1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ГАЛСТУК ТАҚИШ, КЕПКА КИЙИШ ЖОИЗМИ?

26-12-2020, 17:18 750 Ўқиш режими + -
Шайх Муҳаммад Ғазолий раҳимаҳуллоҳ айтади: "Қоҳирадаги таббиёт факультетига ўқишга кирмоқчи бўлаётган талабани кўрдим, у устига узун кўйлак ва қолансува (бош кийим) кийиб олган экан.
Ундан:
– Нега бундай кийиниб олдингиз? – дея сўрадим.
У бўлса:
– Мен французларнинг ушбу кастюмини кийиб, кофирларга тақлид қилмайман, – деб жавоб берди.
Мен: 
– Ман этилган тақлид шахсий инқирозда ва шунингдек, бошқа миллатларга фикрий ва нафсий тобеъликни эълон қилишда бўлади. 
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам енглари тор бўлган румий жубба (уст кийим) кияр, таҳорат қилсалар, қўлларини пастдан (кийимни ич тарафидан) чиқариб олар эдилар), дедим. 
Аммо бу аҳмоқ талаба кўзимга қулоқ солишдан юз ўгирди ва университетда ўқишни тарк этди...”
*****
Бу оғриқли масала. Баъзан ҳадисни зоҳирига асосан ҳукм бериб, мусулмонларга турли таъна қилувчилар учраб қолади. Бииз билан бирга ишлайдиган водийлик йигит уйига бориб келгач, фиғони фалакка чиқиб бундай деди:
– Тавба, бир киши менга мусулмонга ўхшаб кийинсангиз бўлмайдими, деди-я!
Кийимига қарадим. Куртка, кўйлак, шим – ҳар биримиз киядиган кийим. У бу таънани сарғиш курткаси сабабли эшитган экан.
Баъзан иссиқда шапка (кепка) кийган мусулмон ёки енги калта футболка кийган мўминга фосиқлик ва бошқа қавмларга ўхшашлик айбловлари қўйилиши учраб туради. Улар бу таъналарига Набий соллалоҳу алайҳи васаллламнинг: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деган ҳадисларини далил қилишади. (Абу Довуд).
Уламолар ташаббуҳ – ўхшатишни икки хил, тўлиқ ва қисман ўхшатиш бўлишини, ким тўлиқ,  зоҳиру ботинда бошқа қавмга ўхшатса, ўша қавмлардан бўлиб қолишини, агар қисман бўлса, ундай бўлмаслигини айтишган.
Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ кийимда ўхшатишни макруҳ санаган. Яъни бошқа қавм кийимини уларга ўхшаш истагида кийиш макруҳ. Аммо  бошқа қавмларга ҳам кийим ҳам эътиқодда ўхшашни орзу қилиб кийиш ҳаром бўлади. Аммо оддий ҳолатларда, иссиқдан ва совуқдан тўсилиш ёки ўзига мақбул кийим жиҳатидан кийиш жоиз. Бу кийим бир миллатнинг ақидасига хос бўлган (яҳудийларнинг кичик дўпписи, христианларнинг устки узун ридоси каби) кийим бўлмаслиги лозим. Омматан урф бўлган костюм-шим, футболка, галстук ва ҳоказо кийимларни кийишда эса бирор зарар йўқ.
Баъзан галстук тақиш ҳақида нохуш сўзлар эшитиб қоламиз. Ваҳоланки, галстук тақишнинг бирон бир ман этилган ҳолати йўқ. Ипакдан бўлмаса, кифоя. Галстук тақиш билан ўзини бошқа қавмларга ўхшатиш юзага келмайди.
Мусулмон кимса замонлар ўтган сари ўз даврига мослашиб яшаши лозим. Асри саодатда бўлмаган ва бошқа миллатлардан бизга кириб келган кийимлар ёки уловлар ва ҳоказолар юзага келса, нафсий ва фикрий ўхшатиш маъносидан сақланиб, улардан манфаатланиш лозим.
Нафсил амрини айтсак, ҳозирда киядиган аксар кийимларимиз ғайридин миллатлар ёки улар тайёрлайдиган кийим бўлиб, буларни оддий кийим сифатида кийиш жоиздир. Мабодо кимдир бу кийимларни киймасликни ихтиёр қилса, бу унинг хоҳиши бўлиб, бошқаларни таъна қилмаслиги лозим.
Сўзимизнинг охирида мусулмонлар учун асос бўлган қуйидаги ҳадисни келтирамиз: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган (гўштимиз)ни еса, бас, у  Аллоҳнинг зиммасидаги ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир. Бас, Аллоҳнинг аҳдига хиёнат қилманглар», – деб айтдилар (Бухорий ривояти).
Суннатуллоҳ Абдулбосит
Азон.Уз