1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚАБРИСТОН ЗИЁРАТИ ОДОБЛАРИ ВА УНДА БИДЪАТ ВА ХУРОФОТЛАРДАН ТИЙИЛИШ (1-қисм)

26-11-2020, 11:46 594 Ўқиш режими + -
   ҚАБРИСТОН ЗИЁРАТИ ОДОБЛАРИ ВА УНДА БИДЪАТ ВА ХУРОФОТЛАРДАН ТИЙИЛИШ
(1-қисм)
Аллоҳ таоло инсоният ибрат олиши ва тафаккур қилиши учун кўпгина оят-мўжизаларини зоҳир қилиб қўйган. Улардан бири ва ҳар куни кўз ўнгимизда содир бўлиб тургани ўлим ва ҳаётдир.
Қуръони каримда ўлим ва ҳаётнинг яратилиши инсон ҳаётини яхшиликларга сарфлаши учунлиги баён қилинади:
 
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ
 
яъни: “Аллоҳ сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси 2-оят).
Бошқа ояти каримада эса ҳеч бир жон эгаси ўлимдан қочиб қутула олмаслиги таъкидланади:
 
كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَنَبْلُوكُمْ بِالشَّرِّ وَالْخَيْرِ فِتْنَةً وَإِلَيْنَا تُرْجَعُونَ
 
яъни: “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин)  Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси 35-оят).
Динимизда қатъий эътиқод қилинадиган тушунчалардан бири шуки, инсон ҳаёти учга бўлинади. Дунёдаги синовли ҳаёт, қабрдаги барзахий ҳаёт ва охиратдаги абадий ҳаёт. Буларга имон келтириш имон асосларидандир. Инсон вафот этиши билан унинг охиратдаги янги ҳаёти бошланиши, яъни Қиёмат кунигача қабр ҳаёти – барзахда яшаши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Шунинг учун мусулмонлар инсон ўлди, тамом, у энди бутунлай унутилди, демайдилар. Балки, бу дунёдан ўтган мўмин-мусулмонларга ҳурмат бажо келтириб, доимо дуолари, тиловатлари ва хайру-эҳсонларида ёд этадилар. 
Аллоҳ таоло ўтганларнинг ҳаққига дуо қилувчи мўминларни мақтаб шундай дейди:
وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ
وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
 
яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси 10-оят).
 
Ўтганларни яхшилик билан ёдга олишнинг бир кўриниши уларнинг қабрларини зиёрат қилишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
 
كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ، أَلا فَزُورُوهَا،، فَإِنَّهُ يَرِقُّ الْقَلْبَ، وَتَدْمَعُ الْعَيْنَ، وَتُذَكِّرُ الآخِرَةَ،
 وَلا تَقُولُوا هَجْرًا"
(رواه الامام الحاكم عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
 
яъни: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради ва охиратни эслатади. Лекин фаҳш-ёмон сўзларни сўзламанглар” (Имом Ҳоким ривоят қилганлар).
Мана шу ва бошқа ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, уламоларимиз қабр зиёрати эркакларга ихтилофсиз савобли иш эканини айтганлар. Аёлларнинг қабр зиёратига аксар уламолар шартлар билан рухсат берганлар. Аёллар эрларининг розилиги билан сатри авратда, йиғлаб дод-вой қилмасдан қабрларни зиёрат қилишлари дуруст. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо Мадинадан Маккага келганларида Макка шаҳрига дафн қилинган акалари Абдурраҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг қабрларини зиёрат қилар эдилар.
 
(Давоми бор)
 
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди