Энг гўзал шакл
Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик”. (Ваттийн, 4)
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг инсон зотини қай йўсинда яратгани хақида хабар берилмоқда. Парвардигоримиз бизларни ҳам руҳан, ҳам ақлан энг чиройли ва кўркам хилқат билан яратган. Ушбу маъно қуйидаги оятларда ҳам таъкидланган: “(Аллоҳ) сизларни сурат-шакл бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган Зотдир” (Ғофир, 64).
Ал-Воҳидий айтади: “Аллоҳ ҳар бир тирик жонзотни судралиб юрадиган қилиб яратди, фақатгина инсон бундан мустаснодир, У тик қомат қилиб яратилган ва бошқа махлуқотлардан фарқли равишда таомини қўли билан ейди”.
Бу оятларнинги маъносини тушуниш учун бошқа махлуқотларнинг ташқи қиёфасини инсонга солиштириб кўришнинг ўзи кифоя қилади. Инсон чиройли ва кўркам қилиб яратилгани баробарида унга фикрлаш, ақл юритиш, фаҳмлаш, ҳис қилиш каби улуғ неъматлар инъом этилган. Одам организмининг тузилиши ҳам бошқа мавжудотларникига нисбатан ниҳоятда мураккаб ва юқори даражада такомиллашган.
Таржимада “энг гўзал” деб ўгирилган сўз аслиятда “аҳсан” тарзида ифодаланган. Мазкур сўз сифатининг орттирма даражаси бўлиб, ушбу сифат билан сифатланадиган бошқа чиройлироқ нарса деганда Ойни назарда тутишади. Лекин юқоридаги ояти карима инсон ойдан ҳам чиройли эканини таъкидлаб турибди.
Шу маънода Ибн Арабий айтади: “Аллоҳ таолонинг инсондан кўра чиройлироқ бирон махлуқоти йўқдир. Зеро, Аллоҳ уни билувчи, амалларни бажаришга қодир, хоҳиш-ирода соҳиби, сўзлрвчи, эшитувчи, кўрувчи, тадбир қилувчи ва донишманд қилиб яратди”...
Муҳаммад Абдуллоҳ
Мусулмонлар тақвими китобидан