МУСУЛМОН ОЛАМИ ЯНА БИР БУЮК ОЛИМИДАН ЖУДО БЎЛДИ
3509
6-12-2020, 16:58
387
Ўқиш режими
+
-
Динимизнинг буюк алломаларидан, Азҳари шарифнинг улуғ устози, Уламолар Ҳайъати аъзоси, ақида ва калом илми шайхи, мураббий ва муршид, устозимиз ва устозларимизнинг устози Доктор Тоҳа Ад-Дассуқий Ҳубайший вафот этди.
Роббим ўз раҳматига олиб, Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васаллам ила бирга қилсин.
Аҳли оилаларига, яқинларига ва талабаларига сабри жамил ато этсин.
***
Тоҳо Ҳубайший ўзбек халқини, ўзбек юртини севар эдилар...Мусулмон олами забардаст олимларининг биридан айрилди, аҳли сунна ва жамоа алломаларидан, Азҳари шарифнинг улуғ устозларидан, Уламолар Ҳайъати аъзоси, ақида ва калом илми шайхи, мураббий ва муршид Доктор Тоҳа Дассуқий Ҳубайший вафот этдилар.
Мисрга ҳар гал борганимда Шайх Тоҳа Ҳубайшийнинг зиёратларига борар эдик. Кўзлари ожиз бўлса‑да, жуда зийрак эдилар. Кўришган кишиларини овозидан таниб олар эканлар. Кўзи очиқлар укам билан мени адаштириб турган бир пайтда, у киши овозимиздан дарҳол фарқлар эди. Жуда ҳам катта олим, машҳур шайхлардан бўлиш билан бирга, ўта камтарин, кичиккўнгил, мурувватли, олийжаноб инсон эдилар. Фазилатлари беқиёс эди. У кишининг ҳузурларига борганимизда одатда Миср диёридаги энг кўзга кўринган ҳанафий олимлардан Шайх Жамолиддин Ҳошимий ҳафизаҳуллоҳ ҳам бирга бўлардилар. Бу икки забардаст олимнинг бир‑бирларига бўлган ажойиб муомала ва илтифотларини кўриб, яқин тарихимизда яшаб ўтган катта олимларимиз, фозилу эшон дададаларимиз ёдимга тушар эди. Шайх Жамолиддин Ҳошимий Шайх Тоҳога худди ёш шогирдлардек ҳурмат кўрсатса, у киши ҳам шунга муносиб илтифот билан жавоб қайтарар эди.
Шайх Тоҳонинг ҳар гал борганимизда менга айтадиган гапларидан бири: «Эй шайх Ҳасан (бу хитобга лойиқ эмасмиз-у, лекин улар одатда шогирдларни ҳам шунақа деб эркалатишади), қачон Қоҳирага келсанг, агар тирик бўлсам, менинг олдимга келмай қайтма. Мободо вафот этган бўлсам, хонадонимга келиб, пойқадам қилиб, ҳаққимга дуо қилиб кетишни унутма», дердилар. Тўғриси, у кишининг бу каби илтифотларидан одам гоҳида ҳижолат ҳам бўлиб кетар эди.
Шайхнинг кўзлари аъмо бўлса‑да, илмлари уммон эди. Уйлари айланасига тўла китоб, кўпроқ шогирдлар ўқиб беришади. У кишининг ёзган китоблари жуда ҳам кўп. Хусусан, ақида, фалсафа ва тасаввуфга оид асарлари машҳур ва ўта дақиқ. Охирги китобларидан бири «Таҳовий ақидаси»ига ёзган шарҳлари эди. Шунингдек, Аҳмад Зарруқнинг "Тасаввуф қоидалари" номли китобига ёзган 5 жилдли шарҳи ҳам у кишининг охирги таснифларидандир.
Айтишларича, аёллари доктора экан, Шайх имло қилсалар, аёллари ёзиб турар экан. Ана шу зайлда ўнлаб асарлар яратганлар. Бундан ташқари у кишининг фейсбукда ҳам саҳифалари бор, у ерда айрим суҳбатлари бериб борилар эди. Аллоҳим бу садақаи жорияларини қиёматга қадар Ислом уммати учун бардавом манфаатли бўлишини насиб этсин.
Шайх Тоҳо раҳматуллоҳи алайҳ 2018 йили Ўзбекистонга ташриф буюрганларида юртимизда бир қанча зиёратгоҳларда бўлгандилар. У кишининг Ўзбекистонга, бу ўлка алломаларига бўлган муҳаббатлари ўзгача экан. Кейинроқ Мисрда уйларига зиёратга борганимизда ўша сафарлари учун анча муштоқ бўлиб юрганлари, кейин укам Ҳусайнхон орқали бу мақсадга эришиш муяссар бўлганини тўлқинланиб гапириб бергандилар. Мисрга қайтибоқ, «Ўзбекистонга қилган сафарим» деган китоб ёзиб, нашр қилдилар. Унда юртимизнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида жуда ҳам яхши гаплар, қайноқ фикрлар ёзилган. Умуман олганда, Шайх ватанимизни, халқимизни жуда ҳам яхши кўрар, ўта ҳурмат қилар эдилар.
Аллоҳ таоло Шайх Тоҳо Ҳубайший раҳматуллоҳи алайҳни Ўз раҳматига олсин, жойлари Фирдавс жаннатидан айласин ва ўринларига у кишидан афзал олимлар билан Ислом умматини мушарраф этсин.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба: Азон.Уз