НАМОЗ ЎҚИШНИ ЎРГАТАДИГАН ЖОЙНАМОЗНИ КАШФ ҚИЛГАН ОДАМ
2979
15-10-2020, 15:59
570
Ўқиш режими
+
-
Бир куни кечқурун Жанубий Уэльсда яшовчи дизайн технологияси профессори Камол Али ўзининг ноутбукида ишлаётганда 4 ёшли ўғли Ҳамзага кўзи тушди. Ҳамза сажда қилишга тиришар, аммо қўллари, тиззалари, пешоналари ёки бурунлари билан нима қилишни билолмас эди.
"Мен унга намоз ўқишни осонлаштирадиган, қўл-оёқ, тизза, пешона ва бурун учун белгиланган жойлари бўлган жойнамозни тасаввур қилдим. Илгари маҳсулот дизайни билан шуғулланганим фойда берди”, дейди Камол.
Камол интернетда ўғлига сотиб олиш учун болалар учун қулай жойнамоз қидирди, аммо ҳеч нарса тополмади. Шундай қилиб, у дарҳол ноутбукда дизайн дастурлари пакетини очди ва ўзининг дизайн ғояларини ишлаб чиқишни бошлади. Бир неча кун ичида у якуний дизайнини тайёр қилди. Сўнгра Камол намунани ясаш учун Хитойдаги илгари мавжуд алоқаларидан фойдаланган.
"Мен тайёр бўлган намунани олганимда, бу жуда ҳаяжонли лаҳзалар эди, мен ҳеч қачон ўғлимга ёрдам учун намоз гиламчасини яратаман, деб ўйламаган эдим. Кўз олдимда турган намунада мен яна кўплаб имкониятларни кўришим мумкин эди. Ён томонидаги тугмачаларни босилганда товуш чиқариш учун ўзгартириш, тугмача орқали болаларга таҳоратни ўргатиш ҳам мумкин. Менинг яна бир йил умрим болалар жойнамозини такомиллаштириш билан ўтди", - деб тушунтирган Камол.
Якуний маҳсулот сенсорли, интерактив жойнамоз бўлиб, намоз вақтлари олдиндан ёзиб қўйилган калитлари, таҳорат олиш, сура ва дуоларни қандай ўқиш ва бошқалар киритилган эди.
Бир йил давомида интерактив жойнамозни ишлаб чиққандан сўнг у яна бир қийинчиликка дуч келди. Ушбу ибодат маҳсулотларни тайёрлаш учун у катта миқдордаги маблағ керак эди.
– Менинг асл ниятим болаларга намоз ўқишни ўрганишда ёрдам берадиган юқори сифатли маҳсулот яратиш эди. Энг муҳими, болалар ибодат қилишдан ва намознинг турли жиҳатларини ўрганишдан мамнун бўлишади. Бу мен учун энг муҳими», - деган у.
Камолнинг оиласига олдидаги молиявий мажбуриятларидан хавотирланиб, унинг бошига шубҳалар кириб келди. Бироқ, истихора намозидан кейин у "Бисмиллаҳ"ни айтиб дастлабки 2000 интерактив жойнамоз ясаш учун пул юборди. Шу тариқа ҳозир бутун дунёга тарқалган намозни ўргатадиган жойнамоз пайдо бўлди.
Сармоя учун пул йўқлиги сабабли, у дўсти ёрдамида веб-сайт ва рекламани ўзи тайёрлади. У бекорга ташвишланган эди: жойнамозларнинг ярми Буюк Британияга келмасдан сотилиб кетди!
– Алҳамдулиллаҳ, товар келиши биланоқ, тезда тугаб қолди. Жойнамознинг дунё бўйлаб бунчалик тез тарқалиши менинг хаёлимга ҳам келмаган эди", деб эслайди Камол.
Ҳозирги кунда бутун дунё болаларига намоз ўқишда ёрдам бераётган интерактив жойнамоз кўплаб тилларда ишлаб чиқарилмоқда.
Камол мамнуният билан дейди: “Мен ушбу жойнамозни ўғлим Ҳамзанинг саждани тўғри қилиши учун ўйлаб топган эдим, бугун болам жойнамозни кўргач, биринчи навбатда сажда қилишни хоҳлайди! Алҳамдулиллаҳ".
Аллоҳ Камолни қилган саъй-ҳаракатлари учун улкан мукофотласин ва намозни ўргатувчи жойнамози муваффақият қозонишда давом этаверсин. Омин.Манба: Азон.уз