Ҳар бир жамоанинг раҳбари бўлади. Буни эл “Ҳар тўдага бир бошчи” деб атайди. Қайсики жамоанинг раҳбари бўлмаса, ишининг ҳам тайини бўлмайди, ўша жамоада тартиб-интизом, тинчлик-омонлик, хайр-барака ҳам бўлмайди. Ислом таълимоти бўйича оила энг муҳим жамоа бўлиб жамиятнинг пойдевори ҳисобланади. Пойдевори маҳкам иморат мустаҳкам бўлганидек, оила мустаҳкам бўлса жамият ҳам бақувват бўлади.
Ҳозирги иқтисодий шароитда аёллар фаоллашиб, баъзи оилаларда устуворликга ҳам эришганлар. Шундай оилалар борки, аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий устуворлиги эркакларнинг ҳамиятига ҳам тегмай қўйган. Лекин бу ҳолат аёлни эркак, эркакни аёлга айлантирмайди. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир*. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир”(Нисо сурасининг 34-ояти).
Афсуски, ҳозирда кўплаб оилавий ажримларнинг сабаблардан бири оила бошлиғи (қайнота) ўзини четга олиши оқибатида қайноналар «хўжайин» бўлиб қолаётганидир. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду-насиҳат қилиб унга билмаганларини ўргатиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифаларни юклаб, зулм қилиб, охир-оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаётган қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Аллоҳ таоло эркакларни жисмонан қувватли, иродали, вазмин, мулоҳазали ва бошқа жиҳатлари билан устун этиб, оилани сақлаш ва бу йулдаги сарф-харажатларни зиммасига олишга қодир қилиб яратган.
Шу боисдан тўйдан кейин келиннинг қайнона ва қайнопа-сингилларга хизматкордек бўлиб қолишига йўл қўймаслик учун қайноталар бир оз эътиборли бўлмоғи лозим. Бундай вазиятда келин ўзини ёлғиз ва ҳимоясиз ҳис қилиб довдираб қолгани оқибатида янги оилага меҳр қўйиб кетолмайди. Қайнота келинни едириб- ичириш, уй-жой, кийим-кечак билан таъминлаш, оиланинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш – дам олиш, ибодат қилиш, бола тарбияси билан шуғулланиш каби ишларга ҳам шароит яратиб бериш масалалари эрнинг зиммасидаги мажбурияти эканини ўғлига тушунтирмоғи зарур. Келиннинг ҳам зиммасида оилада ўзига муносиб мажбуриятлари мавжуд бўлиб, янги хонадонга келишдан аввал зарурий таълимотларни ўз ота-онасидан олган бўлиши шарт. Айниқса, сабру қаноат, шукру итоат каби фазилатларни ўзига касб қилган бўлиши, янги оила аъзолари билан одоб-ахлоқ ва иззат-ҳурмат меъёрларига қатъий риоя қилган муомлада бўлиши даркор.
Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Жамият ҳаётининг равнақи, даражаси, сифати кўп ҳолларда оиланинг қай даражада ҳаётга қобиллигида намоён бўлади. Жамият оилаларнинг мажмуидир. Шунинг учун ҳар бир ажралиш, ҳар бир заҳил ранг, кўзи маюс бола, ҳар бир ёлғиз эркак, ҳар бир кўзи ёшли аёл жамиятнинг дардидир. Агар оила ҳалол-пок бўлса, тинч бўлса, жамият мустаҳкам, турмуш фаровон бўлади. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган. Аллоҳ таоло эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасидадир.
Пайғамбаримиз с.а.в. эрнинг аёли олдидаги вазифаси хусусида шундай марҳамат қилганлар; Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор? – деб сўрашганда, У зот (сав):
“Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўринни бошқа қилиб ётмоқлик” – дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга мажбур қилаётганлари ҳам сезилмоқда. Бундай ҳолатлар пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул вадоъда эркакларга мурожаат қилиб, бундай дедилар: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимсанинг киришига йўл қўймаслик. Борди-ю, шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб уришиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларни ўрта ҳолатда едириб, кийдирингиз” (Имом Муслим ривояти).
Албатта, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ шундай деб марҳамат қиладилар:
: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”. (Имом Термизий ривояти).
Оилада эр ўз ота-онасини биринчи навбатда ҳурмат қилиши ва аёлини ҳам ота-онасига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ундаб туриши лозим. Чунки, ота-онани ҳурмат қилиш фарзанд учун биринчи вазифа. Лекин шуни яхши билиш лозимки, ота-она фарзандини аёлига талоғини беришга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Бу борада ўғил ота-онасига итоат қилмасликка ҳаққи бор. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
Али р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар: "Аллоҳга маъсият бўладиган ишда инсонга итоат қилинмайди. Итоат фақат шариатга мувофиқ бўлган маъруф ишлардадир". (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, бандани рози қиламан, деб Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди. Ҳар бир мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларини қилиши шарт. Аммо ота-онаси хоҳламай қолган аёлни рухсатини бериши (яъни, ажрашиши) мумкин эмас.
Маълумки, ақди никоҳнинг шартларидан бири эр-хотиннинг розилигидир. Яъни, агар эр ёки хотиннинг иккисидан бири никоҳга рози бўлмаса ундай никоҳ тўғри бўлмайди. Аммо, талоқ масаласида фақат эрнинг талоғи инобатга ўтади. Аёл кишининг талоғига эътибор йўқ. Бу дегани эркак киши талоқ масаласида жуда ҳам эҳтиёт бўлиши лозим демакдир. Баъзи бир эркаклар билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан талоқ лафзини ишлатиб қўймоқдалар. Баъзилари эса талоқ бериш ҳуқуқини суъистеъмол қилиб, ҳа деганда аёлини қўрқитиш ёки ўзига бўйсундириш мақсадида бу сўздан фойдаланадилар. Ҳолбуки, “талоқ” лафзи айтилганда Аллоҳнинг Арши ларзага келади, шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ Аллоҳнинг ёмон кўрган нарсасидан бўлиб, у охирги чора сифатида жорий қилингандир. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
“Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ энг ёмон кўрадиган нарса талоқдир”.(Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Баъзи эркаклар талоқ масаласига бепарво бўлиб, аёлига талоқ сўзини кўп айтсада бунга парво қилмай ўзаро оилавий муносабатларда давом этавериш ҳоллари ҳам учраб туради. Уларнинг бу ишлари гуноҳи азимдир, ҳар биримиз бунинг хатари ва оқибатидан огоҳ бўлишимиз лозим. Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур.
Минг афсуслар бўлсинки, талоқнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар – ота-оналар сабабчи бўлиб қолишяпти. Тўғри, кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини уйлаб-жойлаганларидан кейин ҳам уларнинг оилавий ҳаётлари бахтли бўлиши учун қўлдан келган барча чораларни кўришади, ўғил-қиз ва келин-куёвларига доно маслаҳатчи бўлишади, ўз ҳаётий тажрибалари асосида ёшларга таълим беришади, уларнинг хато-камчиликларини кечириб, олийжаноблик кўрсатишади.
Аммо баъзи ҳолатларда тамоман аксинча ҳолатни ҳам кўрамиз. Ота-оналар орага тушиб, болаларининг оилавий ҳаётларини бузишгача бориб етишади. Бундай бемаъни аралашувдан эҳтиёт бўлиш керак.
Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам ва азиз фарзандларимизни ота-онасига раҳмат келтирадиган, элу юртга манфаатли инсонлар бўлишларини насиб айласин!
Қарши туман бош имом хатиби Р.Киямов