Ақоид илми уламолари қиёматнинг улкан аломатлари сифатида юқорида ўтган аломатларни зикр қиладилар. Баъзилари яна бир иккитасини ҳам қўшадилар. Аммо кишилар ўртасида имом Маҳдий ҳақларида кўп саволлар бўлади. Шунинг учун биз у киши ҳақида ҳам маълумот бериб ўтишни лозим топдик. Имом Маҳдийнинг чиқишлари ҳам қиёматнинг аломатларидан бири бўлади.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақларида мусулмон уламолар орасида қадимдан у кишининг охири замонда чиқишлари борасида кўпгина баҳслар ўтган. Бу баҳслар натижаси турлича бўлиб чиққан.
Шийъа мазҳабидагилар имом Маҳдийни-Маҳдий мунтазар-интизор бўлиб турилган Маҳдий дейишади.
Аҳли Сунна вал жамоа мазҳабидаги уламолар бу масалада ўзаро алоҳида баҳс юритганлар. Баъзи уламолар, бу борада келган барча ҳадислар заифдир, деганлар.
Уламолар бу хусусда бир неча умумий хулосалар чиқаришган;
- Охири замон бўлганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оли байтларидан, Ҳазрати Али ва Биби Фотима розияллоҳу анҳумоларнинг ўғиллари имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг наслидан имом Маҳдий розияллоҳу анҳу чиқадилар.
- 2. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишлари қуйидагича бўлади; Бир халифа ўлганда мусулмонлар ўртасида ихтилоф бўлади. Аҳли Мадийнадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Бас, унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам уни чиқариб Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Ана ўша киши Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.
- 3. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳуга қарши Шомдан аскар юборилади. Шомдан юборилган аскарларни Макка ва Мадийна орасидаги сайҳонликда ер ютади.
- 4. Қачон одамлар ўшаларни ер ютганини кўрганларида Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг олдига Шомнинг Абдоллари-авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга байъат қиладилар.
- 5. Сўнгра қурайшдан тоғалари Бани калбдан бўлган бир киши чиқади. Бас, Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу уларга қарши аскар юборади ва уларга ғолиб келади. Кейин Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни тақсим қилади.
- 6. Сўнгра Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу одамлар орасида Набийлари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига амал қилади. Ислом ер юзида қарор топади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу зулм ва жаврга тўлган ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради.
- 7. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни сочади, уни санамайди. У кишининг даврларида молу мулк кўпайиб кетганидан ва ўзлари сахий бўлганларидан шундоқ бўлади.
- 8. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу халифа бўлган ҳолда етти йил қоладилар. Сўнг у киши вафот этадилар ва мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқийдилар.
(давоми бор)
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ ИШИ дан олинди