— Қуръони карим оятларига теран назар солсак, Аллоҳ таоло Ўз каломида неъматларга шукр келтиришни иймон билан боғлайди. Аллоҳ таоло Ер аҳлига юборилган аввалги пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссаломни шукр сифати билан мақтайди. Аллоҳ таоло томонидан Мусо алайҳиссаломга нубувват ва рисолатни ато қилинган ва гаплашилган вақтида ҳам дастлабки амрлардан шукр қилишга буюрилади. Ўзининг дўсти Иброҳим алайҳиссаломни неъматларига шукр келтирувчи эканини айтиб, мадҳ қилади. Довуд алайҳиссаломни ҳам шукр қилишга буюради. Сулаймон алайҳиссалом Раббидан шокирлардан бўлишини сўраб дуо қилса, Луқмон алайҳиссалом ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам шукрга буюрилдилар. Бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом барча яратилганлар ичида энг шукрлиси эдилар. Очликдан қорниларига тош боғладилар, у зотнинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилди, шунга қарамай оёқлари шишиб кетгунларича қиёмул лайлда турдилар ва шукр қилувчи банда бўлмайинми дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
— Бандага қайси ҳолат, ўринларда сабр қилишга буюрилган?
— Қуйида сабр ўринларининг айримлари хусусида тўхталиб ўтамиз:
1) Тоатларни бажариш ва маъсиятлардан четланишда сабр қилиш. Сабр - бу ақл ва шариат тақозо этадиган хайрли ишларга нафсни мажбур қилиш. Шунингдек, у шариат ва ақл ман этадиган амаллардан нафсни тийиш ҳамдир. Албатта, Аллоҳнинг буйруқларига тўла-тўкис амал қилиб, мункар ишлардан ўзини покиза сақлаш анча мушкул вазифа. Нафсга унинг маълум оғирлиги тушиши ҳам шубҳасиз. Шариат буюрган амалларни бажариб, мункар ишлардан тийилиб юрмоқ учун инсон ўзининг ҳақиқий душмани билан курашиши лозим. Бу душман - нафс, ҳавои-хоҳиш ва шайтон тимсолида гавдаланади: “Албатта нафс барча ёмонликларга буюргувчидир”. Ана шу душманлар инсонни йўлдан уришга, унга шаҳватларни чиройли қилиб кўрсатишга ва уни тоат-ибодатлардан узоқлаштиришга уринадилар. Улар кўзлаган мақсадларига эришиш учун бетўхтов хуруж қилиб туришади. Шу боис, инсон нафсини жиловлаб олиш, ҳавои хоҳишини шариат измига юргизиш ва ҳақиқий душманни - шайтонни мағлуб этиш йўлида жидду жаҳд кўрсатмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ йўлида нафсига қарши жиҳод қилган киши мужоҳиддир!”.
Нафсини жиловлаб, фақат тоат-ибодатлар сари ошиқадиган ва маъсият-гуноҳ ишлардан йироқ юрадиган мўмин ўзининг махфий душмани устидан албатта ғалаба қозонади. Нафс, шайтон ва ҳавои-хоҳиш измига юрмайди. Аслида ҳеч қайси ғалаба мазкур ғолиблик каби улуғ саналмайди. Нафсини мағлуб этиб, ҳавои-хоҳиш асирлигию шайтон васвасаларидан озод бўлган инсон қалбида ҳақ нури порлайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифда “Сабр зиё демакдир” дедилар.
Китоб туман Севаз жомеъ
масжиди имом хатиби
Нормурод домла Шоимов