1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАВЛУД(ТЎРТ ИНОҒА) ОЙИ МУБОРАК БЎЛСИН!

20-10-2020, 10:46 8 584 Ўқиш режими + -

Мавлуд (Тўрт иноға) ойи муборак бўлсин

                                            

 

                 Ҳижрий-қамарий йил ҳисобига кўра 2020 йил 18 октябрь куни ой алмашди. Бу янги бўлган ойни халқимиз учта ном билан атайди. Бу номлар қуйидагилардир:

  1. Рабиъул-аввал ;
  2. Тўрт иноғанинг биринчиси; 
  3. Мавлуд 

 

Ҳижрий-қамарий йил ҳисобида Муҳаррам, Сафар ойидан кейин Рабиъул-аввал ойи келади. Рабиъул-аввал ойи ҳақида “Ислом энциклопедия” китобида:“Рабиъул-аввал (Араб тили)-биринчи баҳор; баҳорнинг боши, аввалидаги ой)-ҳижрий-қамарий йил ҳисобида 30 кундан иборат,  (ойнинг чиқишига қараб 29 кун бўлиши ҳам мумкин) учинчи ойнинг номи” дейилади. 

“Рабиъул-аввал” ойи “Тўрт иноғанинг биринчиси” ойи деб ҳам аталади. Халқимиз ҳижрий-қамарий йил ҳисобидаги “Рабиъул-аввал”, “Рабиъус-соний”, “Жумадул-аввал” ва “Жумадул-охир” ойларини “Тўрт иноға” (тўрт ака-ука) ойлари деб ҳисоблайди. Шундан “Рабиъул-аввал” ойини “Тўрт иноғанинг биринчиси” деб аташади.   

Халқимиз “Рабиъул-аввал” ойини “Мавлуд ” ойи ҳам атайди. “Мавлуд” сўзи арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “туғилиш” деган маънони англади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “Мавлуд (Арабча)-туғилган, туғилиш” дейилади. “Мавлид” дейилганида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг туғилганликлари эътиборга олинади.  “Ислом энциклопедия” китобида:“ Шу (Рабиъул-аввал) ойининг  тўққизинчи кунида Муҳаммад (с.а.в.) таваллуд топганликлари учун мусулмон халқларда (Рабиъул-аввал ойи) “Мавлид ойи” деб ҳам аталади ” дейилади. 

Ушбу 2020 йилнинг 18 октябрь кунидан “Мавлид ойи” кириб, у ноябрь ойининг 16 кунигача давом этади. 

Мавлуд ойи кирса халқимизнинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сифатлари ҳақида битилган китобларни  мутаола қилиш одати бор. Бу одат эл орасида “ Мавлуди шариф” маросими дейилади. Бу маросимда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаёт йўллари ва одоб-ахлоқларини баён қилинган китоблар ўқилади.       

             Пайғамбаримиз таваллудлари ҳақида кўп китоблар ёзилган.  Шундай китоблардан бири  Хожа Аҳмад Яссавийнинг “ Ҳикматлар” , Имом Жаъфар Барзанжийнинг «Мавлудуш-шариф»   ва  Муқимий, Фурқат ва Завқий  каби шоирлар замонасида яшаган Хилватийнинг “ Мавлудун-набий” асарларидир.  

     Маълумки, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.  милодий 571 йилда Мавлуд ойининг 12 душанба куни туғилганлар. У зот таваллуд топадиган кечалари бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлгани у китобларда зикр қилинади. Жумладан, у зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборади.  Форс юртида мажусийлар сиғинадиган олов  ўчади. Бутхонадаги санамлар қулаб тушади. Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ, оналаринг исми эса Амина эди. Пайғамбаримиз туғилганларида оталари вафот этган бўлиб,  олти ёшларида оналари Амина ҳам вафот этади. Бу ҳақда Хожа Аҳмад Яссавий “Ҳикматлар” китобида шундай ёзади: 

Муҳаммадни сифат қилсам камина,

Оносининг оти билгил Амина.

Отоси оти Абдуллоҳ экандур,

Онодин туғмайин ўлган экандур.

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) боболарининг тарбиясида етти ёшгача бўладилар, сўнгра боболари вафот этиб у зот амакилари  Абу Толиб қўлида қоладилар. 

Бобоси етти ёшда ўлибдир,

Расулни аммасига ҳам берибди.

Абу Толиб Алининг отасидур,

Қамуғ арабларни каттасидур.

 Пайғамбаримиз етимликда катта бўладилар. Бу ҳақда ҳам “Ҳикматлар” китобида: 

Расул айди анга, ен ҳам етиммен,

Етимликда, ғарибликда ётиб мен.

Муҳаммад айдилар ҳар ким етимдур,

Билингиз ул мени хос умматимдур, деб берилади.

                

Бугунги кунларда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг  сифатлари битилган китобларни ўқиш маънавиятимиз оламини кенгайтирса,  у зот одоб-ахлоқларидан ибрат олиш эса бизни комиллик сари етаклайди. Ватанимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осийишталиги йўлида баракали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гўзал хулқлари  биз учун яхшилик манбаи бўлиб хизмат қилади. 

 

 

Руҳиддин Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими