Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бани Исроилдан бир киши бошқа бир кишидан минг динор қарз сўради. Бас, у уни берди. Қарзнинг вақти келганда у денгизга чиқди. Маркаб топмади. Бас, бир тахтани олиб, унинг ичига минг динорни тиқди ва уни денгизга отди. Сўнг унга қарз берган одам чиқди. Қараса, бир тахта турибди. Уни олиб, аҳлига олиб борди. Уни очиб қараб, молни топди” (Имом Бухорий ривояти)
Шарҳ: Албатта, бу қиссаларда ҳалолликка ва бировнинг ҳаққидан қўрқишга даъват қилувчи кучли далиллар бор.
Бировдан олинган қарзни яхшилаб ва ўз вақтида адо этишнинг гўзал намунаси ушбу ривоятда келмоқда. Ўша қарздор, маркаб(яъни, минадиган улов) топа олмадим, бўлмаса, қарзни эгасига қайтарган бўлардим, деб юраверса бўлар эди. Аммо у қарзни ўз вақтида эгасига қайтариш учун қўлидан келган чорани ахтарди. Аллоҳ таоло унга ёрдам берди ва ишини осон қилди.
Баъзи одамларга ўхшаб қарзни бермаслик учун турли баҳоналарни тўқишга ўтмаслик керак.
“Саломатлик тақвимидан”