Абу Бакр Абдуллоҳ Божий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бешта хислат билан амаллар мукаммал бўлади: Аллоҳ таолога иймон келтириш; ҳақиқатни таниш; Аллоҳ учун ихлос билан амал қилиш; суннатга мувофиқ амал қилиш ва ҳалол луқма ейиш. Агар улардан бири йўқ бўлса амаллар қабул бўлмайди. Масалан, Аллоҳ таолони таниб, ҳақиқатни танимасанг ҳам фойда топмайсан. Аллоҳни таниб ҳақиқатни ҳам билмасанг-у, ихлос билан амал қилмасанг, бу ҳам манфаатли бўлмайди. Аллоҳни таниб, ҳақиқатни ҳам билиб, ихлос билан амал қилсанг, лекин суннатга мувофиқ амал қилмасанг, бундан ҳам фойда йўқ. Ушбу тўрттага амал қилиб, аммо ҳалолдан емасанг, яна фойда топмайсан”.
Ваҳб ибн Вирд айтади: “Агар сен мана бунга ўхшаш бир устун бўлсанг ҳам, қорнингга кираётган нарсанинг ҳалол-ҳаромлигига қарамасанг, бу сенга фойда бермайди”.
“Солиҳлар гулшани” китобидан