1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САБР ҲАҚИДА КЕЛГАН ҲАДИСЛАРДАН НАМУНАЛАР

15-10-2020, 14:14 769 Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг келадиган бирор зот йўқ. Улар У зотга тенгдош қилурлар. Улар У зотга бола қилурлар. Шундоқ бўлса ҳам У зот уларни ризқлантирур ва афв қилур», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.

Ўзига озор берганларнинг қилмишларига сабр қилиш ва уларни афв қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг хулқи ила хулқланинглар» деганлар. Мўминлар ҳам имкони борича бу хулқни ўзлаштириб олмоқлари лозим.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: тақсим қилдилар. У зот баъзи тақсимларига ўхшатиб тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши: «Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Бас, мен «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман» дедимда у зотнинг ҳузурларига бордим. 
У зот ўз саҳобалари билан эканлар. Мен у зотга у айтган гап ҳақида сир равишда хабар бердим. Бу у зотга оғир ботди. У зотнинг юзлари ўзгариб, ғазаблари чиқиб кетди. Ҳатто мен «у зотга хабар бермасам бўлар экан» дедим. Сўнгра у зот: «Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб сабр қилган эди», дедилар. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Бу ривоятда номи зикр қилинмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:га қаттиқ озор берган одам Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ эди.
 Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятини ҳам ўргансак тўлиқроқ маълумот олсак ажаб эрмас.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳунайн куни бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимлашда баъзи одамларни устун қўйдилар. У зот ал-Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя бердилар. Уяйнага ҳам шунча бердилар. Арабларнинг ашрофларидан баъзиларига ҳам бердилар ва уларни ўша куни тақсимлашда устун қўйдилар. Шунда бир киши: «Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда адолат қилинмади. Бунда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.

Бас, мен «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман» дедимда у зотнинг ҳузурларига бориб у айтган гап ҳақида хабар бердим. 

У зотнинг юзлари ўзгариб тери бўяладиган қизил қонга ўхшаб кетди ва: «Агар Аллоҳ ва Унинг Расули адолат қилмаса, ким адолат қилади?! Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб сабр қилган эди», дедилар.

Шунда мен «Бундан кейин у зотга гап кўтариб келмасам бўлар экан» дедим». Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларини улфат қилиш лозим бўлган кишиларга ўлжадан кўп нарса берган эдилар. Уларнинг ичида ушбу ривоятда номлари зикр қилинган ал-Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ва бошқа задогонлар бор эди. Тақсимлашдаги ҳикматни англаб етмаган Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ бу ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни адолатсизликда айблашга бориб етди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ушбу тақсимлаш айни адолат эканини ва ҳалиги танқидчининг гапи озор эканини баён қилдилар. У зот ўзларига озор берган одамни жазолашга қодир бўлсалар ҳам сабр қилиб уни афв этдилар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ривоят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узун ҳадисларидан олинган иқтибосдир. Мазкур ҳадисда шулар айтилади:Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда У зот: «Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши эканлиги тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса норози бўлмайди, кўп бўлса ховлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

давоми бор....

Нормурод домла Шоимов
 
Китоб туман Севаз жомеъ
    масжиди имом хатиби