Имом Бухорий Кеш ва Насафда бўлганми?
336
16-01-2020, 15:04
913
Ўқиш режими
+
-
Имом Бухорий Кеш ва Насафда бўлганми?
Бугунги кунда улуғ муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларини билмайдиган, у зот тўплаган ҳадисларидан фойдаланмайдиган одамнинг ўзи йўқ, десак адашмаган бўламиз. Шу жиҳатдан бўлса керак, у зотга “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) деган анисбат берилган.
Тарихий манбалардаги маълумотларга кўра, милодий 8-12 асрларда мамлакатимизда 3000 дан ортиқ алломалар яшаган бўлиб, улардан 1000 дан ортиғи Самарқандда, 600 дан ортиғи Бухорода яшаган бўлса, уларнинг 400 нафари Насафда ва бир қанча ўнлаб алломалар қадимий Кешда яшаб фаолият кўрсатган дейилади.
Маълумки, вилоятимизнинг Шаҳрисабз аталадиган туман қадимда “ Кеш ” деб аталган. Шаҳрисабз атамасини таниқли олим Тўра Нафасов “ Қашқадарё қишлоқномаси” китобида: “ Шаҳрисабз-шаҳар, туман. Жанубий Суғднинг уч минг йиллик тарихга эга бўлган бу шаҳри қадимда Кеш деб аталган, 15 асрдан Шаҳрисабз номи билан юритилганлиги манбаларда зикр этилган. “ .. баҳорлар саҳроси ва шаҳри ва босми ва томи кўб, сабз бўлур учун шаҳрисабз ҳам дерлар” тавсифидан маълумки Шаҳрисабз-шаҳарнинг дастлаб норасмий, халқона номи бўлган. Табиий белгилари ва фазилатлари шаҳарнинг номланишига асос бўлган. Шаҳрисабз-боғу боғотлари, дарахтлари. Кўкату полиз экинлари, ўт-ўланлари бисёр шаҳар” деб изоҳлайди. Ўз даврида Шарафуддин Али Йаздий ҳам Шаҳрисабз ҳақида: “ Шаҳрисабз, уни туркийлар Кеш деб аташдилар” деб ёзади.
Қадимда Кеш шаҳри Соҳибқирон Амир Темур замонида жуда юксалди. Амир Темур салтанатининг Самарқанддан кейинги марказий шаҳри Кеш ҳисобланган. Соҳибқирон Амир Темур 1380 йилда Кешда қалъа қурдиради ва шаҳар янада чиройли бўлади. Бу ҳақда Шарофиддин Али Яздий “ Зафарнома” асарида: “ Баҳор вақти ул шаҳар ( Кеш)нинг тому тоши кўм-кўк бўлур ва кўк кўронғон жиҳатидин анга Шаҳрисабз от бўлуб турур. Сичен йилда, торих етти юз сексан бирда (1380, март) ул шаҳарға ( Амир Темур) қалъа солдурди ва жаҳдлаб тамом қилдурди. Ва андоқ шаҳри бўлдиким, гардун Муҳандиси мунча ёши билан оламни кезиб, ҳеч ерда мундоқ шаҳар ва кўшк кўрмаган турур[1]” деб ёзади.
Темурийлар даврида иккинчи пойтахт бўлган Кеш шаҳри ўз даврида илм-маърифат маркази ҳам бўлган. Бунга Кешнинг ўша даврларда “ Қуббатул-илм вал-адаб ” деган ном олишини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бу шаҳарда ўша замоннинг машҳур олим-у фузалолари келиб истиқомат қилишган. Улар туфайли шаҳарга бошқа узоқ-яқин жойлардан одамлар таълим олиш учун кела бошлашади. Бу ҳақда “ Зафарнома” да: “ Ул маҳалда олам аҳли масъала ва маоили диний учун атроф оламдин Кеш вилоятиға келур эрмишлар. Ва ул жумладин Абул-Ҳусайн ал-Қушайрий ан-Нишопурий келиб Абдураҳмон ибн Ҳумайд ал-Кашший қошиға истифода қилғон турур ва кўб аимма ва афоиз анда бўлғон эрмишлар ва барчанинг дарслари бор эрмиш. Бу жиҳатдин Кешни “Қуббатул-илм вал-адаб” лақаби бўлуб турур[2].” дейилади.
Машҳур олим-у фузалолар қаторида Имом Бухорий ҳазратлари ҳам Кеш шаҳрида ватан тутганлар. Бу ҳақда “ Зафарнома” да: “ Баъзи китобларда манқул турурким, Кеш шаҳри бурун уламои Исломнинг ери эрмиш ва бузругвор муҳаддислардин уч имом анда ватан қилғон турарлар: бири Абу Муҳаммад ( Абдуллоҳ ибн Абдулҳамид ибн) Наср (ибн Ҳумайд) ал-Кашший ва яна бири ( Абу Муҳаммад) Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ад-Дорамий ас-Самарқандий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, разийаллоҳи анҳум[3]” деб ёзадилар.
Насаф шаҳри Қашқадарё вилоятининг қадимий шаҳарларидан биридир.
Қадимда Насаф шаҳри ҳозирги Қарши шаҳридан 12-15 км шимолий-ғарбидаги Шулликтепа ( Ноғаратепа) деб аталадиган жойда бўлган. Қадимда Насаф шаҳри савдо йўлида жойлашган. Насаф орқали савдо карвонлари Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон каби мамлакатларига борган бўлсалар, шарқ мамлакатларидан чиққан савдо карвонлари Насаф орқали Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари томон боришган. Дунёнинг бошқа юртларидан Насаф шаҳрига илм ўрганиш учун одамлар кела бошлашади. Бу ҳақда Неъматулло Насруллаев “ Лутфуллоҳ Насафий “ номли рисоласида: “ Насафшунос олим Т. Яшилюртнинг қайд қилишича, турк олимлари тафсир, ҳадис ва адаб илмларини эгаллаш учун Сурия, Ироқ Миср, каби давлатларга борган бўлсалар, фиқҳ, калом ва фалсафа каби ақлий билимларни эгаллаш учун Насаф, Самарқанд, Бухорога келганлар[4] “ деб ёзади.
Имом Бухорий Насаф шаҳрига келиб, у ердаги “ Боён” ( Поён) маҳалласида истиқомат қилганлар. Бу ҳақда Самъоний “ Ал-Ансоб” ( Насабнома) асарида: “Ал-Боёний Боён (Поён) Насафнинг маълум ва машҳур маҳаллаларидан. Бу маҳаллада Имом ал-Бухорий бўлганлар. Мен бу қишлоқда кўп бўлдим ва Имом ал-Бухорий намоз ўқиган масжидда намоз ўқидим[5]” дейилади. Имом Бухорий Насафда келганларида Оброн қишлоғидан Абу Муҳаммад Жабрил ибн Авн у зотнинг дўстларидан бўлганлар. Бу ҳақда ас-Самъоний шундай ёзади: “ Абу Муҳаммад Жабрил ибн Авн ал-Офуроний исломнинг пешқадам олимларидан. Имом ал-Бухорийнинг дўстларидан. Имом ал-Бухорий Насафда яшаганларида бу киши у зот билан бирга бўлганлар. Жабрил ал-Офуроний Абдулазиз ибн Ҳотам ал-Офуронийдан ҳадис ривоят қилганлар[6]” .
Насаф шаҳрининг Жўйбори маҳалласида яшовчи Абу Бакр Муҳаммад ибн Суррий ал Бухорий билан учрашганларини ас-Самъоний “ Ал-Ансоб” асарида шундай эътироф этади: “ Абу Бакр Муҳаммад ибн Суррий ал- Жуйборий Насафнинг Жўйбор маҳалласидан. "Ҳам" лақаби билан танилганлар. Мен бу маҳаллада бўлганман. Бу киши солиҳ шайх ва ғассол (ўликларни ювувчи) бўлганлар. Имом ал -Бухорий билан учрашганлар[7]” .
Ал-Бухорий Насафга келганларида Туфайл ибн Зайд ат-Тамимий ал-Ажирнинг уйида бўлганлар. Бу ҳақда ас-Самъоний “ Ал-Ансоб ” асарида: “ Туфайл ибн Зайд ат-Тамимий ал-Ажир Насаф аҳлидан. Имом ал-Бухорий Насафга келганларида шу кишининг уйларида бўлганлар. Туфайл ал-Ажирдан Абу Яьло Абдулмумин ибн Халаф “Ҳикоётун ат-Туфайл ибн Зайд ” (Туфайл ибн Зайд ҳақида ҳикоялар) китобини ривоят қилганлар. Аҳад ал-Ажирдан эшитдим. У киши айтар эдилар: “ Бобом Туфайл ибн Зайд Имом ал-Бухорийдан: “Номоздан руку ва саждада неча марта тасбеҳ айтиш керак” деб сўраганлар. Имом ал-Бухорийнинг устозлари имом Муҳаммад ибн Салом Ал-Пайкандий: “ Янбағи Салосу тасбиҳот фи ас салоти яъни фи ар-рукуи ва ас-сужуд”. (Намозда руку ва саждада 3 марта тасбеҳ айтиш дуруст) –деганлар[8], -деганлар” дейилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тарихий манбалар Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни вилоятимизнинг қадимий шаҳарлари бўлган Кеш ва Насафда яшаганликлари ҳақида гувоҳлик беради. Улуғ муҳаддис Имом Бухорийни ўз даврида Кеш ва Насаф шаҳарларида бўлиб, у ердаги аҳолини ўзларининг илм зиёларидан баҳраманд қилганлар. У зотнинг илм зиёсидан нурланган кишилар эса икки дунё саодатини қўлга киритиш бахтига муяссар бўлганлар.
Руҳиддин Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими
Манба: “ Қашқадарё” газетаси. № 875. 24.04. 2018.
Фойданилган адабиёт ва манбалар:
- Ас-Самъоний. А. Насабнома. ( Ал-Ансоб). Бухоро. “ Бухоро” нашриёти.
- Йаздий. Ш. А. Зафарнома. Т. Шарқ нашриёти. 1997.
- Насруллаев Н. Лутфуллоҳ Насафий. Т. “ Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2014.
- Нафасов. Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Т. “Муҳаррир” нашриёти. 2009. 321-бет.
[1] Йаздий. Ш. А. Зафарнома. Т. Шарқ нашриёти. 1997. 88-бет. [2] Йаздий. Ш. А. Зафарнома. Т. Шарқ нашриёти. 1997. 87-88-бетлар [3] Йаздий. Ш. А. Зафарнома. Т. Шарқ нашриёти. 1997. 87-бет. [4] Насруллаев Н. Лутфуллоҳ Насафий. Т. “ Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2014. 4-бет. [5] Ас-Самъоний. А. Насабнома. ( Ал-Ансоб). Бухоро. “ Бухоро” нашриёти. 227-бет. [6] Ас-Самъоний. А. Насабнома. ( Ал-Ансоб). Бухоро. “ Бухоро” нашриёти. -бет. [7] Ас-Самъоний. А. Насабнома. ( Ал-Ансоб). Бухоро. “ Бухоро” нашриёти. 2бет. [8] Ас-Самъоний. А. Насабнома. ( Ал-Ансоб). Бухоро. “ Бухоро” нашриёти. -бет.