1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ТЎҚИМА ҲАДИС ВА АСОССИЗ РИВОЯТЛАР КЕЛТИРИШНИНГ ХАТАРИ

6-11-2020, 11:05 683 Ўқиш режими + -

ТЎҚИМА ҲАДИС ВА АСОССИЗ РИВОЯТЛАР КЕЛТИРИШНИНГ ХАТАРИ     

           

          Динимиздаги ҳар бир ҳукм ва ҳар бир сўзнинг суянадиган асоси бор. Бу асос – Қуръони карим, саҳиҳ ҳадислар ва шу иккисидан пайдо бўлган далиллардир. Шу сабабли минг йиллардан бери шариатимиз ўзининг таъсирчанлиги, яшовчанлигини йўқотмай келмоқда ва динимизга ўнглаб бўлмайдиган даражада хурофотлар аралашиб кетишидан сақланмоқда. Мабодо, динимизга инсонлар томонидан баъзи бир асоссиз маълумотлар киритилса ҳам, юқоридаги ишончли манбалар ёрдамида тўқилган гап-сўзлар тезда фош бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда асоссиз маълумотларга таяниш номаъқуллиги ҳақида шундай дейди:

وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنْزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آَبَاءَنَا أَوَلَوْ كَانَ آَبَاؤُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ

яъни: “Уларга (мушрикларга): «Аллоҳ нозил этган нарсага (оятларга) эргашингиз!» – дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», – дейдилар. Ота-боболари борди-ю, ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлган эсалар-чи?!” (Бақара сураси 170-оят).

         Ҳадиси шарифда эса киши эшитган ҳар бир гапини гапиравериши гуноҳкор бўлишига етарли экани айтилган. Айниқса, айтилаётган гап динга алоқадор бўлса, масъулияти янада ошади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ

  (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари). Дин мавзусида бирор гапни айтиш Аллоҳ ва Расули тарафидан гапириш ҳисобланади. Бу ишда ўта эҳтиёткор бўлиш керак.

           Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин бу борада саҳобалар ажойиб ўрнаклар кўрсатишди. Хусусан, Қуръони каримни китоб ҳолига келтиришда, ҳазрати Умар ва Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумо масжид эшигида туришди, Қуръон оятларини бирор нарсага ёзиб қўйган киши ўзи билан яна бир гувоҳни олиб келар, тўртовлари ҳа, бу Қуръондан, деб иттифоқ қилмагунларича у оят Қуръонга ёзилмас эди.

Ҳадиси шарифларни ривоят қилишда ҳам саҳобалар ниҳоятда эҳтиёткор эдилар. Бирорта ортиқча сўз қўшилишидан ҳам улар хавотир олишарди. Ҳадис айтишнинг масъулиятини кўрсатиш учун бир икки марта ҳазрати Умар ҳадис айтган саҳобалардан гувоҳ талаб қилдилар. Ҳадис айтишдаги омонатдорлик кейинги даврларда ҳам давом этди. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқа муҳаддислар саҳиҳ ҳадис китобларига ўзларига етиб келган ҳадисларни текшириб, Пайғамбаримизгача ишончли ровийлар занжири етиб борган бўлса, уни ёзиб қўйганлар. Ишончсиз, тўқима ҳадисларни қабул қилмаганлар, китобларига киритмаганлар.

        Асоссиз диний маълумотларни тўқиб ёки аслини суриштирмай гапириш Аллоҳ ва Унинг Расулига ёлғон тўқиш бўлади. Бу ҳақида эса Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا أُوْلَئِكَ يُعْرَضُونَ عَلَى رَبِّهِمْ وَيَقُولُ الأَشْهَادُ

هَؤُلاء الَّذِينَ كَذَبُواْ عَلَى رَبِّهِمْ أَلاَ لَعْنَةُ اللّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ

яъни: “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Ана ўшалар Роббларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар айтурлар: «Манавилар Роббларига нисбатан ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир” (Ҳуд сураси 18-оят).

         Аслини олганда, ёлғон катта гуноҳ. Энди ўша ёлғон улуғ Зотнинг – Аллоҳ таолонинг шаънига айтилса, яна ҳам катта гуноҳ бўлади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш ҳам улкан гуноҳ. Бу ҳақида У Зот алайҳиссалом шундай деганлар:

إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ

(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ)

яъни: “Менинг номимдан айтилган ёлғон бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, жаҳаннамдаги жойини тайёрлайверсин!” (Имом Бухорий ривоятлари).

           Уламолар ёлғон ҳадислар тўқилишига: исломга зарар етказиш, ўз мазҳабига ён босиш, ҳокимларга тилёғламалик қилиш, мол-дунёга эришиш, шуҳрат қозониш ва ҳоказо бир қанча омиллар сабаб бўлганини айтишган. Ҳозиргача бир қанча олимлар тўқима ҳадисларни фош қиладиган китоблар ёздилар ва мусулмонларни бундай фитналардан огоҳ этдилар.Кейинги пайтларда оммалашган нотўғри ҳаракатлардан бири динга даъват қилиш, одамларни савобли амалларга қизиқтириш ва охиратдан қўрқитиш маъносида турли тўқима ҳадис, ёлғон хабар, расм, аудио ва видеохабарлар тарқатишдир. Бу нарса, айниқса, чек-чегараси бўлмаган ижтимоий тармоқларда кўпроқ кузатилади. Масалан, кейинги йилларда жуда кенг тарқалган ёлғон хабарларга: Маккалик Шайх Аҳмаднинг мусулмонларни дўзахга кираётганини туш кўриши; Рамазоннинг қачон бошланишини биринчи хабар берган кишининг жаннатга кириши; Рамазоннинг охирги жумасида жума ва аср намозлари ўртасида 4 ракат намоз ўқилса, 400 йиллик қазо намози ўрнига ўтиши; Рамазон ойи жума куни бошланса, 15-кунида даҳшатли қичқириқ келиши; Қуёшдан “эртага жавоб берасизлар”, деган овоз келиши; саҳрода Пайғамбар гули 400 йилда бир гуллаши ва у вақтда салавот айтиш кераклиги ва ҳоказо ёлғон-тўқима хабарларни мисол келтириш мумкин. Янаям хатарли жойи бу ёлғон хабарларнинг охирида хатни 10-20 кишига тарқатиш шартлиги, ким тарқатса, иши юришиб кетиши, ким тарқатмаса, фалокатга учраши билан таҳдид қилинган, одамларнинг эътиқодига нотўғри тушунчалар киритишга ҳаракат қилинган. Ваҳоланки, бизга етадиган яхшилик ва ёмонлик, фойда ва зарар Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади, У Зот хоҳламаса, бандага қилчалик зарар етмайди!  Мавжуд уйдирма ҳадисларга назар ташласак, уларнинг бир қисми Ислом динига зид, мантиқсиз, кулгили ифодалар, бир қисми эса, исломий тамойилларга мос, фойдали сўзлар эканига гувоҳ бўламиз. Лекин маъноси қандай бўлишидан қатъи назар, бундай уйдирма сўзларга ҳадис дея амал қилиш, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга боғлаш жоиз эмас, гуноҳ ишдир. Уйдирма ҳадисларга мисоллар: “Шубҳасиз, гул пайғамбарнинг теридан яратилган” (Саховий, 159). “Гўзал юзга боқиш ибодатдир” (Али ал-Қорий, “Асрорул-марфуа” китоби, 355).

         Диний мазмунга эга бўлган маълумотларни нашр этиш ва тарқатишда, албатта, мутахассис мусулмон уламоларининг хулосасини олиш жуда ҳам зарур. Чунки ҳозирги кунда интернетда сон-саноқсиз сайт ва телеграм каналлар фаолият кўрсатади, номига қаралса, диний мазмунда, жарангдор. Лекин ичидаги маъумотларга қаралса, росту ёлғон, ишончлию ишончсиз гаплар аралашиб кетган. Уни билимдон мутахассисдан бошқалар ажратиб олиши жуда қийин. Бу каналларнинг фойдасидан зарари кўпроқ. Чунки бир челак сувни бир томчи нажосат нопок қилади. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли Муслим.уз ва 50 дан ортиқ ҳамкор сайтлар, фейсбук, телеграм, ютуб каналлари фаолият кўрсатмоқда. Ватандошларимиз ижтимоий тармоқларда мана шулардан бемалол фойдаланишлари мумкин. Бундай қилишлари динларини саломат сақлаш учун зарур чорадир.

                   

ЎМИ томонидан тайёрланилган жумъа мавъизасидан олинди