ХАЛИФАНИНГ ЎҒИЛЛАРИ ҲАМ ОЛИМЛАР ХИЗМАТИДА БЎЛГАН
3473
1-12-2020, 11:22
368
Ўқиш режими
+
-
Имом Тожуддин Субкий раҳимаҳуллоҳ айтади:
“Бир куни отам – имом Тақийуддин Субкий раҳимаҳуллоҳ отини миниб кетаётган, унинг ёнида эса оддий бир кекса одам пиёда борар эди. Улар ўртасида суҳбат бошланди.
Суҳбат чоғида чол бир вақтлар Имом Нававийни кўрганини айтади. Шунда имом Тақийуддин дарҳол отдан сакраб тушиб, чолнинг қўлидан ўпди. Ўзи учун дуо қилишни сўради ва кейин деди: "Менинг ўрнимга ўтир, чунки мен ҳеч қандай ҳолатда Нававийни кўрган кўз яёв юрган пайтда уловга чиқа олмайман”.
Буюк имомларимиз ўзлари илмда дарё бўлсалар-да, бошқа уламоларни ҳурмат қилганлар, уларнинг вафот этганларини яхши сўзлар билан эслаб, тирикларига чиройли муносабатда бўлганлар.
Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Устозим Ҳаммоднинг уйи томонга оёғимни узатмадим... У вафот топгач, ҳар намозим ортидан ота онамга қўшиб унга ҳам истиғфор айтардим”.
Салафларимиз олимларга гўзал муносабатда бўлишарди. Шаъбий роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу отга миндилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо отнинг юганидан ушлаб юра бошладилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу у кишига: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламнинг амакиларининг ўғли, бундай қилманг!”- дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Олимларимизга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз”, дедилар. Зайд розияллоҳу анҳу: “Қўлингизни беринг”, дедилар. У киши қўлларини узатган эдилар, уни ўпиб: “Набийимиз соллаллоҳу алайҳ васалламнинг аҳли байтларига шундай муомала қилишга буюрилганмиз”, дедилар”.
Муслим ибн Ҳажжожнинг Имом Бухорийга муҳаббатлари чексиз бўлиб, доимо ул кишига иззат-икром кўрсатганлар. Масалан, Имом Муслим бир куни Имом Бухорийнинг ҳузурларига келиб, ул кишининг юзу кўзларидан ўпгач: «Эй устозларнинг устози, муҳаддисларнинг саййиди, иллатли ҳадисларнинг табиби! Менга оёқларингизни ўпишга рухсат қилинг!» – деб мурожаат қилганлар. Имом Бухорий Нишопурда турган вақтларида ул кишидан бир қадам ҳам ажралмаганлар, эртаю кеч ёнларида бўлганлар.
Имом Кисоий роҳматуллоҳи алайҳдек зотга бўлган ҳурматдан халифа Ҳорун ар Рашиднинг ўғиллари у зотнинг оёқ кийимларини тўғрилашга талашиб қолишар эди.
Афсуски, ҳозир озгина араб тилида гапиришни ўрганиб, олимларга, ҳатто ўз устозларига қарши гапириб, беҳурмат қилаётганлар ҳам учраб турибди. Бу уларнинг жоҳиллиги, пайғамбаримиз салллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашмаганларидандир.
Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир. Олимга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан урушган ғолиб бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан” (Бухорий ривояти).
Ёқуб Умар тайёрладиМанба: Азон.уз