1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМДА АЁЛ КИШИНИНГ МАШИНА ҲАЙДАШИ МУМКИНМИ?

16-12-2020, 15:55 4 076 Ўқиш режими + -
САВОЛ:
Исломда аёл киши машина миниши мумкинми?
ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аёл киши зарурат бўлганда машина ҳайдаши жоиз, лекин унинг ўзига яраша шартлари мавжуд.
Аллома доктор Ваҳба Зуҳайлий айтадилар: “Шариатимиз аёл кишини мубоҳ бўлган ишларни қилишдан ман этмайди. Аёл машинани якка ҳайдаса ҳам, ёнида бошқа киши бўлса ҳам, бу жоиз амалдир. Лекин шарти шуки, аёл киши машинани минишда ва бошқа ишларида шариат доирасида бўлмоғи, унга кўзи тушганларга фитна бўлмайдиган даражада муҳташам кийиниши керак.
Ал-Азҳар уламоларидан устоз, доктор Абдулфаттоҳ Ошур айтадилар: “Модомики аёл уйидан Аллоҳнинг шариатига риоя қилган ҳолда чиқар экан, унинг машина ҳайдашининг зарари йўқ. Буни ман этганлар аёлларни эҳтиёт қилиш юзасидан қилганлар. Энди аёл турли масалаларда эркак билан тенг мақомда кўрилаётган жорий муҳитда бундай эҳтиёткорликнинг маъноси бироз йўқолган. Биз таъкидлашимиз лозим бўлган нарса шуки, аёл албатта Ислом одоби билан одоблансин. Машина миниб, шубҳали жойларга ёки ўзини ва шаънини хатарга қўядиган томонларга бормасин”.
Аммо аёл кишининг такси ҳайдаб одам ташишига келсак, бу шариатимизда жоиз эмас. Зеро, бунда аёл шаъни муқаррар хатарга қўйилган бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, аёлларнинг машина ҳайдаши одатга кирмаган минтақаларимизда уни тарғиб қилмаган маъқул. Чунки, динимиз аёл зотини эзозлаган, уни имкон қадар ҳар хил хатарли ҳолатлардан эҳтиёт қилган. Аёлларнинг хизматини эрлари, ўғиллари маҳрамлари қилиш керак. Аёл кишилар машина миниб ўзларини қийнашларига ҳожат йўқ. Ундан сўнг йўлда машинани бузилиб қолиши ва турли кутилмаган ҳолатлар бўлиши мумкин. Қолаверса, баъзи ўзини билмаган беодоблар машина ҳайдаб кетаётган аёл, қизларга тегажоғлик қилиш мумкин.
Шундай экан, зарурат бўлмаган ҳолатларда аёллар машина минмаганлари яхшидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Фатво ҳайъати