1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРЪОНИ КАРИМ ВА ҲАДИСЛАРДА САБР ҚИЛИШ ВА УНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ : ХУЛОСА. 1-ҚИСМ

7-11-2020, 12:49 330 Ўқиш режими + -

ХУЛОСА

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга саноқсиз неъматларни, туганмас яхшиликларни ато қилди, бу неъмат ва яхшиликлари билан уни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёд қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳадя ва инъомлари биз учун кўриниб турган очиқ ва зоҳирий ёки биз кўра олмайдиган ботиний ва яшириндир, улар бизга маълум ва ёки ҳали номаълумдир. Аллоҳ таолонинг Одам боласига кўрсатган энг аввалги икроми бу уни гўзал хилқатда, аъзоларини мутаносибликда ва чиройли кўринишда яратгани, унга ҳалол ва ҳаромни, яхши ва ёмонни, ҳидоят ва залолатни, фойда ва зарарни ўргатгани, бунинг учун кўз, қулоқ ва ақл билан фазл кўрсатганидир. 
 Баъзи неъматлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга хабар берганлар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат  мавжуд  бўлиб кўпчилик  одамлар  уни  қўлдан  бой  берадирлар.  Бу — тансиҳатлик бирлан бўш вақтдир», - дер эрдилар». Яна ҳадиси шарифда “тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” дейилади.

Баъзан биз англаб етмаган, эътибор ҳам бермаган неъматларимиз ҳақида Раббимиз ўзи эслатиб туради. Ҳадиси қудсийда келади: “Эй Одам фарзанди! Сен икки неъмат орасида тонг оттирдинг. Улардан қай бири сенга зарарлироқ эканини билмайсан: одамлардан бекитилган  гуноҳларингми  ёки  сен  ҳақли бўлмаган ҳолда эшитган мақтовларингми? Агар одамлар сен ҳақингда Менинг билганларимни билганларида, сенга салом  ҳам  беришмас эди. Ўша берганларимдан  ҳам  улуғроғи офият, одамларнинг ҳожати сенга тушиб турганида сенинг одамлардан беҳожат бўлишинг, уларнинг озоридан ҳимоя қилинишингдир. Менга ҳамд айт, неъматимнинг қадрига ет, амалингни риёдан халос эт”.

Демак, бандаларига бу турли хил икром ва неъматлар берилишининг ҳикмати, инсонларнинг Аллоҳ таолога шукр қилишлари, У зотга таслим бўлиб, ҳамд айтишлари ва У зотга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қилишлари учундир. 

Давоми бор...

               Китоб туман Севаз жомеъ      
                       масжиди имом хатиби

               Нормурод домла Шоимов