Cоғлигимизни қадрлайлик
Инсон учун соғлик-саломатлик энг муҳим ҳисобланади. Инсонга ҳаётдаги ҳар қандай яхши ҳолатлар яъни шодлик, бахтли кунлар, гўзаллик, роҳатланиш-буларнинг барчаси одамзод соғлом бўлсагина унга татийди. Ҳатто бир аъзоси оғриб қийналса қанчалик бадавлат бўлмасин унга ўз соғлигидан бошқа нарса кўринмайди, албатта. Шунинг учун ҳам халқимизда «саломатлик – туман бойлик» деган нақл мавжуд.
Ҳадиси шарифларда Пайгамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: “Беш нарсадан аввал беш нарсани ғанимат билинг; кексаликдан аввал ёшликни, бетобликдан аввал саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, бир ишга машғул бўлишдан аввал бўш вақтни ва ўлим келмасдан аввал ҳаётлик вақтни” (Имом Байҳақий, Имом Ҳоким ривояти).
Бу ҳадисда олам-олам маъно мужассам, умр ўтиб қўймасдан ёшликни қадрлашимиз, хасталик бўлмасдан аввал ўз соғлигимиз ҳақида қайғуриб, уни асраб авайлашга, ўлим соя солмасдан туриб, ҳаётда савоб ва эзгу амаллар қилиб қолишга, охиратга тайёр бўлишга ундалмокда. Инсон соғлом бўлса, соғлом фикрли бўлса, соғлом ниятли бўлса –у ҳеч қачон йўлида адашмайди. Шунинг учун ҳам халқимиз “Соғ танда-соғлом ақл” деб бекорга айтмайди. Чунки ҳар бир эзгу ишни бошлаши, эзгу мақсад сари интилиши албатда унга эришиши соғлиққа бориб тақалади. Киши соғлом бўлсагина барча иши кўнгилдагидай тугатиши мумкин.
Айникса, ҳозирги мураккаб қалтис замонда дунёни барча минтақаларида коронавирус эпидемия хасталиги тарқалиб, кишининг жамиятнинг бош мақсади –инсон саломатлигини асраб-авайлаши керак бўлган бир пайтда ҳар бир инсон ўз саломатлигига жуда эътиборли бўлмоғи зарурдир.
Соғлик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг катта неъматларидан биридир. Ана шу улуғ неъматни асраб-авайламоқ биз бандаи мўминларни энг саодатли бурчимиздир.
А.Раҳматов
Яккабоғ тумани.»Толлибулоқ»
масжиди имом хатиби.