ҚУРЪОНИ КАРИМ ВА ҲАДИСЛАРДА ШУКР ҚИЛИШ ВА УНИНГ ФАЗИЛАТИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Давоми, боши аввалги сонда
Қуръони каримда барча жонзот ва қушлар инсонлар каби “Уммат” эканлиги таъкидланади. Мана шу таъкид инсонни ўзи каби уммат бўлган барча жонлиларга нисбатан меҳрибон бўлишга ундайди. Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонларга фойда келтирадиган неъматлар қилиб яратди. Шу жиҳатдан, инсонлар бу неъматлар учун Парвардигорларига шукр қилиб, ўзлари учун фойдали ва зарур бўлган ҳайвонот дунёсини қўриқлашлари ва сақлашлари лозим бўлади. Шукр қилиш эса, икки йўл билан бўлади. Биринчиси, бундай неъматларни ато этган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш бўлса, иккинчиси Парвардигор ато қилган неъматлардан фойдаланишда унинг кўрсатмасига мувофиқ иш юритишдир. Исломда ҳайвонот оламига ҳеч қандай зарар етказиш мумкин эмаслиги қатиқ таъкидланади. Ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Пайғамбар (с.а.в) олдиларидан юзига тамға босилган эшак олиб ўтилди. Шунда у зот: “Менинг ҳайвонларнинг юзига тамға босган ва уларнинг юзига урганларни лаънатлаганим сизларга етмаган эдими? ” -дедилар”. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Бир аёл ўзининг мушиги туфайли дўзахга кирди. Уни боғлаб қўйиб, унга таом ҳам бермади, уни ердаги нарсалардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормади. Ҳатто, у озиб-тўзиб ўлди” деганлар. Кўриниб турибдики, Ислом ҳайвонларини мақсадсиз ўлдиришни катта гуноҳ ҳисоблаб, қатъий ман қилади. Чунки, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар фойдаси учун яратган. Аллоҳ таоло яратган жонворларни бехуда ўлдириш унинг неъматларига нисбатан ношукурлик ва нон кўрликдир. Худди ҳайвонат олами каби наботот яъни, ўсимликлар олами ҳам Аллоҳнинг инсонларга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса, ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас еди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ бу оламни инсонга ҳаёт воситаси бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратган. Буни Аллоҳ таоло “Абаса” сураси 24-32-оятларида ҳам батафсил баён қилган.Аллоҳ таоло наботот оламини инсоннинг барча фойда, манфаати учун ростлаб қўйгандир. Ислом таълимоти инсонга ва унинг жамиятига фойда етказувчи барча нарсаларни йўқотиш, зарар етказиш ва исроф қилишни ҳаром қилган.
Аллоҳ таоло “Қоф” сураси 9-11-оятларида шундай марҳамат қилган: “Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан улкан шаҳарни тирилтирдик”. Бу оятлардан биламизки, наботот олами бандалар учун ризқдир, бандаларнинг эса ўз ризқларини эҳтиром қилишлари ҳамда улар учун шукур келтиришлари, наботат оламига нисбатан тўғри муомилада бўлиши лозим. Аксинча наботот оламига нисбатан ёмон муомила Аллоҳнинг ғазаби ва азобига олиб келади. Наботот олами, ундан фойдаланиш йўл-йўриқлари ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган.
Деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига тарғиб қилувчи кўплаб ҳадису шарифлар ҳам мавжуд. Шулардан баъзиларини келтирамиз: Пайғамбаримиз (с.а.в) “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Демак барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳавлиларимизга, маҳаллаларимизга дарахт ва гул кўчатларини эксак ва ундан кимдир манфаат олса бундан бизга савоб ҳосил бўлишини тушиниб саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.
Яна бир ҳадиси шарифда айтилишича: “Экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи ўша дарахтни эккан кишининг номаи амалига ёзилади”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Банда вафот этиб қабрга кирганидан сўнг ҳам етти нарсадан унга ажр бориб туради: илм ўргатган бўлса, масжид қурган бўлса, Қуръон мерос қолдирган бўлса ёки ўлганидан сўнг истиғфор айтиб турадиган фарзанд бўлса” дедилар. Бу ҳадисда табиатни қилиш билан боғлиқ ариқ ўтказиш, қудуқ қазиш ва хурмо экиш каби ишлар илм ўргатиш, масжид бино қилиш ва Қуръон карим мерос қолдириш каби улкан савобли ишлар билан бир қаторга қўйилган.
давоми бор....
Нормурод домла Шоимов
Китоб туман Севаз жомеъ
масжиди имом хатиби