1445 йил 11 Шаввол | 2024 йил 19 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:33
Sunrise
05:55
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:18
Isha
20:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЖОИЗ БЎЛГАН ИСМЛАР(ФЗИЗ, ГУЛНОРА, ШАҲРУЗА, НАРГИЗА, РОБИЯ, МАҲДИЙ,)

19-10-2020, 11:38 8 371 Ўқиш режими + -
Савол: Азиз исмини қўйиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, бу исмни қўйиш жоиздир. Бу исм – кучли, мустаҳкам маъноларини англатади. Валлоҳу аълам.
Савол: Онамнинг исмлари Гулнора. Баъзилар бу исм “дўзах гули” деган маънони англатади, деб айтишмоқда. Бу исмни ўзгартирмасак бўладими?
Жавоб: Бу исм ёмон исм эмас. Айримлар шундай нотўғри тушуниб қолишган. Исмни ўзгартирманглар.
Савол:  Менинг исмим Марат. Бу исмни Татар ва Кавказ Ўрто Осиё халқларида кўпроқ учратамиз. Исмимнинг асл маъносини қандай?
Жавоб: Марат исми Мурод исмининг бироз ўзгарган шакли бўлиб, “мақсад”, “ният” маъноларини англатади. Валлоҳу аълам.
Савол: Менинг исмим Латифжон. Ушбу исм Алоҳнинг исмлари ва сифатларидан эканлиги биламан. Исмимга “Абду” қўшмаса ҳам бўладими?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг баъзи исмларини бандаларга исм қилиб қўйиш жоиз бўлиб, Латиф исми ана шу исмлар жумласидандир. Агар Ал-Латиф дейилса, Аллоҳ таоло ирода қилинган бўлади. Шунга кўра, сизнинг Латифжон исмингиз нотўғри исм эмасдир. Валлоҳу аълам.
Савол: Бир яқин танишимнинг исми Жалол. Интернетдан Аллоҳ таолонинг Жалол деган исмини тополмадим, балки Жалил (энг улуғ, буюк) деган исми бор экан. Биз Жалол исмини ўрнига Абдужалол деб айтишни режа қилган эдик. Абдужалол деб чақирсак бўладими?
Жавоб: Дўстингизга Абдулжалол эмас, балки Жалолуддин деб мурожаат қилсангизлар мақсадга мувофиқ бўлади.
Савол: Бир яқин инсонимиз чақалоққа Улуғназар деб исм қўйиш ниятида эканлар. Бошқа бири эса Камол ёки Камолиддин исмини маъқул топибди. Шу исмларни қўйиш жоизми?
Жавоб: Бу исмларни қўйишнинг зарари йўқ, яъни жоиздир. Лекин ундан ҳам гўзали Аллоҳ таолога қулликни билдириб турадиган, “абду” сўзига Аллоҳ таолонинг бирор исми туташган Абдуллоҳ, Абдулфаттоҳ, Абдураҳмон каби ёки Муҳаммад, Аҳмад каби пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари бўлса янада гўзал бўлади. Валлоҳу аълам.
Савол: Рамазон ойида Аллоҳ қиз фарзанд ато этди. Ўзбек исмлари китобини ўқиб Шаҳруза исмининг маъноси билан танишиб қизимга Шаҳруза деб исм қўйдим. Китобда берилишича Шаҳруза исмининг маъноси Рамазон ойида туғилган, аслзода қиз мўътабар қиз экан. Қизимнинг исми исломий исмларданми?
Жавоб: Бу исмни қўйиш жоиздир. Яхши исм қўйишлик ота-онанинг зиммасидаги фарзанднинг ҳаққи бўлгани учун исм қўйишда иложи борича бирорта олим киши билан маслаҳатлашиб кейин қўйишлик муносиброқдир. Валлоҳу аълам.
Савол: Ирода, Рўёббек исмлари диний исмлар ҳисобланадими?
Жавоб: Маъно эътиборидан бу исмларни қўйишликнинг зарари йўқ. Лекин бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсияларига амал қилишлик мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.
Савол:  Мен пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламни 99 исмини ўқиб қолдим. Булар иcнида Жаббор исми ҳам бор экан. Менинг исмим АбдуЖаббор қариндош амакиларим ҳазиллашиб, Жаббор оға дейишади. Бундай аташ жойизми?
Жавоб: Жаббор Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидандир. Шунинг учун бунга Абду сўзини қўшиб, Абдулжаббор дейиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Савол: Исмимни қай тарзда ёзсам тўғри бўлади Абдурроҳман ёки Абдурраҳман ё умуман бошқачами?
Жавоб: Аслида араб тилида Абдур-роҳман дейилади. Бизнинг ўзбек тилимизда эса Абдураҳмон деб ишлатилади. Бу жоиздир. Валлоҳу аълам.
Савол: Ўғил болага Шерзодбек исмини куйиш жоизми, маъноси кандай?
Жавоб: Ҳа, бундай исмни қўйиш жоиз. Бунинг маъноси “Шернинг боласи” дегани. Кишилар фарзандларини шер каби довюрак ва жасур ўғлон бўлсин деб шундай исм қўйишади.
Савол: Ёшим 24 да. Кўнглимга ёққан бир қиз бор. Исми Наргиза. Унга уйланиш ниятида эдим, лекин яқинларим уни исми хосиятсиз дея унга уйланишимга қаршилик қилишди. Айтишларича, бу исм “дўзах гули” деган маънони билдирар экан. Ўзим бу нарсаларга эътибор бермайман, аммо қариндошларимни ҳам сўзларини рад этиб, улар билан алоқаларимни кескинлашиб кетишини истамайман. Маслаҳат берсангиз.
Жавоб: Наргиза деган исм ёмон исм эмас. Ота-онангиз ва маслаҳат олишингизга муносиб бўлган қариндошлардан маслаҳат олиб уйланишингиз мумкин. Бу исм дўзах гули деган маънони англатмайди. Бу исм арабча исм эмас. Араб тилидан илми бўлмган кишилар шу гапни айтишади. Бу исм “гўзал юзли” деган маънони англатади дейилган. Шунингдек, бу исм гулнинг ҳам номидир. Валлоҳу аълам.
Савол:  Фозил қорининг «Тил офати» мавзусидаги маърузаларида Рустами Достон ўз вақтида ислом динига қарши урушган одам дедилар. Хўжайинимнинг исмлари Рустам. Исмларини ўзгартирсинларми?
Жавоб: Рустам исмини ўзгартириш шарт эмас. Чунки бу исм паҳлавон ва қаҳрамон каби маъноларни англатади. Лекин бу исмдан айнан мазкур Рустамга ўхшашга рағбат қилмаслик лозим. Балки маъноси эътибордан паҳлавон ва жасур бўлиши ният қилинади. Валлоҳу аълам.
Савол: Робия исмини фақат тўртинчи қиз фарзандга қўйиладими, маъноси қандай?
Жавоб: Робия дегани юқори кўтарилувчи, ўсувчи ва зиёда бўлувчи каби маъноларни англатади. Робиа дегани эса тўртинчи деган маънони англатади. Буюк аёлларга ўхшасин деб, тўртинчи фарзанд бўлмаса ҳам, унга Робиа исмини қўйиш жоиздир.
Савол: Интернет сайтларидан бирида Жаҳонгир исми ҳақида ўқиб қолдим. Жаҳонгир исми исломда қораланган, Аллоҳ лаънатлаган исм деб ёзилган экан. Бу ҳақда маълумот беришингизни илтимос қоламан.
Жавоб: Йўқ, бу исмни сиз айтган даражада қораланганини бирор эътиборли манбада учратмадик. Лекин кирбланиш ва мутлоқ ҳокимликни ифодалайдиган исмларни қўйишдан қайтарилган. Масалан, Шаҳаншоҳ каби исмлар
Савол: Фарзандимга Муҳаммадсултон деб исм қўйсам бўладими?
Жавоб:  Ҳа, бу исмни қўйса бўлади.
Савол: Ўғлимга Маҳдий исмини қўймоқчи эдим Имом Маҳдий ҳақида эшитганман. Маҳдий исмининг маъносини ҳам биламан. Лекин айримлар бу исмни қўйишдан олдин аҳли илм билан маслаҳат қил дейишди. Маҳдий исмини қуйиш жоизми?
Жавоб: Фарзандга Маҳдий деб исм қўйиш жоиздир. Чунки маҳдий сўзи “ҳидоятланган” деган маънони англатади. Валлоҳу аълам.
Савол: Паспортимдаги исмим – Ўлмас. Ёшлигимда кўп касал бўлганим учун шунақа исм қуйишган экан. Тўхтамурод деган исмим ҳам бор. Паспортимдаги Ўлмасни Тухтамуродга ўзгартирсам бўладими? Динимизда Тухтамурод исми жоизми?
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Биринчи исмингиз ҳам ножоиз исм эмас. Чунки сизни исмингизда бу одам ҳеч қачон ўлмайди – деган эътиқод маъноси йўқ. Балки айтганингиздек, соғ-омон униб улғайсин, узоқ умр кўрсин, деган умидда қўйилган. Иккинчиси ҳам жоиз. Алмаштирмасангиз ҳам бўлади. Ихтиёр ўз қўлингизда. Валлоҳу аълам!
Савол: Инсон исмининг чиройли қўйилиши у дунёда ўзига ҳамроҳ бўлади дейишади. Шундайми?
Жавоб: Аввало исмни гўзал қўйишга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганлар. Шунингдек, яхши маъноси исмдан эгасига яхши бир насиба бўлиши умид қилинади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати