Ўлим ва касалликка сабр қилиш, бу ишларга чин қалбдан рози бўлишда ҳам мусулмон уммати, бу умматнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари дунё тарихида нодир мисолдирлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жигаргўшалари, биттаю битта ўғиллари Иброҳимнинг ўлимига қандоқ сабр қилганларини ўрганайлик.
Шунингдек, у зот Хадича онамиз, баъзи қизлари, Зайнаб исмли қизларининг боласи, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу ва бошқа яқинларининг ўлимида кўрсатган сабрлари ҳамда илоҳий ҳукмни розилик билан қабул қилиб олганларининг мисоли ҳамма учун ўрнакдир.
Энди у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг касалликка сабрлари қандай бўлганига биргина мисол келтирайлик.
Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирса, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам иситмалари кўтарилиб ётган эканлар. Устларига ёпқич ёпилган экан. (Абу Саъид) қўлини ёпқичнинг устига қўйиб кўриб:
«Иситмангиз бунча ҳам баланд, ё Аллоҳнинг Расули?!» – деди.
«Биз шундаймиз, биз учун бало шиддатли қилинади, ажр кўпайтирилади», – дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичидан энг шиддатли балога учрайдиганлар кимлар?»– деди.
«Набийлар», – дедилар.
«Сўнгра кимлар?» – деди.
«Уламолар», – дедилар.
«Сўнгра кимлар?» – деди.
«Солиҳлар. Бирлари бир бор балога мубтало бўлиб, ўлиб ҳам кетар эди. Бирлари эса фақирликка гирифтор бўлиб киядиган чопонидан бошқа нарсаси қолмас эди. Албатта, уларнинг ҳар бири ўзига берилган атодан кўра, балога кўпроқ хурсанд бўлар эди», –дедилар Имом Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган[1].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бу борада ҳам бошқа умматларга ўрнакдир. Мусулмонлар орасида беморлик пайтида ва яқин кишиси ўлганда сабр ва розиликнинг нодир намуналарини кўрсатган кишилар сон-саноқсиз.
Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон тушганлиги учун бир оёқлари сонидан кесиб ташланган куни ўн етти ёшли ўғиллари отдан йиқилиб ўлибди. Катта-кичик, ёшу қари у кишига таъзия билдириш учун оқиб келаверибди. Ҳар ким ўз билганича таъзия изҳор қилибди.
Аҳли фазллардан бирлари бир оёғингни олиб, жонингни омон қолдиргани учун, битта болангни олиб, бошқаларини соғ қолдиргани учун Аллоҳга шукр қил, дебди.
Шунда Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу менинг мусибатимда сендан яхшироқ таъзия айтган одам бўлмади, деган эканлар.
Имом Шофеъий дўстларидан бирининг фарзанди вафот этганида сен каби кишиларга бундай пайтларда насиҳат қилиш ноўрин, аммо сенга савоб олишинг учун қулай фурсат келганини эслатиб қўймоқчиман, деб хат ёзган эканлар.
Бунга ўхшаш ишлар барча мусулмонларга доимий ўрнак бўлиши керак.
Касалликка чалинган, бошига оғир мусибат тушган киши мусибатга сабр этмай, ўлимни орзу қилмаслиги керак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
«Сизлардан бирингиз ўзига етган мусибат сабабли ўлимни орзу қилиб қолмасин. Зотан, бўладиган иш аниқ бўлади. Балки,(Аллоҳумма аҳйиний ма каанатил ҳаяту хойрон ли, ватаваффаний ма каанатил вафаату хойрон ли) – десин» Имом Бухорий ва Муслим ривояти[2].
Ушбу оят ва ҳадисларда бошига тушган мусибатларга сабрли, саботли бўлиш, қийинчиликларга бардош бериш, касаллик ва камбағалликларга сабр қилувчиларга хушхабар берилиши айтилган. Биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири касал бўлиб қолган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимизни дарҳол кўргани боришдир.
Китоб туман Севаз жомеъ
масжиди имом хатиби