ЙИЛ ҲИСОБЛАРИДАГИ ЯНГИ ЙИЛ
3689
25-12-2020, 11:18
706
Ўқиш режими
+
-
ЙИЛ ҲИСОБЛАРИДАГИ ЯНГИ ЙИЛ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Инсоният ўз умрини, вақтини ҳисоблаб бориш, келгуси ишларини режалаштириш учун йил ҳисобларидан фойдаланади. Дунё халқлари орасида асосан милодий ва ҳижрий йил ҳисобларидан фойдаланилади. Мана шу ҳижрий ва милодий йил ҳисобларининг ўзига хос тарихи ва хусусиятлари бор.
Йил ҳисобидаги ҳижрий (қамарий) йил ҳисоби Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.в.)нинг Маккаи-мукаррама шаҳридан Мадинаи мунаввара шаҳрига ҳижрат ( кўчиш) қилганларидан бошлаб ҳисобланади. Шу сабабли бу йил ҳисоби ҳижрий (кўчиш) йил ҳисоби дейилади. Ҳижрий йил ҳисоби ойнинг ер атрофидан айланишига асосланади. Ойнинг ер атрофидан айланиш муддати 354-355 кундан иборат. Шу сабабдан у ҳижрий- қамарий йил ҳисоби дейилади. Ҳижрий (қамарий) йилининг янги йили Муҳаррам ойидан бошланади. Ҳозир ҳижрий (қамарий) йил ҳисоби бўйича 1443 йилдир.
Дунё халқлари кўп ҳолларда расмий ҳужжатлар, тарихий воқеа – ҳодисаларни белгилаш ишларида милодий йил ҳисобида олиб борилади. Маълумки, милод бу –туғилиш деган маънони беради. Исо (а.с.)нинг милод (туғилиш)лари эътибори билан бу йил ҳисоби милодий (туғилиш)йил ҳисоби деб аталади. Милодий йил ҳисоби ернинг қуёш атрофидан айланиш муддатига асосланган бўлиб, у 365 кундан иборат. Милодий йилнинг биринчи ойи Январь ойидир. Бу ой ҳамиша 31 кундан иборат бўлади.
Ҳозирги кунда милодий йил ҳисоби бўйича янги йилни бошлаш арафасидамиз. Ўтиб бораётган 2020 йил бутун дунё халқлари орасида коронавирус пандемияси тарқалиб, барча учун синов йили бўлди. Шу жумладан халқимиз ҳам бу синовдан сабр-тоқат, мустаҳкам ирода ва синов бўлиб келган иллатга қарши кўрилган чораларга амал қилиш билан енгиб ўтмоқда. Аллоҳ таоло келаётган йилда коронавирус иллатини бутун дунё халқлари бошидан аритсин, барчамизни Ўз паноҳида асрасин!
Ўтган йилни сарҳисоб қилиб, келаётган 2021 йилда яна кўпроқ савоб амалларни қилишни ният қилмоқдамиз. Янги йилни баҳона қилиб шариатимизга тўғри келмайдиган, турли хил кўнгилсизликларни қилишдан сақланайлик!
Ўтган умримизда қилган амалларимизни Аллоҳ таоло мақбул айлаб, келгусида режалаштирган хайрли ишларимизни амалга ошишида Ўзи ёр-мададкор бўлсин!
Руҳиддин Акбаров
Ўзбекистон Мусулмонлар Идорасининг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими