САВОЛ:
Ассалому алайкум. Мен бир одамнинг уйида устачилик ишини бошладим. 3, 4 кун ўтгач қўшниларидан эшитишим бўйича фоизга пул бераркан. Мени ишлаб топган пулим ҳаром бўлиб қолмайдими, бу ерда овқатланишимчи?
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Аввало иш қилмоқчи бўлаётган жойингизни, иш таклиф қилаётган томонни молиявий манбасини билиб олиб кейин иш бошланг. Шунда мана шундай аҳволга тушиб қолишдан саломат бўласиз.
Ҳозирги ҳолатингизда иш ҳақингизни олишингиз мумкин. Чунки сиз ишни бошлаб қўйгансиз. Сиз қилган меҳнатингизга ҳақ олган ҳисобланасиз. Чунки пуллар тайин қилиш билан тайин топмагани учун Имом Кархийнинг наздларида ҳаром пулга сотиб олинган нонни ейиш жоиз. "Ҳидоя" китоби соҳиби бу гапни заиф деган бўлсаларда, балвои омма туфайли "Роддул муҳтор" китобида имом Кархийнинг сўзларига фатво берилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати.