1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САҲОБАЛАРНИ СОҒИНГАН ҚАЛБЛАР УЧУН

17-12-2020, 14:56 598 Ўқиш режими + -
САҲОБАЛАРНИ СОҒИНГАН ҚАЛБЛАР УЧУН
 УЛАР...
      Улар тавбани ҳазрат Одамдан ўргандилар. “Пушаймонман”, дейишни, гуноҳга қайтмасликни ҳам...
      Жоҳилия даврининг денгиздек кўпириб қайнаган куфридан қочиб Нуҳ алайҳис салом кемасига мингандек кирдилар Исломга. Ҳақиқий нажотни истаб, чин балодан қутилишни ҳоҳлаб...
      Садоқатни Халилур-Раҳмондан ўргандилар. Умрларининг  баҳорида табассум ила юрдилар олов бағрига. Бу оташ гулзорга айландими-йўқми, аниқ билмасдан... “Ҳасбиялло!” дея... Таслимият ва таваккул ила...
      Уларнинг бешикларини авайлаб тебратмади дарёлар. Осиё оналар қучоғида улғайишмади. Маҳрум эдилар денгизни бўйсиндирган асодан. Бироқ золимга бўйсўнмасликни ўргандилар ҳазрат Мусодан. Саждада узоқ туришни Тури Сино билдилар...
      Тақвони ҳазрати Юсуфдан ўргандилар. Аввалига ота маконидан жудо этилдилар. Қудуқ тубидек қоронғу ҳужраларга қамади оға-инилари. Енгилмадилар. Тушкунликка тушмадилар. Дунё бор гўзаллигини намоён этиб ўзи томон чорлади. “Йўқ” дедилар ҳазрати Юсуф сингари. “Мен Раббимдан қўрқаман!...”
       Севиклиси учун ўлим топиш керакми арра тишларидан? Ошиқлик даъвосига дарз етмасин дея “уҳ” демай найз тиғига ўзини тутиш, дор сиртмоғига бошни баланд тутиб бориш керакми? Иккиланмай қадам ташладилар ажал томон. Худди Закариё алайҳис саломдек. Чунки улар ҳар он мард бўлдилар, ҳатто ўлим чоғида ҳам...
       Қўллари ҳазрат Довуд қўллари каби эди, темирдек юракларни юмшатдилар. Ҳар оят тушганида: “Эшитдик ва итоат қилдик!” дедилар. Кўзёшлар билан кутиб олдилар ваҳийни...
       Томирларида Айюб алайҳис салом сабри оқди. Ёқуб алайҳис салом шукри тахт қурди кўнгилларига...
       Улар...
       Бутун олам ичра танланган ва Сарвари Коинотга тутилган гулдаста эдилар.
       Улар улуғ эдилар. Йўлбошчилари – оламларга раҳмат зот назари ила юксалдилар. Саҳоба бўлдилар. Бутун мақому мавқеларни бир четга суриб, энг яхши даража – оддий бандаликни танладилар. Аллоҳга бандаликни бандалар ичра аълоси Расули акрамдан ўргандилар. Чунки у зот Хотамул анбиё, Набиййи муқтадо, Муҳаммад мустафо эдилар!
        Набийимизга ва жами пайғамбарларга саловату салом бўлсин!
        Аҳли байтга, муборак саҳобийларга салом бўлсин!
                                                                                                        Турсун Али
                                                                                                        “Ирфон” тақвимидан