Ийсо алайҳиссаломнинг тушишлари.
Ийсо алайҳиссаломнинг ер юзига қайта тушишлари қиёмат қоим бўлишидан олдин содир бўладиган энг улкан аломатлардан биридир. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ҳам ёрқин далолатлар бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур. Сўнг хочни синдирур. Чўчқани ўлдирур. Жизяни бекор қилур. Молни кўпайтирур. Ҳаттоки бирор киши уни қабул қилмай қуюр. Ҳаттоки битта сажда дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолур», дедилар».
Сўнгра Абу Ҳурайра:
«Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ийсо алайҳиссалом қиёматга яқин қолганларида ерга тушиб Ислом шариати ила ҳукм юритиб ҳамма ёқда адолат ўрнатадилар. У кишининг хочни синдиришлари хоч аҳлига қарши бўлиб, уларни йўқ қилишларидир. Чўчқани ўлдиришлари ҳам унга тегишли нарсаларни йўқ қилишларига ишорадир. Жизяни бекор қилишлари эса Исломдан бошқа диндагилардан мусулмонликдан бошқа нарсани, жумладан, жизяни ҳам қабул қилмасликларидир.
( давоми бор)
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ ИШИ дан олинди