1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

УНДАЙ БЎЛСА УМРИМИЗ ЙИҒИДА ЎТИШИ ЛОЗИМ..

7-10-2020, 10:45 382 Ўқиш режими + -
(Асли ақидада ким адашган?)

Робиъ ар-Раъй раҳимаҳуллоҳ йиғлар, сабаби сўралса:
– Фатвога лойиқ бўлмаган аҳли илмлар фатво беришаётгани сабабли йиғлаяпман, улар дўзах оловида ёнмасалар эди, дер экан.
Ундай бўлса, авомнинг* энг нозик масалаларга сира ҳам қўрқмай фатво бериб юбораётганидан бир умр йиғлаб ўтишимизга тўғри келса керак.
* Бу ўринда фатвога лойиқ илми у ёқда турсин, умуман илмсиз, фақатгина бошқалардан эшитиб олган ёки ёзилганлардан ўқиб олган кимсалар назарда тутилган.
Шайх Низол ибн Иброҳим Ола Рошший
Шайх Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг  "Усулул ифтоъ" китобида бундай келтирилган:
Мусъаб раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан бир масала ҳақида сўралди.
У киши: "Билмайман", деди.
Сўровчи: "Ахир бу кичкина ва енгил масала-ку, мен уни амирга билдирмоқчи эдим-да", деди. Сўровчи қадри баланд кимсалардан эди.
Шунда имом Молик ғазабланиб деди: "Енгил ва осон масала?! Илмда енгил, осон масала бўлмайди.
Сен Аллоҳ Ўз  каломида "Албатта, Биз сенинг устингга оғир сўзларни ташлаймиз" (Муззаммил, 5), деб айтганини эшитганмисан?
Илмнинг ҳаммаси оғирдир. Хоссатан, қиёмат куни у ҳақида сўраладигани жуда ҳам оғир!", деб айтди.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум, салафлар раҳимаҳумуллоҳ иложи борича фатво беришдан ўзларини олиб қочганлар.
Баъзан имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан эллик масъала сўралар ва у киши биронтасига ҳам жавоб бермас эканлар.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан бирон масъала сўралса, ранглари ўзгариб кетар экан.
Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳдан бир масала сўралса индамай турарканлар. "Жавоб бермайсизми?", дейилса, "Жавоб яхшими ёки сукутми, шуни билолмаяпман", дер экан.
Имом Нахаъий раҳимаҳуллоҳдан бир нарса фатвоси сўралса, қошлари чимирилиб, безовта бўлиб қолар экан.
Улуғларимиз: "Фатво айтувчи, жаннат ва дўзах ўртасида туради", деб айтганлар.
Бу зикр қилинган улуғ алломалар илмда, ҳилмда, тақвода ва ҳоказоларда биздан мислсиз устун бўлишган. Илло, улар фатво масъулияти қанчалар оғирлигини, қиёмат куни фатво сабабли сўралишини, нотўғри фатво учун гуноҳкор бўлиш мумкинлигини чуқур мушоҳада қилишган. Аллоҳ таолодан  қўрқиб, титраб қолишган.
Бугунги кунимизда эса фатво масъулиятини чуқур ҳис қилмай, фатвога журъатларимиз денгиздай тошиб кетди.
Сўралган қолиб, сўралмаганлар жавоб беришга илдам бўлдилар.
Саволга уламоларимиз ва аҳли илмларимизнинг энг лойиқлари фатво беришлари, қолганлар эса ўша фатвога амал қилиши лозим.
Аҳли илмларимиз эса кенг қалбли, фатво масъулиятини чуқур ҳис қиладиган, охиратдаги савол-жавобда берилган фатво сабабли юзлари ёруғ бўлишини истайдиган бўлишлари керак.
Аниқ билмаган нарсага жавоб бермасанг, гуноҳкор бўлмайсан ва қиёматда бундан сўралмайсан ҳам. Аммо,  бирон масалага жавоб бердингми, бу ҳақида сўраласан. 
Шундай экан,  жавобга шошилмайлик ва илмий саволларни ўз мутахассисларига ҳавола қилаверайлик.
Ҳозирда имом Мотуридий ва Ашъарий раҳимаҳумаллоҳни адашганликда айблаётган кишилар ҳам бор. Улар наздида бутун умматнинг деярли учдан иккисидан ортиғи ақидавий имом деб тан олган бу икки имом залолатда бўлиб, уларга эргашганлар ҳам залолатда экан. Фақатгина шу иддаони қилаётганлар ва улар йўлини тутганларгина аҳли тавҳид экан, қолганлар эса дўзахи.
Уммати Муҳаммаднинг деярли барчаси танийдиган олимларининг аксари ақидада мотуридий ёки ашъарий бўлишгани маълум. Барча мотуридий ва ашъарий мусулмонлар ҳаққан аҳли тавҳиддир.
Минг йилдан ошиқ вақтдан бери ақидада мотуридий  ва ашъарий мазҳабини тутишган барча мусулмонлар адашган-у, пайдо бўлганига икки юз йилдан ошиқроқ  бўлганлар "тўғри йўлда" экани ғалати.  (Имом Мотуридий туғилганига 1167, имом Ашъарий туғилганига 1146, ибн Абдулваҳҳоб туғилганига 317 йил бўлган).
Фаразан агар уларнинг бу ёлғон иддаолари тўғри дейилса, унда улар пайдо бўлгунича ўзлари юртида амалда бўлган ашъарий ва мотуридий ақидасидаги олимларнинг уларнинг ота-онасига ўқиган никоҳи ботил, ўзлари беникоҳ туғилган бўлиб қолмасмикан,  ажиб а?!!!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
“Аллоҳ таоло ҳар юз йилнинг бошида сизларнинг динингизни янгилаб берадиган бир мужаддид (динни янгиловчи) юборади”, деб айтганлар.
 Абу Довуд ривояти. Саҳиҳ.
Ҳадисда келтирилган “Янгилаш”дан мурод дин аҳкомлари ва асосларини ўзгартириш дегани эмас, балки унга сизиб кирган турли бидъат-хурофотлар, нотўғри таъвил ва ботил тўқималардан тозалаш назарда тутилган.
Бу ҳадис шарҳида уламоларимиз  ҳадисдаги  "ман" калимаси исми мавсула бўлиб кўпчиликни ифодалайди деб айтганлар. Яъни, диндаги бидъатларни тозаловчи уламолар юборилади.
Имом Заҳабий бу ҳадисдаги динни янгиловчи кимсадан мурод жамъ бўлиб, яъни кўпликни ифода этган, бирликни эмас, деб айтган. Демак, ҳар юз йил бошида умматни бидъат-хурофотлардан қўрувчи мужтаҳидлар, уламолар чиқишади. Бу саҳиҳ ҳадис билан собит бўлган амалдир.
Энди эътибор қиламиз, ушбу саҳиҳ ҳадисда ҳар юз йил бошидаги мужтаҳидлар келиши ва улар динда собит туриши, бидъатларга қарши курашиши айтилган.
Аммо мотуридий ва ашъарийларни адашганликда айблайдиган тоифалар эса ушбу саҳиҳга ҳадисга зид ўлароқ сўзлашади. Яъни, минг йилдан ошиқроқ вақтдан бери ақидавий мазҳаб уламолари бўлган мотуридий ва ашъарийлар адашган залолатда бўлишса ва пайдо бўлганига уч юз йилча бўлганларгина тўғри йўлда бўлса, унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари ёлғон бўлиб қолмайдими? Науузу биллаҳ. Орадаги етти юз йилдан ошиқ вақтда мусулмон уммати адашиб юраверган, ўша даврдаги бутун дунё мусулмонлари эътироф этган уламолар ҳам бу ҳолатни индамай кузатиб тураверган экан-да, шундайми?
Аллоҳ асрасин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган динни бидъат-хурофотлардан тозалаган ва қиёматгача тўғри йўллигича қоим турадиган ақида айнан мотуридий ва ашъарий ақидасидир.
Имом Мотуридий айнан имом Абу Ҳанифа ақидасини, имом Ашъарий айнан имом Молик, Шофеъий, Ҳанбалийлар ақидасини намоён қилганлар.
Аввалда ва ҳозирда ҳам бутун дунё мусулмонлари тан олган уламоларнинг деярли барчаси ашъарий ва мотуридий ақидавий мазҳабида бўлишган.
Зотан, имом Мотуридий ва Ашъарий раҳимаҳумаллоҳ айни салафи солиҳлар йўлини тутишган.
Ҳозирги кунда  фейсбук, телеграм, инстаграм ва ҳоказо фақатгина интернет воситалари орқали ўзларини кўпчиликдай кўрсатаётган айрим укаларимиз аслида дунёдаги мусулмонларнинг энг кам фоизини ташкил қилишади.
Агар Мотуридий ва Ашъарийлар бирлашиб ҳаракат қилишса, бу озгина тоифани пуфлаб учириб юборишлари шубҳасиз.

Манба: Азон.уз