1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ХУШХАБАР: ҚУРЪОН МУХЛИСЛАРИ УЧУН ИННОВАЦИОН ДАСТУР “AL-QURAN” МОБИЛЬ ИЛОВАСИ

24-09-2020, 21:01 1 043 Ўқиш режими + -


Қуръони каримга мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда қироат илми устози мударрис Шайх Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг “Al-Quran” номли мобиль иловаси мўмин-мусулмонларга тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг бевосита маслаҳатлари ва муҳим тавсиялари асосида ушбу дастур энг замонавий хизматлар ва юқори дизайнда тайёрланди.
Муҳтарам Президентимизнинг “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди! Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу – муваффақият бўлади. Элимизга нур келади!”, деган эдилар.
Мана шу юксак эътироф сабаб юртимизда Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш борасида жуда кенг кўламда ишлар амалга оширилди. Айниқса, Қорилар мусобақаси ўтказилиши, Мусҳафи Шариф чоп этилиши, Қуръони ва тажвид курслари фаолият юритиши ва Қуръон илмлари кенг тадқиқ этилиши, хусусан, мазкур илова ишлаб чиқилиши ҳам фикримизни янада қўллаб-қувватлайди. 
 
Al-Quran.uz иловаси қуйидаги 6 та бўлимни ўз ичига олади:
  1. “Муаллими соний” аудио-видео қўлланмаси. Маълумки, ўз даврининг таниқли маърифатпарвари Аҳмад Ҳодий Мақсудий раҳматуллоҳи алайҳ (1868-1941) “Муаллими соний” асари билан шуҳрат қозонган. Ушбу китоб нашр қилинганидан бери Қуръони каримни ўрганувчилар учун энг қулай ва энг афзал қўлланмалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки асарда араб тили ҳарфлари кўрсатиб берилгандан сўнг икки ва уч ҳарфни қўшиб ўқиш, кейин сўзларни, ундан сўнг бир-икки калималарни қўшиб ўқиш ўргатилади. Ундан кейин Қуръон ўқиш қоидалари — тажвиддан энг муҳим қоидалар қисқача, лекин тушунарли ҳолда кўрсатиб берилган.
Мазкур асар қарийб бир аср давомида мўмин-мусулмонларга Қуръони каримни ўқишни тез ва осон ўргатувчи кўлланма бўлиб келди. Шу нуқтаи назардан ушбу иловага биринчи навбатда “Муаллими соний” аудио-видео қўлланмасини жойлаштирилди. Ушбу бўлим “Ҳарфлар”, “Қоидалар”, “Калималар”, “Суралар” каби қисмлардан иборат.
“Ҳарфлар” бўлими орқали мад харфларигача бўлган 28 та ҳарфнинг барчасини алоҳида ўқиб тушунтирилган. Араб ҳарфларини ўрганиш билан бирга ҳарфларнинг махраж ва сифатларига риоя килган ҳолда мукаммал талаффуз қилишни ўргатилган.
“Қоидалар” қисмида “Мад”, “ташдид”, “танвин”, “алиф ва ҳамза”, “лом”, “васл”, “вақф”, “идғом", “иқлоб” каби қоидаларга мундарижа орқали кириб, уларни батафсил ўрганиб олиш имконига эга бўлинади.
“Калималар” қисмида эса ҳар бир мусулмон билиши лозим бўлган етти имон калимаси жойлаштирилган: Калимаи тоййиба (тўғри сўз), Калимаи шаҳодат (иқрор калимаси), Калимаи тавҳид (тавҳид калимаси), Калимаи раддил куфр (куфрни рад этиш калимаси), Калимаи истиғфор, (мағфират сўраш калимаси), Калимаи тамжид (улуғлаш калимаси), Имони мужмал (имоннинг қисқа ифодаси) ва Имони муфассал (имоннинг батафсил ифодаси).
“Суралар” қисмида “Фотиҳа”, “Бақара” сурасининг аввалги 5 ояти ҳамда “Шамс” сурасидан “Нас” сурасигача бўлган суралар илова қилинган.

 
  1. Ал-Фотиҳа онлайн хизмати. Ушбу хизматга мўмин-мусулмонлар ўзларининг қироатларини юборишлари мумкин. Ижозали ва тажрибали устозлар томонидан ушбу тиловатлар текширилиб, хато ва камчиликлари мухлисларга етказилади. Зеро, Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ҳам ўргатувчилардир!”, дея марҳамат қилганлар.
Эслатиб ўтамиз Ал-Фотиҳа онлайн хизмати 2021 йил февраль ойида ишга туширилади, инша Аллоҳ.
 
 
  1. Ҳар бир ҳудуд учун алоҳида намоз вақтлари. Намоз энг улуғ фарз амал ҳисобланади. У банда Аллоҳнинг неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп.
Намоз ибодати бир кунда беш марта фарз қилинган. Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, унга дунё ва охиратда яхши ваъдалар берилган. Зеро, Қуръони каримда “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир”, дейилган (Нисо сураси, 103-оят).
Шу нуқтари назардан мўмин-мусулмонларимиз муҳим ибодатларини ўз вақтида адо этишларида ушбу иловадаги ҳар бир ҳудуд учун алоҳида намоз вақтлари энг яқин кўмакчи бўлади.
 
 
  1. Қиблани аниқловчи кўрсаткич. Намоз ўқишда юзланиб турадиган томон “қибла” дейилади. Қибла Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжидул-Ҳаромдаги Каъба ўрнашган жойдир. Масжидул Ҳаромдаги кишилар Каъбанинг ўзига, бошқа минтақалардагилар эса Каъба бор тарафга юзланиб намоз ўқийдилар. Шунинг учун тўрт томондан Каъба жойлашган тарафга қараб ўқилса, намоз адо бўлади. Намоз ўқувчи қибла қайси томон эканини билмаганида уни аниқлашга ҳаракат қилмай бирор тарафга қараб намоз ўқиса ва у томон қибла бўлса ҳам қиблани аниқлашга ҳаракат қилмагани учун намозини қайта ўқийди. Ислом динида қибла қайси томонда эканини билишга ҳаракат қилиш, ўзи билмаса, албатта билишга интилиш шарт.
Шу боис, намозхонлар учун турли жойларга борганда ёки сафарга чиққанда қиблани аниқлашда қулайлик қилиш мақсадида, ушбу иловада Қиблани аниқловчи кўрсаткич хизмати жойлаштирилган.
 
 
  1. Қуръони карим тиловатлари. Каломи шариф тиловати жуда ҳам фазилатли амал. Унинг тиловати нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта таъсири каттадир. Қуръони карим қироатининг ўзига яраша қалбга, ҳис-туйғуга боғлиқ бир қанча сирлари бор. Зеро, уни танглаш ниҳоятда савобли ишдир. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”. Ибн Жазвий “Ушбу оятга кўра, Қуръонга қулоқ солувчига раҳмат ниҳоятда яқин бўлади”, деганлар.
Шуни ҳисобга олган ҳолда мазкур иловада энг машҳур қори Халил Хусорийнинг Қуръони каримнинг 30 жузи тиловати ўрин олган. Шу кунларда Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлининг Қуръони карим қироатини ёзиш ишлари олиб борилмоқда, яқин кунларда илова қилинади. Келгусида энг хушовоз ва мужаввид қориларнинг қироатлари билан янада бойитиш режалаштирилган.
 
 
  1. Кундалик зикр ва дуолар. Аллоҳни зикр этган ва Унга дуо қилган инсоннинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қилади, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (хотиржамлик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзини эслаган банданигина эслайди: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152)
Ушбу иловада кун давомида белгиланган вақтлар ва ҳар хил ҳолатларда ўқиш тавсия этилган зикрлар ва мустажоб дуолар Набий алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар асосида баён этилган. 

Al-Quran.uz иловаси қатор инновацион ишланмалар бўйича қулайдир. Айни пайтда иловани App Store ва Google Play тизимидан юклаб олиш мумкин. Илова IOS ва Андроид мобиль тизимларда ишлаш имкониятига эга.
 
Маълумот ўрнида, Al-Quran.uz иловаси лойиҳаси раҳбари Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли 1995 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилган. 1998 йил университетнинг Эъдодия-тайёрлов бўлимини, 2001 йилда эса Санавия- бошланғич бўлимини тамомлаган.
2002–2007 йилларда Шариат ва Қонун факультетида таълим олган. 2008 – 2012 йилларда Улумул Қуръон ва қироат илмларига хосланган илм даргоҳида таҳсил олган. Ҳозирда эса Ал-Азҳар университетининг Даъват факультетида таълимни давом эттирмоқда.
Шайх Алижон қори Қуръони карим ва тажвид илми матнлари бўйича энг мўътабар устозларнинг ижозаларини олган. Шунингдек, у дунёдаги машҳур қироат алломаларига Қуръони каримни табаррукона ўқиб берган.
Бугунги кунда Шайх Алижон қори дунёнинг кўплаб қироат илми уламолари томонидан эътироф этилган забардаст қорилардан биридир. У 10 хил қироат соҳиби бўлиб, Қуръон таълимида минглаб шогирдларнинг устози саналади.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Al-Quran.uz иловасини тайёрлаш ва тақдим этишда бир гуруҳ соҳа вакиллари, ижодкорлар ва техник мутахассислар самарали меҳнат қилдилар. Ўз навбатида ушбу садақаи жория каби улуғвор ишда иштирок этган барча азизларимизга Аллоҳ таолодан улуғ ажру савоблар тилаймиз ва уларнинг зурриёдларидан ҳам Қуръон ҳофизлари чиқишини илтижо қилиб, сўраймиз.
Мана шундай хайрли ниятлар ва савобли ишлар баракотидан, элимизга файзу футуҳ, тинчлик-омонлик ва қут-барака доимо барқарор бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз.
Аллоҳ таоло ушбу инновацион лойиҳани барчамизга муборак айласин.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати