1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – ДОИМО ДОЛЗАРБ

31-12-2020, 11:30 537 Ўқиш режими + -
 
ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – ДОИМО ДОЛЗАРБ
2020 йилнинг 29 декабрь куни барчамизнинг нигоҳимиз бир нуқтага: муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглашга қадалди.Икки соату 40 дақиқадан кўпроқ давом этган Мурожаатномани  эшитиб, барчамиз янги йилга қандай ном берилишини интиқлик билан кутдик. Эзгу анъанага айланган бу одатни ҳеч иккиланмай бугунги тараққиётимизнинг муҳим асоси десак, бўлади. Чунончи, мамлакатимизда ҳар сана йил номидан келиб чиқиб, жуда катта ислоҳотлар, ўзгаришлар амалга оширилаётганини жаҳон эътироф этмоқда.
Давлатимиз Раҳбари 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили деб эълон қилиши муносабати билан бутун Ўзбекистонни олқишлар тутиб кетди.
Ёшлар тарбияси ҳар бир даврнинг ўта долзарб масаласи бўлиб келгани айни ҳақиқат.  Биз яшаётган XXI асрда эса у ҳақиқатан ҳам ё ҳаёт, ё мамот масаласига айланиб бормоқда. “Тарбия қанчалик мукаммал бўлса, халқ шунчалик бахтли яшайди”, деган ҳикмат бор.Ватанимизнинг келажаги ҳисобланган Ёшларни ҳар томонлама маънавий етук, баркамол шахс сифатида тарбиялаш мураккаб ва муҳим вазифа ҳисобланиб, бу ўта масьулиятли вазифага доимо юртимизда давлат даражасида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. Буюк ўзбек халқи қадим-қадимдан фарзанд, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келган. Бугунги кунда ҳам юртимизда Муҳтарам Юртбошимизнинг ғамхўрликлари ва саъй-ҳаракатлари ила ёшларни илм-маърифатли, одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, йигит-қизларимиз илм-маърифат эгаллаши учун барча имкониятларни яратиб беришга катта урғу берилди. Бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик натижасида фарзандларимиз илм-маърифат соҳаларида улкан ютуқ ва муваффақиятларга эришадилар, инша Аллоҳ.
          Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”- деганлар.  Фарзандларни ёшлик чоғидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинади: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир.
Илм-фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам ўқиб-ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.
Она-Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналар ва таълим-тарбия ишига мутасаддиларнинг доимий ҳаракатлари ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Муҳтарам Президентимиз келаётган 2021 йилда айни йўналишда амалга ошириладиган ишларни қайд этиб, жумладан шундай дедилар: “2021 йил номида белгиланган соҳалар туб ислоҳ қилинади. Хусусан, мактабгача таълим соҳасини боғча ёшидаги ҳамма болани ушбу соҳага қамраб олиш режалаштирилган. Ушбу соҳага бюджетдан 600 млрд субсидия берилади ва хусусий сектор улуши 25%га етказилади. 
Мактаб таълими сифатини ошириш, муаллимларга яхши шароитлар яратиш режалаштирилган. Республикада 30та янги мактаб қурилади, бюджетдан 2 трлн сўм ажратилади. Болаларга ортиқча юклама бермайдиган миллий таълим дастурини яратиш вақти келди. 2021 йилда таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. 
Бошқа вилоятга бориб ишлаган ўқитувчига 100%, бошқа туманга бориб ишлаган ўқитувчига 50% устама тўланади”.
Биламизки, бола тарбияси ниҳоятда нозик ва жиддий – масъулиятли амал ҳисобланади ҳамда ота – она қўлида тарбият топган ўғил – қиз борки, у ота – оналарининг юзи бўлади, ори – номуси бўлади. Яхши тарбия кўриб, гўзал хулқ билан етишган фарзандларни кўрилганда унинг ота – онасини қанчалар мақталса, намуна деб кўрсатилса, ёмон муҳитда ўсиб, хунук тарбия кўрган ёҳуд ёмон амал, ёмон хулқли болаларнинг ота – оналари шунчалар изза ва уятга қолиб, ҳижолат чекадилар ҳамда улар номига раҳмат эмас, лаънат ёғилиши ҳам турган гап. 
Оилада, одоб-ахлоқ ва таълим-тарбияга эътибор қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган ибратли мақол ҳам айнан халқимизга хос. Мана шу мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғлик муҳим эканини билдиради. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган халқимиз.Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва таъсирчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. 
Фарзандга билим олиш учун шароит яратиш ҳам ота-онанинг вазифасидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм олиш ҳар бир мусулмон ва муслима учун фарздир”, деб марҳамат қилганларида, ўғил ва қиз фарзандларимизга илм олиш учун баробар шароитни таъминлаш кераклигини назарда тутганлар. Ёш авлод етук ва комил шахс бўлиб вояга етиши учун яна бир муҳим омил ҳаёт тарзига айланиши зарур. У ҳам бўлса “китобхонлик”. Бунинг учун юртимизда барча шароитлар яратилган. Оммавий, илмий кутубхоналар, “Айбук” тарзидаги китоб-кафе дўконлари ва бошқалар сўзимизнинг яққол мисолидир. Ота-она фарзандига вақтни унумли ўтказишни ўргатишида восита сифатида фойдаланиши мумкин бўлган усуллардан яна бири-замонавий ахборот технологияларидан оқилона фойдаланишдир. 
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мустаҳкам маънавий иммунитетли, ўзининг фикрларини равон айта оладиган, юқори марраларга эришувчан авлодни тарбиялаш учун ота-она, оила муҳити жуда катта аҳамият касб этади. 
Фарзандларимизга шундай тарбия берайлики, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллати, динига ва анъналарига содиқ бўлиб камол топишсин. Ҳукуматимиз томонидан бугунги кунда ёшларимизга яратилаётган имкониятлар, эртанги кунимиз порлоқ келажаги учун қўйилаётган тамал тошидир. Ёшлар тарбиясига эътибор, ўзимизнинг келажагимизга бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай фидоийлик билан ҳаракат қилмоғимиз лозим.
 
 
М. Қораев   - ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари