1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БОЛАСИНИ ЎПМАГАН САҲОБИЙ...

3-11-2020, 14:38 568 Ўқиш режими + -
Албатта Аллоҳ азза ва жалла ўзининг расули Муҳаммад алайҳиссаломни барча халойиқларга раҳмат қилиб юборган. Бу ҳақда айтилган Аллоҳ таолонинг сўзини сизлар ўқигансизлар: “Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё, 107). 
Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломни оламларга раҳмат қилиб юборишида у кишининг тили ва ҳаёт тарзи билан биргаликда раҳм-шафқатни ўргатувчи муаллим бўлишлари ҳайрон бўладиган нарса эмас. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари биз билган йўлларида ҳамда биз англаган сўзларида раҳм-шафқатни ўргатувчи муаллим инсон эканида ҳайрон қоладиган ва ажабланадиган нарса йўқ. 
Аллоҳ таоло бизларга ўзининг пайғамбарини ўзимиз учун эргашадиган йўлбошчи қилиб олишимизни буюрган. “Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб, 21). 
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бир-бирларига меҳрибон бўлишларини огоҳлантирган ҳадислар, шунингдек, раҳм-шафқатли бўлишларига чақирган чақириқлар жуда кўп.
Мен ҳозир бу ерда Расулуллоҳнинг оғизларидан чиққан раҳм-шафқат тўғрисидаги таълимот ва ҳадисларни санаб ўтмоқчи эмасман. Лекин мен сизларга ушбу ҳадисларнинг айрим намуналарини айтиб бермоқчиман. Ушбу ҳадисларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Раҳмлиларга Раҳмон раҳм қиладир. Ер юзидаги кишиларга раҳм қилинглар. Сизларга осмондаги (улуғликдаги) зот раҳм қилади". Икки шайх ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди”. 
Расулуллоҳ ушбу ҳадисни ўзларининг набиралари Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуни ўпган мажлисда айтган эдилар. Ақраъ ибн Ҳобис айтди: "Менинг ўнта болам бор мен уларнинг бирортасини ҳеч ўпмаганман". Шунда Расулуллоҳ; “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди”, дедилар. Яна бир ривоятда: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сенинг қалбингдан раҳм-шафқатни суғуриб олган бўлса мен нима ҳам қила олардим?” – дейилган. Кейин Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари буюраётган нарсани ўзларининг ҳаёт тарзларида татбиқ қилишда бошқаларга намуна бўлганлар. Каттаю кичик, эркагу аёл, мўминлару ғайридинлардан иборат ҳамма одамлар билан бўладиган муносабатларда барчага ўрнак эдилар.
У зотнинг мўминларга нисбатан меҳрибонликлари раҳм-шафқат ва доимий гўзал муомалада кўринар эди. Мўмин бўлмаган ғайридинларга нисбатан бўлган меҳрибонликлари уларни доимо Аллоҳ таолонинг динига чорлашда ҳамда уларга қиладиган мавъиза ва насиҳатларида намоён бўлар эди.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳрибонликларидан буюк бир кўриниш эди. Расулуллоҳнинг насиҳатларини рўёбга чиқарувчи ва бу насиҳатларни ўзларининг ҳаётларига татбиқ этишда барчага намуна бўлувчи уммат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати тўрида ва унинг қарамоғида ҳаёт кечириши аниқ. 
Ўрталарида меҳру шафқат тарқалган уммат ҳеч қачон бахтсизлик ташвишларини бошидан ўтказмайди. Аллоҳ таоло машаққат ва қийинчиликлар билан тутаётган уммат ўзининг аҳволига қараши керак. Ва яна бу қийинчиликлар уларни Расулуллоҳнинг насиҳатларидан оғишганлари ҳамда у зотнинг йўллари ва услубларидан узоқлашганлари учун бўлаётганини билишлари лозим. Мусулмон одам ўзининг ҳолини мана шундай ёндашув билан назорат қилиб бориши энг муносиб ва диққатга сазовор ишдир. 
Расулуллоҳнинг саҳобалари бу ишни қойиллатиб бажарар эдилар. Улар ўзларига етадиган қийинчиликлар олдида ўзларини сўроқ-саволга тутардилар. Тобеъинлар ва улардан сўнг келган табаъ тобеъинлар ҳамда улардан кейинги салафи солиҳларнинг ҳаммалари ҳам ана шу ҳолатда бўлганлар. Бугун биз, эй дўстларим, ўзларингиз кўраётган ташвишларни бошимиздан ўтказаябмиз. Балки, мен ўзимнинг ўтган ҳаётимда мутлақо ўхшашини кўрмаган қийинчиликлардан қийналаяпмиз.
Ўзингиз кўраяпсиз қиш фаслига ва унинг қолган кунларига ўз ҳукмини ўтказиш учун ёз фасли анча чўзилиб кетди. Сизлар яхши биласиз бу ташвиш шу ҳолда давом этса халқумларни ташналик тутиши аниқ. Айрим одамларнинг наздида қиймати бугун кўринмайдиган сувнинг баҳоси кўриниб қолиши аниқ. Аҳвол шу тарзда кетса бир коса сувнинг баҳоси ялтироқ тилло-жавҳарлар қийматидан ҳам кўпроқ бўлишини биладиган кун келиши аниқ.
Агар биз Расулуллоҳ ўргатганларидек, кўпчиликлашиб одоб билан шариати исломда кўрсатилган истисқо намозини ўқиб Аллоҳ таолога илтижо қилишни истамасак, агар биз ана шу шаклда Аллоҳга мурожаат қилишни хоҳламасак, унда бунинг бошқа давоси ҳам бор. Бу даво бизларни бир-биримиз билан ўзаро меҳру шафқатли бўлишимиз ва ушбу меҳрибонлик алоқасини ўртамизда кенг тарқатишимиздир. 
Катталар кичикларга, бой камбағалга, кучли кучсизга меҳрибонлик қилади. Ишончим комилки, агар бу уммат бир-бирлари билан ўзаро меҳрибон бўлса Аллоҳ таоло албатта, уларнинг устига турли эҳтиромларини ёғдиради. Ва яна мен шуни биламанки, Аллоҳ таоло ўзининг ҳақларини кечиб юборади, лекин бандаларнинг бир-бирларидаги ҳақларини кечмайди. Мен бир қоидани жуда кўп такрор айтиб келаман. Бу фиқҳий машҳур қоида бўлиб унда шундай дейилган: “Албатта Аллоҳнинг ҳақлари кечириш устига қурилган. Аммо бандаларнинг ҳақлари даъволашув устига қурилган”. 
Аллоҳга илтижо қилиш Аллоҳнинг ҳақларидан бири, лекин бойнинг фақирга ғамхўрлик кўрсатиши, кучлини кучсизга меҳрибон бўлиши, кучлини ожизга шафқатли бўлиши бандаларнинг ҳақларидандир. Агар инсон ўзларининг ўрталарида юрган ҳақларини бажарсалар Аллоҳ таоло бизларнинг бўйнимизга боғлаб қўйган Ўзининг ҳақларидан кечиб юборишининг эҳтимоли каттадир. Билингки у, Аллоҳ таолога ҳақиқий илтижо қилишдир. Нима учун биз бир биримизни Расулуллоҳ буюрган раҳм шафқатга чорламаймиз?
Ҳой дўстларим! Кошки бу ҳадис ушбу муборак шаҳардаги бу уммат мисолида намоён бўладиган ҳар бир жамоатнинг қулоқларига етиб борса... Кошки Расулуллоҳнинг меҳру шафқат тўғрисидаги насиҳатлари уларнинг қулоқларига кирса. Кошки бу насиҳатлар вақт ўтмай туриб бир-бирларига меҳру шафқат кўрсатишлари учун уларнинг қулоқларидан қалбларига қараб юрса... Албатта, сизлар биласизки, бизнинг бу шаҳримиз қайғу ва ташвишни уйғотадиган зиддиятларни бошидан ўтказмоқда. Сиз атрофга қараб ўй-хаёлингизга ҳам келмайдиган кўпдан-кўп бойлик кўринишларини учратасиз. Унинг ёнида фақирлик ва қашшоқлик каби оғир аҳволни кўрасиз. 
Албатта сиз баланд уйларда, балки атрофидаги турли рангдаги неъматлар қуршовида ҳаёт кечираётган кишининг ҳолини мулоҳаза қила оласиз. Бу инсоннинг ёнгинасида бошқа бир оила ҳам бўлиб, у ўзига бошпана бўладиган кичик бир кулбани ва ўзини ўраб турадиган уйни қидиради ва у бундай уйни топа олмайди. 
Бу каби кўриниш ва зиддиятлар шаҳримизда мавжуд ва тўлиб тошган. Агар бу ерда ўзаро раҳм шафқат бўлганида бу каби зиддият ва фарқларнинг бирортасини учратармидингиз? Йўқ асло, Аллоҳ асрасин бундай фарқни учратмайсиз. Нима учун Мустафо алайҳиссалом бизларни меҳр-шафқатли бўлишга буюрган? Балки, нима учун Аллоҳ бизни бир-биримизга меҳр-шафқат кўрсатишга амр этди?
Ушбу кавакларни беркитишимиз учун. Ушбу зиддиятларни бартараф этишимиз учун. Ушбу умматни, бир аъзоси бетобликдан оғриганда қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлган жасадга қайтаришимиз учун буюрди. Демак биз оғир мусибатни бошдан ўтказаяпмиз. Билингки у, Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган меҳр-шафқатнинг йўқолишидир. Аллоҳ таоло ўз Каломида: “Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг” - деб турганидан кейин, озчиликнинг қиймати бўлмайди. Одамларнинг озлиги бузғунчини тузата олмайди ва қинғирликни тўғирлаёлмайди. Энди иш бизда шу тариқа давом этаверса оқибат нима бўлади? Инсонлар ҳамма нарсани ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида қурбон қилаверса, кўзлари ночорликдан қийналаётган яқинларини ва ҳалокатга олиб борувчи қийинчиликларни бошларидан кечираётган дўстларини кўрмаса, оқибат нима бўлади?
Расулуллоҳнинг ушбу сўзларини эшитган анави кишиларнинг ҳоли нима бўлади? У зот айтадилар: “Ён қўшниси оч эканлигини била туриб, тўқ ухлаган кимса менга имон келтирмабди”. 
Натижа нима, эй дўстларим?
Натижа ушбу умматни бу ишларидан кейин қайғу ва ташвишларга итариб ташлашдир. Ана шунда бой билан фақир, кучли билан кучсиз ўртасидаги фарқни топа олмайсиз. Чунки агар Аллоҳ таоло бу умматдан ўз марҳаматини тортиб оладиган бўлса ўзаро меҳр қолмайди. Бойнинг бойлигини, ҳашаматли ҳаётга ўрганган эркатойлар эркалигининг бирорта маъноси қолмайди. Агар уларнинг ҳалқумларини ташналик тутса уларнинг ҳашаматли уйлари ўзларига нима фойда беради?
Ҳой дўстим тасаввур қилинг! Агар Аллоҳ бир одамга миллиардлар бериб, атрофида дунёни рақсга тушадиган қилиб қўйса-ю, сувга эҳтиёжи тушганда бир қултум сув ичишдан уни маҳрум қилиб қўйса, бу хазиналарнинг бари унга нима қилиб бера олади? Аллоҳ Товус ал-Ямонийни раҳмат қилсин.
Бир куни Ҳорун ар-Рашиднинг мажлисида у ҳам бирга бўлган эди. У солиҳ ва катта уламолардан бири саналади. Ҳорун ар-Рашид чанқаб, бир коса сув келтиришларини талаб қилди. Сув келтирилди. Ичишни бошламоқчи бўлганида Товус алайҳирраҳма унга; ”Шошманг эй мўминларнинг амири, ичмай туринг!” - деди. У, ”хўп”, деди. Товус: “Айтингчи, агар сиз чанқоғингиз устига мана шу бир коса сувдан тўсилсангиз нима эвазига уни сотиб олган бўлардингиз?” – деди. Ҳорун: ”Қўлимдаги бор нарсам эвазига” – деди. Товус: ”Ош бўлсин, ичаверинг” – деди. Кейин у ичди. Товус: ”Эй мўминларнинг амири, агар сиз мана шу сувни танангиздан чиқиб кетишидан тўсилиб қолсангиз, нима эвазига уни чиқарар эдингиз?” – деди. У: ”Қўлимдаги бор нарсам эвазига” – деди. Товус: ”Эй мўминлар амири, бир ҳўплам сув ичишга ҳам етмайдиган мулкда Аллоҳдан қўрқинг!” –  деди. Кошки ўз дўстларининг қийин ҳолатларидан қочиб юрган ушбу шаҳардаги бойлар Товус ал-Ямоний айтган ушбу ҳақиқатни тушуниб етсалар. 
Ҳа, шундай. Агар бу умматни қайғу ва ташвишлар ўраб олса ҳамда ўзингиз кўриб турганингиздек ҳаво шу тарзда (ёмғирсиз) қолса бойлик ўз эгасига нима фойда бериши мумкин? Эркатойларнинг эркалиги ўзларига нима манфаат келтира олади? Уларнинг барчаси баробар бўлиб қолади. Улар саодатда эмас бахтсизликда баробар бўладилар. 
Бу умматга ҳайронсан, у ўз олдида икки даво турса-да ушбу давонинг биринчисига ҳам, иккинчисига ҳам мурожаат қилишни истамайди. Ваҳоланки, у қайғу ва ташвишлар шарпасини аста-секин яқинлашиб келаётганини кўрса ҳам ушбу даволарга мурожаат қилмайди. Биринчи даво Аллоҳга чиройли илтижо қилиш, бу ерда яна бошқа бир даво бор. У бир-биримизга ўзаро раҳм-шафқат қилишимиздир. Агар биз Аллоҳ раҳм қилиши учун ўзаро раҳм-шафқат қилишни истамасак ҳамда Аллоҳ таоло бизга эҳтиром кўрсатиши учун Аллоҳга илтижо қилмасак, бизни кутаётган натижа нима бўлади?
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг жума хутбаси.
4 декабр 1998 йил,
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

Манба: Азон.Уз