ҚУРЪОНИ КАРИМДА ОХИРАТ ТАЛҚИНИ (15-қисм)
Қиёмат ҳадиси шарифларда
Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳадиси шарифда ҳам баён қилинган ва бу баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Икки пуфлашнинг орасида қирқ», дедилар.
«Эй, Абу Ҳурайра! Қирқ кунми?» дейишди.
«Билмайман», деди.
«Қирқ ойми?» дейишди.
«Билмайман», деди.
«Қирқ йилми?» дейишди.
«Билмайман. Сўнгра Аллоҳ осмондан сув туширади ва улар худди ўсимликлар унгандек унадилар. Инсоннинг не нарсаси бўлса, албатта, чириб кетади. Илло битта суяк чиримайди. У Ажабуз занабдир. Ана ўшандан қиёмат куни халқ таркиб қилинади», деди».
Икки шайх ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Одам боласининг ҳаммаёғини тупроқ ейди. Илло Ажабуз занабни емайди. У ўшандан халқ қилинган ва ўшандан қайта таркиб қилинади», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Ажабуз занаб умуртқа поғанасининг охирида жойлашган ўта кичик ҳажмдаги суяк бўлиб ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгармай тураверишини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Одам ўлиб ерга кўмилгандан кейин унинг вужуди чириб тупроққа қўшилиб кетади, куйиб кулга айланиши ёки бирор ҳайвонга ем бўлиши мумкин. Аммо мазкур Ажабуз занаб қолади. Қиёмат қоим бўлиб ёмғир ёққанда унга худди ўсимликнинг уруғига ёмғир тасир қилиб унуиб чиққандек одамнинг жасади ҳам униб чиқади.
Қиёматдаги торозу ва амалларни тортиш ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Баъзилари билан танишиб чиқайлик.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши Дўзахни эслаб йиғладилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Сени нима йиғлатди?» дедилар.
«Дўзахни эслаб, йиғладим. Қиёмат куни аҳли аёлларингизни эслайсизларими? Эй, Аллоҳнинг расули!» деди.
«Уч жойда биров бировни эсламайди. Тарозу олдида, то тарозуси енгил келадими, оғир келадими билгунича. Китоб (берилиши) вақтида, то китоби ўнгдан тушадими ёки чапданми ёхуд олдданми билгунича. Сирот жаҳаннамнинг икки қирғоғига қўйилганда», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан бандаларнинг амалларини тарозуда тотиш палласи қиёмат кунининг энг оғир уч палласидан бири эканини билиб оламиз. Ўша паллада ҳамма ўзи билан ўзи авора бўлиб бошқани эслашга имкони бўлмас экан. Чунки ҳамма учун тарозуси оғир келиши лозим бўлиб қолади. Ҳамма тарозум енгил келиб қолмаса эди деган ташвишда бўлади. Аллоҳ таоло ўша пайтда тарозумизни оғир келишини насиб қилсин!
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат куни мени шафоат қилишларини сўрадим. Шунда у зот:
«Мен буни қилурман», дедилар.
«Эй,, Аллоҳнинг расули! Сизни қаердан излай?» дедим.
«Излашни бошлашинг билан мени сиротдан изла», дедилар.
«Сизни сирот устида топмасамчи?» дедим.
«Мени тарозу олдидан изла», дедилар.
«Сизни тарозу олдида ҳам топмасамчи?» дедим.
«Унда мени ҳовузнинг олдидан изла. Мен ушбу уч жайдан бирида бўламан», дедилар».
Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни сирот, тарозу ва ҳовуз орасида бориб-келиб турадилар. Ўзларининг шафоатларига сазовор умматларига мазкур уч жойдан бирида йўлиқадилар. Аллоҳ таоло ўша кунда у зотга йўлиқиб шафоатларига сазовор бўлишни насиб этсин.
(давоми бор)
Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби
Қамаров Маҳмуднинг
битирув малакавий иши дан олинди