кўра, бу пандемия яна икки йиллар давом этиш эҳтимоли айтилмоқда. Яна ҳам ғайб илми Аллоҳнинг ҳузуридадир.
Албатта, ҳозирги кунларда бир-биримиз билан учрашганда оралиқ масофани сақлашлик, ниқобларни таъқиб юришлик, қўлларимизни тез-тез совунлаб ювишлик соғлигимиз учун муҳимдир.
Афсуски, бугунги кунда айрим кишиларни жамоат жойларида ниқобсиз юрганликларига, оралиқ масофани сақламаслик ҳолатларига дуч келмоқдамиз. Бу ҳолат ўзимизни ҳам, ўзгаларнинг ҳам соғлигига бефарқ эканлигимизни кўрсатади. Бу бефарқлик ўзимизга ҳам, ўзгаларга зулм қилишлик, зарар беришлик деб баҳоланиши мумкин.
Маълумки, мўмин-мусулмон ҳамиша ўзгаларга зарар беришдан, уларга зулм қилишдан ўзини тияди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳнинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам”, – дедилар» (Бухорий ривояти).
Келинг, азиз ака-укалар, опа-сингиллар ўзимизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам соғлигига кўпроқ эътиборимизни қаратайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўз паноҳида сақласин, тез кунларда коронавирус пандемия хасталиги барҳам топишида Ўзи мададкор бўлсин!
Руҳиддин домла Акбаров
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими